Бугунги қаҳрамонимиз эндигини 24 ёш арафасида бўлса-да анчайин машхур. Шунчалик машҳурки, мухлисларимиздан бири телефон қилиб шу қизнинг ҳаёти ҳақида ёзинглар, деди. Ҳа, хўп, дедик, иккинчи марта қўнғироқ қилди, яна майли, дедик. Ҳадеб унинг айтганини қилмаганимиздан сўнг қуйидаги СМСни олдик: «мени учинчи марта сўрашга мажбур қилманглар!». Хуллас, ашаддий мухлисимизнинг илтимосини ерда қолдирмаслик мақсадида бугунги қаҳрамонимизни Селена Гомес этиб тайинладик.
Онасининг қизи
Селена 1992 йил 22 июлда АҚШнинг Гранд-Прейри шаҳрида дунёга келди. Онаси Менди Корнет театр актрисаси, отаси Рикардо Гомес мусиқачи эди. Селена беш ёшга тўлганида унинг ота-онаси ажрашиб кетиб, кейинчалик бошқа-бошқа оила қуришади. Селена ёшлигини эсларкан, онаси билан йўл ёқасида кимдир бензин беришини кутиб туришларини гапиради. Актрисанинг айтишича, онаси ёқилғидан иқтисод қилган пуллари эвазига уни музей, аква-зоопаркларга олиб бораркан. Нима бўлганида ҳам Селена билан онаси кўпроқ опа-сингилга ўхшашлари рост. Буни суратлардан ҳам кўрса бўлади. Улар бир-бирларига нафақат ташқи кўринишидан, балки диди, фикрлаши жиҳатдан ҳам ўхшашдир. Улар, ҳатто, оёқ кийимни ҳам бирга кийишаркан, «...негаки ҳар доим бир хил кийинишни истаймиз, амма муроса қиламиз» – дейди Селена.
Туғилган кунга энг зўр совға – роль
Лос-Анжелесга кўчиб келгач, жажжи Селена онаси билан «съёмка»ларга борарди.. ва зерикарди. Зерикканида эса актёрларга тақлид қилиб, барчанинг эътиборини ўзиган тортишга ҳаракат қиларди. Олти ёшли Селена актриса бўлиш истагида эканлигини айтди-ю, онаси уни ўзининг кастингларига олиб бора бошлайди. Навбатдаги киносинов Селенанинг туғилган кунига белгиланди. Она-бола анъанавий тарзда туғилган кунни нишонлаш ўрнига юзлаб болалар келган кастингда навбатга туришди. Ўша куни Селенанинг бошига бахт қуши қўнди. Уни «Барни ва унинг дўстлари» сериалидаги Жианни ролига тасдиқлашди, шунингдек у кейинчалик энг яқин дугонасига ва машхур қўшиқчига айланажак Деми Ловато билан танишди.
Сеҳргарми ё жодугар?
Икки йилдан сўнг 2003 йили Селена «Шпион болалар 3: ўйин тугади» фильмида номсиз қаҳрамон ролини ижро этди. Ундан кейин Селенага Дисней киностудиясида суратга тушрилаётган «Ҳаммаси Тип-Топ ёхуд Зак ва Кодининг ҳаёти» сериалида кичик роль тегди. 2005 йили Чак Норрис билан бирга «Уокер, техаслик рейнжер: Олов билан синов» фильмида қатнашди. 2006 йил эса Селенага машхур «Ханна Монтана» фильмида ёвуз сеҳргар Микейлани тақдим этди, шу ва бошқа фильмларнинг саундтрекларини ижро этди.
2007 йили экранга чиққан «Веверли Плейсдаги сеҳргарлар» сериалидаги Алекс Руссо роли унга катта шуҳрат олиб келди. Энди у Дисней студиясининг етакчи актрисларидан бирига айланганди. Бироқ у ҳеч ким жиддий қарамайдиган, тузук назарига илмайдиган «Дисней-қизалоқлари» амплуасида қолиб кетмасликни ҳам эплади. Бугунга кунга келиб ёш актриса 30дан ошиқ фильм ва сериалларда суратга тушди, мультфилмларга овоз берди. Selena Gomez & the Scene гуруҳи билан 3 та ва 2 та якка ижродаги альбомни ва 30га яқин видеоклипларини мухлисларига тақдим этди.
Фестиваль, рекламалар ва қўлбола копток
2012 йили катта экранларга чиққан «Баҳорги таътил» фильмидан кейин кино танқидчилари Селенанинг ўсмир қиздан аёл актрисага айланганини таъкидлашди. Фильм ҳақида актрисанинг ўзи шундай дейди: «Бу фильмни Венеция халқаро кинофестивалида кўрсатилиши ва у ерга мени таклиф қилишганидан ҳаяжонга тушдим. Тақдирдан миннатдорлигимни сўз билан изҳор қилишим қийин...»
Селена рекламаларда ҳам тез-тез чиқиб туради, ўйинчоқларни ҳам, оилавий ресторанларни ҳам реклама қилган. Охирги йилларда эса машхур спорт кийимлари берендининг «юзи»га айланган.
Шунингдек, у дунёдаги ночор болаларга кўмак берувчи ЮНИСЕФ ташкилотининг аъзоси. Шу ташкилот томонидан ташкил этилган сафарларга кўпинча онаси билан боради. «Гана Республикасига борганимизда болакайлар пластик бутилкалардан копток ясаб тепишаётганини кўрдим. Бу уларнинг ягона ўйинчоғи экан. Қизиғи, болалар шунга ҳам хурсанд! Улар ниманидир ўрганиш, қандайдир таълим олиш имконияти пайдо бўлганидан севинишганини кўрсангиз эди. Ахир мен ўз вақтида уй вазифаларини бажаришни ёқтирмасдим, африкалик кичкинтойлар эса бу ҳақида орзу қилишади! Бундай сафарлар ҳақиқатан ҳам одамнинг кўзини очаркан».
Ва ниҳоят... Жастин Бибер!
Биласиз, машҳурлик ўзидан ўзи келмайди. Унинг ортида оғир меҳнат, тинимсиз издланишлар ётади. 20 ёшга етмай ҳақиқий «юлдуз», миллионер қизга айланган Селена (айнан шу пайтлари у 5та ётоқхона, 6та хаммом, бассейн, теннис корти, spa-ҳудудга эга қасрни икки ярим миллион долларга сотиб олганди)ни ҳам боши меҳнатдан чиқмади, десак адашмаймиз. Ҳаётнинг ҳар дақиқаси билан ҳисоблашишга ўрганган қизалоқнинг бекорчи ишларга, тенгдошлари билан вақт ўтказишга имконияти йўқ эди, йигитлар билан учрашишни гапирмасак ҳам бўлади. Хўш, Селена ҳаётидаги энг катта муҳаббати – ўсмирларнинг севимли қўшиқчиси, актёр Жастин Бибер билан қандай танишди деб ўйларсиз? Бунинг жавоби жуда жўн, аслида. Гап шундаки, Жастин Бибер ёш актрисанинг шайдоси эди. Буни билган унинг менежери ёшларни таништириб қўйишга қарор қилади. Бу унинг менежери томонидан ўйлаб топилган промо акция бўлиб, икки «юлдуз»нинг севгиси ҳақида папараццилар, мухлислар ва бутун шоу-бизнес вакиллари дунёга жар солиши керак эди. Шундай бўлди ҳам.
Келишилган муҳаббат
2010 Бибернинг менежери ва Гомеснинг онаси келишиб, ҳаракатчан, юқори чўққиларни забт этиш иштиёқидаги ижодкорларни дўстлаштиришди. Ёшлар бир йил давомида бир-бирларини синаб юришганидан кейин 2011 йили илк бора Оскар тақдимотига биргаликда келишди. Энди уларнинг муҳаббатига, ҳақиқий жуфтлик эканига ҳеч ким шубҳаланмасди. Селена ҳам Жастин ҳам интервьюларда улар бир кўришдаёқ бир-бирларини ёқтириб қолишганини айтишар. Жастин қизнинг гўзаллиги, очиқ феъли, ёқимтойлигига ошиқ бўлган бўлса, Селена йигитнинг ўтли нигоҳи, унга бўлган муносабати ва, албатта, қўшиқларига мафтун бўлганди. Жастин Бибер Селенанинг ҳаётини эртакка айлантирар, ундан ҳеч нарсани аямасди: романтик учрашувлар, қимматбаҳо тақинчоқлар, дуёнинг энг гўзал гўшаларига дам олгани таклиф этарди. Айтиш жоизки, улар бирор марта ҳам бошқа «юлдуз»лардан фарқли равишда махсус уюшитирлган машмаша ва жанжаллар қилишмади, ОАВ вакилларини жалб этиш учун турли «ўйин»лар кўрсатишмади.
«Севгимиз ўлдими?..»
Бироқ ёшларнинг муҳаббати икки йилдан ортиқ чўзилмади. Нега, дейсизми? Сабаби оддий. Икки санъаткорнинг менежерлари ҳали улар турмуш қуришга ёшлик қилишади, деб ҳисоблашишди. Ахир воқеа айнан шундай ривож топиши кутилаётганди-да. Бибернинг продюсерлари фикрича, у муҳаббатга сарфлайдиган вақтини карьерасини ривожлантиришга сарфлаши масадга мувофиқ эмиш. Ҳақиқатан ҳам Бибер билан Селена танишишган пайтда йигит 16, қиз эса 18 ёш эди-да.
Улар энди учрашишмаяпти. Шундай бўлса-да, Бибер сообиқ севгилиси Селенага нисбатан ҳали ҳам илиқ туйғуларни сақлаб қолганини айтади: «Мен унинг ҳозирда қандай ютуқларга эришаётганини кўриб, ғурурланаман. Агар жуда қаттиқ севсангиз, муҳаббатингиз ажрашганингиздан кейин ҳам ўлмас экан». Селена эса энди Жастин билан ўрталарида дўстликдан бошқа нарса йўқлигини таъкидламоқда: «Ростини айтсам, ундан чарчадим. Менга соғлик ва бахт тилайман, аммо унинг ёнида бўлолмайман. Уни қўллаб-қувватлайман. Ҳалигача у хафа бўлса, кайфиятим тушади, у қувонса, хурсанд бўламан. Унга ёмонлик тиламайман. Агар ҳаётида бирор ёмон воқеа юз берса, менинг қам қалбим яраланади. Шу холос».
Назокат АБДУҚУНДУЗОВА тайёрлади.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади