21:13 / 13.12.2017
15 476

Юлдуз Усмонова – сабри синовда тобланган эл севган ҳофиза 54 ёшни қаршилади (Фото)

Юлдуз Усмонова – сабри синовда тобланган эл севган ҳофиза 54 ёшни қаршилади (Фото)
12 декабрь санасини ўзбекистонлик санъат шинавандалари, хусусан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг мухлислари бошқача қаршилайдилар. Боиси шу куни қўшиқлари билан миллионлаб оилаларга, кўнгилларга кириб борган, улардан ўз ўрнини топган хонанда, эл суйган санъаткор Юлдуз Усмонова таваллуд топган.

Кеча, 12 декабрь куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 54 ёшни қаршилади. Хонанда таваллуд айёмини Тошкентдаги уйида оиласи, дўстлари, ижодий жамоаси, санъаткорлар ва шогирдлари даврасида нишонлади.


Хонанданинг таваллуд айёмига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлуда Асалхўжаева, Обид Асомов, қизиқчилар Ўткир Муҳаммадхўжаев, Шукурилло Исроилов, хонандалар Улуғбек Отажонов, Манзура Йўлдошева, Шаҳзода, Динейра, актрисалар Шаҳзода Матчонова, Ҳалима Ибрагимова, тележурналистлар Насриддин Асриддинов, Отабек Тожибоев ташриф буюрди.

Санъаткорнинг шахсияти, унинг шахс сифатида жамиятда тутган ўрни, сўзи, қарашлари, фикрлаши, ҳақида гап кетганда, шубҳасиз Юлдуз Усмоновани мисол тариқасида келтириш мумкин. Тўғри, у шартаки, ўйлаганини гапириб, ҳақиқатга тик боқадиганлардан ва бу ҳақиқатдан қўрқмайдиганлардан. Шу боис ҳам унинг бугунгача келиши осон кечгани йўқ. Топишлар эвазига бой берилган йўқотишлар, ҳаёт зарбалари, чекловлар Юлдузни тоблади, сабрини синовдан ўтказди. Халқни унга қанча соғинтирган бўлса, уни ҳам халққа шунча соғинтирди. Ҳар икки тарафга қадрини, қийматини кўрсатди. Юлдуз 10 йил телевидениеда кўринмади, радиоларда қўшиқлари жаранг сочмади. Бироқ уни унутмадилар, қўшиқларини қидириб эшитдилар, керак бўлса хориждаги концертларига йўл босиб бордилар. Бир санъаткорнинг халқ орасида топган обрўси, эътибори шунчалик бўлар. Ё бу қадар меҳр муҳаббатга эришган бошқа ўзбек хонандасини биласизми?

Юлдузни кўкка кўтаришдан йироқмиз. У ҳам хатолардан холи эмас. Айби – бироз тили ўткирлиги, ичига ютолмаслиги, гап келганда аямаслигида. Бу – камчиликми ё ютуқ, буниси бизга қоронғу.

Юлдуз Усмонова ижодида 2016 йилдан буён янги давр бошланди. 2016 йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида у катта саҳналарга қайтди. 10 йиллик йўқотишдан сўнг яна Юлдузни, Юлдузимизни топдик. Энди у янада тобланган, янада куч-ғайратга тўлган.

Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновани таваллуд топган куни билан муборакбод этиб, унга соғлик ва ижодий парвозлар тилаймиз!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонова – сабри синовда тобланган эл севган ҳофиза 54 ёшни қаршилади (Фото)