12:24 / 14.01.2018
9 713

Шерали Жўраев: "Кассада йўқ, лекин киссада бор билетлар!?..."

Шерали Жўраев: "Кассада йўқ, лекин киссада бор билетлар!?..."
Уч кун аввал бир танишим қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг концертига чипта сотиб олиб қўйишимни қайта-қайта илтимос қилди. Олисдаги ошнамнинг сўзини ерда қолдирмай деб “Истиқлол” санъат саройига йўл олдим.
Санъаткорлар сурати туширилган баннерларга қараб баҳор келишигаям оз қолди деган ўй кечди хаёлимдан. Санъат саройининг кассасига яқинлашар эканман, “Билет оламиз”, “Билет сотамиз” деган шовқиндан бу ерга баҳор ҳавосини туйиш учун эмас, чипта сотиб олиш учун келганимни ўзимга-ўзим эслатдим.

Кассадан асабийлашиб чиқиб келган эллик ёшлар чамасидаги амакига кўзим тушди. У кишидан вазият қандайлиги ҳақида сўрадим:
— Ака, кассада чипта қолмаганми?
— Э, нимасини сўрайсиз, ука?! Ўзим Тошкентга тижорат баҳонасида тез-тез келиб тураман. Аёлим ва икки қизимга Шерали ҳофизнинг концертига олиб бораман деб ваъда бериб қўйган эдим. Уч йил аввал ҳам Озодбек Назарбеков концертига чипта тополмасдан, ноилож қўлдан олиб кетганман. Бу сафар ҳам ўша аҳвол. Касса нархи қимматлиги етмагандай, аллақачон тугаб ҳам улгурибди. Ана ташқарида юрган аёллардан сўранг, аслида юз минг турадиган чипталарни 300-350 минг сўмдан оласиз. Олд қаторларни 600-700 минг сўм деб туришибди. Ҳисоблаб кўрсам, концертга водийдан оилавий келиб-кетишимизга бир ойда топадиган даромадим етмас экан...

Тўлиқроқ ишонч ҳосил қилиш мақсадида кассага бордим. Сотувчидан чипталар нега кўчада сотиляпти, сизлар эса қолмаган деб ўтирибсизлар, кассада тугаганига қанча бўлди, деб сўрадим. Жавоб кескин бўлди:
— Билет йўқ, бошқасини билмайман...
Концерт ташкилотчиларининг телефон рақамига қўнғироқ қилдик. Уларнинг таъкидлашича, чипталарга белгиланган нарх Шерали Жўраевнинг ҳақиқий мухлислари учун қимматлик қилмайди. Фақат ўз юртимиздан эмас, Қозоғистон ва Россия каби хорижий давлатлардан ҳам чипта сўраб юзлаб қўнғироқлар бўлаётган экан, уларнинг бирортаси нарх бўйича эътироз билдиришмабди...

Касса ёнида йигирма дақиқача кузатдим. Суюкли ҳофизнинг концерти учун билет сўраб келаётган одамларнинг деярли қадами узилмади. Икки йигит билан гаплашиб ташқарига чиқдик, чайқовчилар ёнига бордик. Ўзини Наргиза деб таништирган аёлдан олдинги қаторлар нархини сал кам менинг ойлик маошимга тенглигини эшитиб, тўғриси, оғзим очилиб қолди. Сал нарида турган киши чипта борлигини айтиб чақирди. Ўзини Беҳзод деб таништирган акадан таваккалига “йигирмата керак” деб сўрадим. Ҳайрон қолганим, чайқовчиларнинг бирортасидан “йўқ, топиб бўлмайди” деган гапни эшитмадим...

Оддийгина таҳлил қиладиган бўлсак, энг кам ойлик иш ҳақи ¬ бир юз етмиш икки минг сўм, икки соатлик концерт учун чипта эса бунақа маошдан икки-учтаси керак бўлади. Шерали Жўраевнинг концертига Сурхондарё ёки Қорақалпоғистондан икки киши келадиган бўлса, йўл кира харажатлари ҳам қўшилиб қанчага тушишини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.
Олисдаги ошнамга қўнғироқ қилиб, шу гапларни айтган эдим, чуқур хўрсиниқдан кейин алоқа узилиб қолди. Нима бало, қўл телефонининг қуввати тугадимикан...
Элбек ШОЙИМ

Манба: Dia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шерали Жўраев: "Кассада йўқ, лекин киссада бор билетлар!?..."