17:40 / 18.01.2018
12 092

Шаҳзода Муҳаммедова: "Турмуш қуриш вақти келди. Совчилар жуда кўп. Лекин…"

Шаҳзода Муҳаммедова: "Турмуш қуриш вақти келди. Совчилар жуда кўп. Лекин…"
— Шаҳзода Муҳаммедова ҳеч тиним билмайдиган, кечаси билан ҳам ижод қиладиган инсон, дейишади. Хўш, бугун қандай ижодий янгиликлар арафасидасиз?
— Ижодий янгиликларим жуда ҳам кўп. Хабарингиз бор, Туркияда бўлиб ўтган модалар намойишида иштирок этдим. Энди Германияда ҳам ўз либослар тўпламимни намойиш қилмоқчиман. У ерга янги коллекция билан бориш ниятим бор. Бу дизайнерлик соҳамга доир янгилик.

Кино соҳасига келсак, тез кунларда режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган «Асал ойи» фильмининг премьераси бўлиши кутилмоқда.

Қолаверса, бошловчилик соҳамда ҳам янгиликлар йўқ эмас. «MY5» телеканали билан ҳамкорликда муаллифлик кўрсатувимни ташкиллаштирдик. У «Fashion time» деб номланган кўрсатув бўлиб, унда таниқли санъаткорларимизга либос тикиш баробарида, телетомошабинлар ательемизнинг иш жараёнига ҳам гувоҳ бўлишади.

— Консервоаторияда ўқиш орзуси нима бўлди?
— Қўшиқ куйлаш ниятидан ҳозирча қайтдим, десам ҳам бўлади. Маълумки, қўшиқ ёзиш катта маблағ талаб қилади. Айни дамда ортиқча маблағим йўқ, ҳомийлар билан ишлашга эса хоҳишим йўқ. Консерваторияга кириш орзусидан ҳам ҳозирча воз кечдим…

— Ўзингизни яна қайси соҳада синаб кўргингиз келади?
— Ҳайкалтарошликка қизиқаман. Умуман олганда, қўл меҳнатини жуда ҳам яхши кўраман. Торт пиширишга, тўғрироғи, уни мастика билан безатишга иштиёқим бор. Чехияга борганимда жуда кўп ипли қўғирчоқларга гувоҳ бўлдим. Менда ҳам миллий либосларимизни кийган ипли қўғирчоқлар ясаш истаги туғилди.

— Турмуш қуришнинг вақти келмадими? Балки, машҳурлигингиз оила қуришингизга халақит бераётгандир?
— Турмуш қуриш вақти келди. Совчилар жуда кўп. Авваллари ҳечам учрашувларга чиқмас эдим, энди секин-секин чиқишни бошладим. Лекин шошилмаяпман. Ўйлаб, гаплашиб, бир-бирини танигандан сўнг қарор қилиш керак, деб ҳисоблайман.

— Турмуш ўртоғингиз «Тўйдан сўнг уйда ўтирасан деса», нима қиласиз?
— Айнан шу нарсанинг олдини олиш мақсадида бўлажак турмуш ўртоғим билан олдиндан бу ҳақда гаплашиб оламан. Агар шунда ҳам тўйдан сўнг ишлашимга қаршилик билдирса, унда ҳеч бўлмаганда дизайнерлик ва бошловчилик соҳасидаги фаолиятимни давом эттиришга кўндираман.

— Келинлик либосингизни ҳам ўзингиз тикасизми ёки чет эл дизайнерлари маҳсулотига ишонасизми?
— Келинлик либосимни ҳеч кимга ишонмайман. Ўзим тикаман. Қандай бўлиши ҳақида ҳозирдан ўйлаб ҳам қўйганман.

— Кўп шоу-бизнес вакиллари иккиюзламачилик кўплигидан нолишади. Сизнинг фикрингиз…
— Бу ҳақиқат. Мен ҳам бу нарсадан нолиб тураман. Лекин самимий инсонлар ҳам йўқ эмас. Масалан, дугонам Муқаддас Саъдуллаева, Дилноза Кубаевани жуда ҳам яхши кўраман. Актёрлардан Адиз Ражабов, Улуғбек Қодировларни ҳурмат қиламан.

— Қайси жанрдаги фильмда роль ижро этиш сиз учун осонроқ? Комедиями ёки драма?
— Ҳар иккала жанрда ҳам роль ижро этавераман. Лекин йиғлайдиган саҳналар мен учун сал қийинчилик туғдиради. Режиссёрдан бироз вақт сўрайман. Ўзимни руҳан тайёрлайман.

— «Асал ойи» фильмини суратга олиш жараёнида партнёрингиз билан келишмовчиликлар бўлганми?
— Албатта, тушунмовчиликлар бўлиб туради. Бундай вазиятда режиссёрнинг ўрни жуда муҳим. Режиссёр керакли йўлни топиб, икки актёрни яраштириб қўйишга ҳаракат қилади.

— Илк маротаба қўлингизга игна олганингизни эслай оласизми?
— Беш-олти ёшларимда бўлса керак. Ўртоқларим билан ўйнаб, қўғирчоқларга кўйлаклар тикардим. Ҳаттоки дугоналаримни ҳам тикишга мажбур қилардим. Катталар учун эса илк бор 14 ёшимда либос тикканман.

— Биринчи марта қайси таниқли инсон учун либос яратгансиз?
— Илк маротаба, адашмасам, хонанда Зиёда учун либос тикканман. Кейинчалик Дилфуза Раҳимова, Сайёра Қозиеваларга тикканман.

— «Мода России — 2017»да ҳам иштирок этдингиз. Зайцев билан учрашдингиз. Таассуротларингиз?
— Тўғрисини айтсам, Вячеслав Зайцев фақат ҳакам бўлиб ўтиради, деб ўйлаган эдим. У билан яқиндан танишишим мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаган эди. Лекин шунча дизайнерлар ичида фақат менга ҳайкалчани ва дипломни шахсан ўзи топширди ҳамда «Магистр» деб номланган китобини совға қилди. Жуда ҳам машҳур дизайнер бўлишига қарамай, ўта камтарин инсон экан.

— Пойтахтимизда ҳар йили «Тошкент мода ҳафталиги» бўлиб ўтади. Нега сиз ўз коллекциянгиз билан ҳеч иштирок этмагансиз?
— Чунки ҳозиргача бундай таклиф тушмаган. Агар таклиф қилишса, албатта, иштирок этаман.

— Яратган либосларингизда жуда ҳам кўп мато ишлатасиз. Сабаби?
— Тўғри, оқшом либосларига жуда кўп мато ишлатаман. Оддий кундалик либослардан фарқ қилишини, ҳашаматли кўринишини хоҳлаганим бунга сабаб бўлса керак.

— Янги йилда қизларимиз учун дизайнер сифатида маслаҳатларингиз…
— Бу йил қизларга тилла ва кумуш рангдаги либосларни тавсия қилган бўлардим. Яна майин патлар ҳам урфга кирган. Қора ранг либос кийган тақдирида шу рангдаги аксессуарлардан фойдаланишни маслаҳат бераман.

— Сиз севган ўзбек фильми?
— «Келгинди келин», «Келгинди куёв», «Супер келинчак», «Ичкуёв» фильмларини доим мароқ билан томоша қиламан.

— Қайси режиссёр билан ишлаш маъқул сизга?
— Жаҳонгир Аҳмедов билан. Ҳам устозим, ҳам жуда яхши инсон.

— Армонингиз борми?
— Отамни эрта йўқотганим менинг армоним.

— Кино ёки мусиқа…
— Мусиқа. Кўп мусиқа тинглайман. Кинони камроқ кўраман.

— Кўп ишлайсиз, аммо доим яхши кўринишдасиз. Гўзаллигингизнинг сири?
— Тўғрисини айтсам, ҳеч қандай парвариш қилмайман. Лекин парвариш қилиш керак, деб ҳисоблайман.

— Раъно Шодиева, Райҳон Уласенова, Дилноза Кубаева?
— Дилноза Кубаева энг яхши кўрган актрисам. Инсон сифатида ҳам, актриса сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. Жуда ҳам самимий аёл.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шаҳзода Муҳаммедова: "Турмуш қуриш вақти келди. Совчилар жуда кўп. Лекин…"