Бу актриса айни кунларда юртдошларимиз томонидан томоша қилинаётган сериаллардан бири «Севги изтироби» даги Ниҳон ролини ижро этган. Одатдагидек, «Севиб томоша қилинаётган» демаганимизнинг сабаби эса картинага одамларниннг турлича фикр билдираётганидадир. Кимдир бу эркак ва аёл ўртасидаги чин, чексиз муҳаббат қиссаси деса, кимдир эрли аёлнинг бошқа бировдан кўнгил узолмай юришини қоралаяпти. Нима бўлганда ҳам Ниҳон образи муштарийларни бефарқ қолдирмади. Демак, шу образни яратган актриса Неслихон Отагул ҳақида гаплашамиз.
«Ёшлигимдан актриса бўлишни истардим»
Неслихон 1992 йили 20 августда Стамбулда туғилган. Отаси бутун умр ҳайдовчилик қилган, онаси эса уй бекаси бўлиб, ўзини фарзандлари тарбиясига бағишлаган. Неслихоннинг ўзидан етти ёш катта Илкай исмли акаси ҳам бор.
«Ота-онам кино оламидан йироқ одамлар бўлишса-да, биз учун истаган нарсамизни махлиё қилишар, орзуларимиз рўёбга чиқишида қўлларидан келганча ёрдам беришарди», деб хотирлайди актриса.
Қизалоқ саккиз ёшидаёқ актриса бўлишга қарор қилади ва бу ҳақида отасига айтади. 13 ёшида эса онаси билан турли кастинглар ва мода агентликларига бора бошлайди. Кўзга яқин қизалоқ бу соҳа вакилларини эътиборини тортади, «Valenza Kids», «Tofita», «Süta» каби таниқли брендлар рекламасидан қатнашишга таклиф этишади.
Мақсади сари қатъият билан ҳаракат қилган Отагулнинг ҳаракатлари натижа беради – 2006 йили биринчи марта кинода суратга тушади. «Биринчи муҳаббат» фильмидаги дебют роли учун у «Олтин пилла» кинофестивалида умидли ёш актриса сифатида мукофотланади. Театр институтида маҳоратини сайқаллашни бошлагунига қадар «Хазонрезги» сериалида ҳам иштирок этишга улгуради. Бу сериалда у 14 ёшидан суратга тушишни бошлаган бўлса, сериал туагаганида 18 яшарли бўйи етган қизга айланганди. Неслихон бутун мамлакатнинг кўз ўнгида катта бўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Сериал сўнгида консерваторияга ўқишга кириб, ҳам ўқир, ҳам суратга тушарди.
Шампунлар қироличаси
Дарвоқе, гўзал актрисамизнинг реклама контрактларидан топган даромади кинога бериладиган гонорарлардан кам эмас. Машҳур шампунь маркасинининг «юзи» бўлгани учун 284 минг АҚШ доллари олган бўлса, спорт кийимининг рекламаси унинг даромадларини тахминан 342 минг АҚШ долларига оширди.
Юлдузли жуфтлик
Бир йил аввал эса актриса «Стамбулнинг икки юзи» сериалидаги партнёри Қодир Доғулига турмушга чиқди. Бу оддийгина ишдаги ишқ эди: улар севишганларнинг ролини ўйнаб, кинодаги ҳиссиётлар ҳаётга ҳам ўтганини сезмай қолишди. Сўнг Босфор қирғоғида 200 кишилик чиройли тўй қилишди, ёшлар қувноқ рақслари билан меҳмонларни зериктиришмади. Келин тўйда машҳур брендлардан иккита келин кўйлагини кийди.
«Бутун умр бирга ҳаёт кечиришни истайдиган инсонни топганингда ҳар кунинг чексиз бўлишини истаркансан» деб ёзганди Қодир Доғули тўй арафсида ижтимоий тармоқларга.
2015 йили унаштирилиб, бир йилдан кейин тўйи бўлган куёв билан келин шунчалик машҳур эдиларки, тўй суратини никоҳ базми кечасининг ўзидаёқ икки миллион киши томоша қилган.
Тўйдан сўнг аксарият актрисалардан фарқли ўлароқ Неслихон эрининг фамилиясига ўтди. Суюкли ёрининг унинг муҳаббатига бирор шубҳаси бўлмаслиги учун эса лабининг ички қисмига унинг исмининг бош ҳарфини тиғ билан ўйиб ёздирди.
Неслихон Қодирни жондан ортиқ севишини яширмайди, Қодирнинг ҳам муҳаббати чин эканига шубҳа йўқ. Балки уларнинг тақдирлари ўхшашлигидандир, ҳаммаси. Гап шундаки, Қодир камбағалгина, кўп фарзандли оилада дунёга келган бўлиб, ёшлигидан рўзғорга қарашиб вояга етди. Сув ташиш борми, велосипед тузатишми – барини қилар, орзуси бармен бўлиш эди. 17 ёшида эса пойтахтга кетиб, орзусини амалга оширди – бармен ва ошпазликда ўзини синаб кўрди. Тузукроқ иш топишига кўзи етмай, энди шаҳрига қайтиб кетмоқчи бўлганида бўйи баланд, қадди-қомати келишган йигитни моделлик агентларидан бирига таклиф қилишди ва у шу соҳада муваффақият қозона бошлади. У ёғига кино индустриясига киради...
«Севги изтироби» дан ташқаридаги изтироблар
Бу сериалдаги роли билан шундоқ ҳам машҳур-у маълум актриса янада эл оғзига тушди. Кинонинг оммалашишида «Муҳташам юз йил» да Балибей ва «Чолиқуши» сериалида Камрон роллари билан танилган, Туркияда мега-юлдуз саналмиш Бурак Озчивитнинг бош қаҳрамонни ижро этиши сабаб бўлганди. Аммо айнан шу актёр билан Неслихонда муаммолар туғилди – у шериги билан чиқиша олмай қолганди.
Бошида ҳаммаси тузуккина эди, оилавий борди-келди қилигандек ҳам бўлишди. Бурак билан Қодир «Истамбулнинг кичик сирлари» сериалида суратга тушишгач қадрдонлашиб ҳам қолишганди-да. Аммо Озчивит билан Атагул ўртасида муҳаббат борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганида (ахир бир-бирига нисбатан ҳеч нарса ҳис қилмай туриб, кадрда бундай кучли муҳаббатни ижро этиш мумкинлигига ҳеч ким ишонмасди-да), бу куёв тўрага маъқул келмади. Қодир рашк қила бошлади. Бунинг устига бир сафар Неслихон билан Бурак сценарий бўйича бўса олиш саҳнасини ижро этишаётганида Қодир тасодифан суратга тушиш майдончасига келиб қолади. Догулига Озчивит ҳаддан ташқари эҳтирос билан ҳаракат қилаётгандек туюлади-ю, ўша-ўша келинпошшага суратга олиш майдонидан ташқарида Бурак билан учрашишни тақиқлаб қўяди.
Бу бутун суратга олиш гуруҳининг ишини мураккаблаштирганди. Бош қаҳрамонларни жуда зарур, бошқачасига олиб бўлмайдиган кадрлардагина бирга суратга туширишарди. Қолган саҳналарни эса уларни алоҳида суратга тушириб, кейин монтажда «ёпиштиришарди».
Мана шу вазиятларни инобатга олиб, Неслихон билан Қодир тўйларига Озчивитни таклиф қилмадилар. Эвазига шу йил ёзда актриса Фаҳрия Эвжанга уйланган Бурак ҳам уларни тўйга чақирмади. Ана сизга ҳақиқий шарқона муносабатлар!
Тўрт девор орасида...
Неслихон ишсиз ўтирмайди, шу боис уйда бўладиган кунлари ҳам кўп бўлмайди.
«Кўпинча Қодир билан дам олиш кунларимиз бир кунга тўғри келмайди. Шу боис уйда бўлиб қолган вақтимизни бирга ўтказишни истаймиз. Аммо муаммо шундаки, мен клаустрофобияга чалинганман – тўрт девор орасида узоқ қолсам, ваҳимага тушавераман. Истасак-истамасак, бирор ерга айлангани чиқишимизга тўғри келади. Қаерга боришимизнинг аҳамияти йўқ, муҳими савдо марказларига бормасак бўлди. Негаки, дўконларда ўзимни тўхтатолмайман, магазин пештахталарини бўшатмагунимча тинчимайман. Кийимдан ташқари қора кўзойнакка ҳам ўчман, кўрганимни оламан».
Аслида, Неслихон оддийгина кийинади, шунчаки, кийим-кечаклардан кўра кўзойнакларни кўпроқ алмаштиради, холос.
Актриса ошхонада бирор егулик пиширишни ёқтиради – муҳими картошка билан гўшт бўлса, бас. Бувисининг картошкали таомларини еб катта бўлган қиз-да. Шу икки масалиққа унинг ишқи ўзгача бўлгани боис, ортиқча калорияларни эритиш учун йога, сузиш ёки пилатес билан шуғулланади.
«Ҳаёт қисқа, – дейди у, – шу боис ўзимни ҳаётнинг лаззатларидан мосуво этгим келмайди. Оч ўтиргандан кўра, сал кўпрок машқ қилиш мумкин».
Бўш вақтларида актриса китоб ўқишни, фильмлар томоша қилишни ва расм чизишни ёқтиради.
Неслихоннинг ҳаётдаги мақсади – онасининг у билан ғурурланишини кўриш. Актрисанинг айтишича, онасининг ниятларини амалга ошириш учун барча вазифаларни имкон қадар яхши бажаришга ҳаракат қилган. «Ишларимни уддалаганим чоғларим ўзимни бахтли ҳис қиламан. Мен қадамма-қадам ўз мақсадларим сари интилдим ва ниҳоят юқори марраларни эгалладим», дейди актриса.
Қисқа суҳбат
– Ёшлигингизнинг экранда ўтгани сизга қандай таъсир этган?
– Бундан қийналмаганман. 13 ёшимдаёқ ўзимга сўз берганман: «Ҳамиша ўзлигингни сақлаб қоласан!» деб. Шунга амал қилганман. Мен учун яхши одам бўлишим жуда муҳим.
– Мода ҳақида гапирганингизда қимматбаҳо кийимлар киймаслигингизни ва сўнгги русумдаги телефонлар аппаратларидан фойдаланмаслигингизни айтгандингиз. Нима учун?
– Истеъмол қилиш ҳаётимиз асосига айланган. Истеъмол ҳамма нарсани – муносабатлар, тараққиёт, ҳаётнинг ўзини эгаллаган. Биз бу ҳаётда нима муҳим ва қадрли эканини билмаймиз, шунинг учун оддий нарсалардан лаззатланишни унутганмиз.
– Аммо қўлингизда смартфоннинг охирги нусхаси турибдику?
– Нима ҳам қилардим. Мен ҳам жамият қоидаларига риоя қилиб яшайман. Аммо моданинг ортидан ростдан ҳам қувмайман. Назаримда, одамларнинг ўз диди қолмагандек ёки бошқаларга ўхшамасликдан қўрқишади.
– «Севги изтироби» даги қаҳрамонингиздек ҳиссиётларга берилувчанмисиз?
- Ҳа, жуда эҳтирослиман. Мен ҳам тўлиб-тошиб яшайман.
Манба: Darakchi.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)