date
views 8 484

Хайрулло Ҳамидов шеъри: "Ўргандим"

Хайрулло Ҳамидов шеъри: "Ўргандим"
Кўк тафтига бўйламоқни
Минорлардан ўргандим,
Мангуликни ўйламоқни
Чинорлардан ўргандим.

Бағри дилим қонга тўлса,
Тишларимни жим босдим,
Дардларимни жамламоқни
Анорлардан ўргандим.

Уммонларга кўмилган дур
Шувиллайди, билмаймиз,
Ҳар сирини фош этмакни
Анҳорлардан ўргандим.

Зулматларда қолсам ҳамки
Тонгни кутдим соғиниб,
Гулламакни қишни енгган
Баҳорлардан ўргандим.

Дард қўзғаса, табибларга
Бормакдин чора қайда –
Саломатлик сирларини
Беморлардан ўргандим.

Юлдузларнинг рақсин кўрмас
Тун қўйнида ухлар зот,
Таважжуҳ руҳиятини
Бедорлардан ўргандим.

Хайрулло дер, бахт ўткинчи,
Синовлар дарс бергувчи,
Шодликка элтар сабоқни
Озорлардан ўргандим.

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Хайрулло Ҳамидов шеъри: "Ўргандим"