00:15 / 19.02.2018
8 301

Эртанги куннинг юлдузлари

Эртанги куннинг юлдузлари
Болливуднинг катта авлодига муносиб янги авлод шаклланиб келяпти. Юлдузларнинг бирданига бир неча фарзанди кинода фаолиятини бошлади. Хўш, қайси машҳурларнинг болалари яқин кунларда катта экранни “тўлдиради”?

Сара Али Хон: Кутилмаган қарор
24 ёшли Сара Али Хоннинг – Саиф Али Хон ва Амрита Сингхнинг қизининг — дебюти Абхишек Капурнинг “Кедарнатх” (“Kedarnath”) саргузашт фильмида амалга ошди. Фильмнинг тақдимоти шу йилнинг декабрь ойи охирида бўлиши мўлжалланган. Катта кинокартинадаги биринчи роль — ҳар доим актёр учун жиддий имтиҳон, аммо Сарани қўллаб-қувватловчилар кўплигини инобатга олсак, бу унинг учун у қадар мураккаб вазифа бўлмаган деб ўйлашимиз мумкин. Қизининг ижодий дебюти ҳақида гапираркан, Саиф шундай деди: “Сарага жуда кўп маслаҳат бердим. Энг аввало, мен ўзига нисбатан ҳақгўй бўлишни ва ўзига хос жиҳатини – уни бошқалардан фарқлайдиган жиҳатни топишга уринишни маслаҳат бердим. Менимча, у нимани назарда тутганимни тушунди. Сара доим актриса бўлишни истарди, умид қиламанки, у бу соҳада катта ютуқларга эришади. Тўғри, қизим учун қаттиқ ташвишланяпман, чунки актёрлик иши – руҳиятни жароҳатлайдиган жуда оғир иш. Тўғрисини айтсам, мен Сара ўзини бошқа, одатий соҳага бағишлашига умид қилгандим, ахир у жуда яхши таълим олган, аммо қизим бошқача қарор қабул қилди”.

Сара Али Хон фильмда Сушант Сингх Ражпут ўйнаётган бош қаҳрамоннинг севгилисини ўйнайди. Кинокартина сценарийи аввалдан унга мослаб ёзилди. 2013 йилда Саиф Сушант билан ҳамкорлик қилган эди. Сара “Kedarnath” жамоасига анча кейин қўшилди. Бошловчи актрисанинг оиласи унинг иштирокига дарров розилик бермади. Суратга олиш ишлари жадвали жуда тиғиз эди, шу боис дебютант актриса жадал суръатда ишлашга мажбур бўлди. Шунга қарамай, Сара актёрлик маҳорати курсларига қатнашга ва янги дугоналари бўлмиш Малаика Арора Хон ҳамда Нимрат Каур билан мулоқот қилишга вақт топди.

Жханви Капур: “ Қайси бола кинода суратга тушишни истамайди?!”
Киноюлдуз Шридеви ва продюсер Бони Капурнинг тўнғич қизи – 20 ёшли Жханви Капур Болливуд оламида Сара Али Хонга жиддий рақиба бўлиши кутиляпти. Соҳибжамол Жханвининг машҳур онаси изидан бормоқчилиги ҳақида кўпдан бери миш-мишлар юрарди. Ҳамма афсонавий сулола давомчиси қайси кинолойиҳада фаолиятини бошлашини ўзича тахмин қиларди. Ниҳоят, маълум бўлди: қаҳрамонимиз Каран Жохарнинг “Dhadak” фильми – “Ёввойи” (“Sairat”, 2016) суперхитининг ремейкида суратга тушмоқда. Жханвининг ижодий ҳамкори Ишан Кхаттар – машҳур Шаҳид Капурнинг укаси бўлади. Бу Мадхур – паст табақага мансуб йигит ва Пари – олий табақага мансуб қизнинг муҳаббати ҳақидаги драматик қисса. Бошловчи актрисанинг онаси, Шридеви журналистларнинг қизининг актриса бўлиш истаги ҳақидаги саволларига шундай деб жавоб қайтарди: “Қайси бола кинода суратга тушишни истамайди?! Буни ҳамма болалар орзу қилади. Бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо актёрлик – енгил касб эмас. Агар улар уринишга тайёр бўлса, нега йўқ дейишим керак?”

Киноюлдуз қизига фақат битта маслаҳат берди: ҳафсала билан ва виждонан меҳнат қилиш. Чукни ҳар қандай касб фидойилик ва меҳнатсеварликни талаб қилади. Шридевининг айтишича, Жханви худди шундай қиз – сабрли, тиришқоқ ва жуда интилувчан – у ҳамиша нимани хоҳлаётганини билади.

Ишан Кхаттар: Илк профессионал мукофот
Болливуд юлдузи Шаҳид Капурнинг укаси, актриса Нилима Азим ва актёр Ражеш Кхаттарнинг ўғли, 22 ёшли Ишан Кхаттарни дебютант демаса ҳам бўлади, чунки у болалигида кинода суратга тушишга улгурган, аммо чинакамига актёрлик фаолиятини бошлаганига кўп бўлмади. Ўтган йилнинг ноябрида Ишан Туркияда ўтган Халқаро Босфор кинофестивалида энг яхши актёр сифатида мукофотланди. Ёш актёр нуфузли мукофотга 2017 йил октябрда тақдимоти бўлган “Beyond The Clouds” фильмидаги бош роль туфайли эришди. Ишаннинг айтишича, у бу муваффақияти учун кинокартина режиссёри Мажид Мажидий – ажойиб уста ва жуда яхши инсондан қарздор. Актёрнинг фикрича, бу мукофот, аслида режиссёрники. Илк профессионал мукофот билан Ишанни Каран Жохар ҳам табриклади ва ўзининг “Dhadak” лойиҳасига таклиф қилди.
КОМИЛА тайёрлади.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Эртанги куннинг юлдузлари