
Хонанда, актриса, икки фарзанднинг онаси, суюкли ёр ва чаққонгина келин — Мадина МУМТОЗ билан боғланиб, ижоди ҳақида суҳбатлашмадик! Бу сафар у ноодатий саволларимиз нишонида! Қани кўрамиз, берилган вазифани қай даражада уддалар экан.
— Ҳаётда қиёфадошингиз бўлиши мумкинми?
— Ҳа! «Зуҳрам»ни учратмаганман-у, аммо қайсидир жиҳатлари, эҳтимол ташқи кўриниши, юз тузилиши менга ўхшаш бўлганлар бор. Ўзим кўрганман!
— Опера, жаз, реп — қай бир йўналишда тажриба қилиб кўришингиз ёхуд дуэт ижроси амалга ошиши мумкин?
— Опера йўналишида тажриба қилиш ниятим йўқ эмас! Демак, опера!
— Таваккал қилиб...
— Билмасам... менимча, оила қураётганимизда, танлаган ёримизни қанчалик яхши билмайлик, танимайлик, қайсидир маънода таваккал қиламиз. Менда ҳам шундай бўлган.

— Кимларга нисбатан «аллергия»нгиз бор?
— Ўзига бино қўйган, атрофидаги одамларни қўл учида кўрсатадиган инсонларга нисбатан «аллергиям» кучли!
— Хаёлингизда тинимсиз айланадиган қўшиқ?
— ...кўпинча эрталаб бирор таронани тингласам, кун бўйи у хаёлимда айланаверади. Кўпчиликда шундай бўлса керак, ўйларимизни банд қиладиган қўшиқлар ўзгарувчан!
— Тасаввур қилинг, съёмкага кетаётиб йўлингизда адашдингиз. Телефонингизнинг қуввати тугаган, аксига олиб машина бензининг ҳам таги кўриниб қолаяпти, тағин денг, ёнингизда пулингиз йўқ! Нима қиласиз?
— Аввал машинани четроққа оламан, шу вақтда бирор ким ёнимдан ўтиб қолса, ундан ёрдам сўрайман, қўнғироқ қилиб олиш учун. Сўнг такси тўхтатаман-да, вазиятни тушунтириб манзилим томон ошиқаман. Хуллас, вазиятдан чиқиш йўлини топаман!
— Мадинанинг жаҳли чиққанда...
— Қорни очқаган бўлади (кулиб). Арзимаган нарсага ҳам аччиғим келиши мумкин, мабодо фикримни охирига етказиб беришимга қўйишмаса, жуда қаттиқ жаҳл қиламан.
— Қилаётган ишингиздан уяласиз, қачонки...
— Ёлғон аралашган бўлса... Эртами, кечми сирим фош бўлишидан чўчиб, қилаётган ишимдан уяламан. Лекин бунақанги вазиятлар сира бўлмаган. Ростгўйликни қадрлайман!

— Бир марта бўлса ҳам муштлашганмисиз?
— Мактаб пайтларим дугоналаримнинг ёнини олиб, тортишиб турар эдим. Лекин муштлашишгача бормаган.
— Пардозсиз кўчага чиқишингиз мумкинми?
— Ҳа ва бу ҳолат жуда кўп такрорланади.
— Турмуш ўртоғингизни кутиб олишда-чи?
— Баъзан пардозсиз бўлишим мумкин, лекин имкон қадар умр йўлдошимнинг ишдан қайтишига ясан-тусан қилволаман!
— Болалик хотираларингизни ёдга солувчи ифор қайси?
— Онам фойдаланган атир! Болалигимни эслаганимда айнан шу ифор димоғимга урилгандек бўлади.
— Ижодий сафарга кетаётганингизда ўзингиз билан олишингиз шарт бўлган 3 та нарса-буюм?
— Пул, уяли телефоним ва унинг қувватлагичи!
— Мадина Мумтоз ҳаётининг «саундтреки» қайси композиция?
— Ўзим ижро қилган «Бахтли бўл» қўшиғи!
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.
Манба: Darakchi.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар