11:57 / 09.08.2018
8 170

Шаҳзода Матчонова нега турмуш ўртоғини оммага таништиришни истамаслигини айтди

Шаҳзода Матчонова нега турмуш ўртоғини оммага таништиришни истамаслигини айтди
Назокатли актриса Шаҳзода Матчонова ижодий янгиликлари, шахсий бахт формуласи ва турмуш қургандан кейинги ҳаёти ҳақида.

- Шаҳзода, айни дамда нималар билан бандсиз? Ижодий янгиликлар борми?

- Томошабин мени яқин кунларда ZO’R TV телеканали орқали намойиш этиладиган Kino Time кўрсатуви бошловчиси сифатида кўриши мумкин. Аммо, ҳозирча ҳеч қандай фильмларда роль ижро этаётганим йўқ. Сўнгги суратга тушган фильмларимнинг барчаси кенг омма ҳукмига тақдим этилган.

- Сўнгги суратга тушган фильмларингиз бу, «Устюртга йўл», «Маъсума», «Вирус», «Иснод», «Оҳ, Салима, Салима!». Бу фильмларда қаҳрамонларингиз турли характерга эга. Қайси бирининг сюжети сизга кўпроқ ёқади. Бу фильмларда роль ижро этишингизнинг сабаби нимада? Сценарий маъқул келганми?

- Тўғри бу менинг охирги ишларим. Ҳар бир фильмда турли образларни яратдим ва бундан ҳурсандман. Албатта сценарий ва менга берилган роль ёққанлиги боис бу фильмларда суратга тушганман. Ролларим мен учун муҳим чунки, ҳар бирини қалбимни бериб ижро этганман. «Маъсума», «Иснод», фильмлари менинг фильмографиямда ўзига хос ўринга эга дея оламан.

- Кўпчилик актёрлар ва актрисалар бизнинг кинода яхши сценарийлар камлигини таъкидлашади. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз?

- Ҳақиқатда ҳозирги кунда яхши сценарийлар кам, қизиқтира оладиганлари бўлмаганлиги учун айни кунларда мен кинода йўқман. Режиссёрлар ва актёрларда ҳозир ижодий кризис деса ҳам бўлади. Вақти келиб ўзбек фильмида катта ўзгаришлар бўлишига, аввалгидек яхши картиналар яратилишига ишонаман.

- Сизга қандай сюжетли фильмлар яқинроқ, маъқулроқ?

- Агар актриса сифатида, ўзим роль ижро этиш борасида бўлса, драматик сюжетли фильмлар яқин. Аммо фильмографиямда комедик роллар ҳам кўпроқ бўлишини истайман.

- Ҳамкасбларингиз орасида фильмларда ҳам, театрда ҳам роль ижро этадиганлари бор. Нега томошабин Шаҳзода Матчоновани театрда кўрмайди? Таклифлар йўқми ёки ўзингизни театрда синаб кўришни истамайсизми?

- Таклифлар бўлган. «Дийдор» театр-студиясида «Дядя Ваня» спектакли репетицияларида қатнашганман. Аммо ўша вақтда турмушга чиққанлигим ва оиламга кўпроқ вақт ажратишим кераклиги боис репетицияларга бора олмай қолганман. Биласизми, актёр театрга ўзини буткул бағишлаши, ҳар куни репетицияларда қатнашиши лозим. Менда ўша вақтда айнан шундай имконият йўқ эди. Аммо менга «Дийдор»да Баҳодир Йўлдошев билан ишлаш насиб этганлиги, ҳамкасбларимнинг театрдаги ишларини кузатиш имкони берилганидан шодман.

- Ҳозирги кунда кўпчилик ўзбек актрисалари қўшиқ куйлаётганини, тўй тантаналарида бошловчилик қилаётганини ва ўз ишини очаётганини кўзатиш мумкин. Сизни эса фақат кинода кўрамиз. Бу сизнинг қатъий танловингизми?

- Бу қатъий танлов эмас. Тўғриси мен жуда ҳам уялчангман. Тўй тантаналарида кўпчилик инсонлар олдида саҳнада туриб бошловчилик қила олмайман. Қўшиқ куйлаш эса мен учун эмас.

- Агар актрисалик касбини танламаганингизда, қайси касбда ўзингизни синай олардингиз?

- Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаганим учун доим Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги маданият бўлимида ишлашни орзу қилардим. Агар тақдир тақозоси билан актриса бўлмаганимда балки шу йўналишда фаолият юритган бўлардим. Чунки актрисалик фаолиятим бошланишига қадар айнан шу йўналишда ишлашни орзу қилардим.

- Сизнинг фикрингизча қайси ролингиз орқали томошабин орасида танилгансиз?

- «Қалбим ўғриси» фильмидан кейин томошабин эътиборига тушганман деб ўйлайман.

- Актрисалик касби учун нималардан воз кечдингиз?

- Актрисалик касби учун ҳаётимда ҳеч нарсадан воз кечмадим. Биласизми, менинг ҳаётда ҳамма ишни муҳаббат билан килиш керак деган принципим бор. Масалан, муҳаббат билан турмуш қуриш, касб танлаш, институтга ўқишга кириш керак. Яъни, севган, ёқтирган ишни қилиш лозим. Ҳаётимда нима қилган бўлсам, қайси йўлни танлаган бўлсам, барчасини муҳаббат ила қилганман.

- Сизнинг касбингизда ташқи кўриниш жуда муҳим роль ўйнайди. Гўзаллигингиз сири нимада?

- Тўғри ташқи кўриниш актёрлик касбида муҳим. Аммо менинг фикримча, ҳозирги гўзаллик индустрияси ривожланган бир пайтда гўзал бўлиш муаммо эмас. Аммо яратилган гўзаллик ҳеч қачон аёлнинг ички гўзаллиги ўрнини боса олмайди. Менинг фикримча аёлнинг ички жозибаси бўлмаса, у ҳеч қачон инсонлар эътиборини ўзига қарата олмайди. Аёлда албатта сир бўлиши керак, аёлнинг ўзини тутиши, тарбияси унинг ҳақиқий гўзаллиги. Гўзал аёл бу - бахтли аёл.

- Шахсий бахт формулангиз борми?

- Менинг бахт формулам ҳеч кимга ҳасад қилмаслик, ёмонлик тиламаслик ва албатта севиш.

- Сиз саёҳат қилган қайси давлатлар сизнинг қалбингиздан жой олган?

- Саёҳат қилишни албатта ҳуш кўраман. Мен кўрган давлатлар орасида Италиянинг гўзал шаҳарлари мени ўзига ром этган.

- Тўйдан кейинги ҳаёт, сиз учун нималар ўзгарди? Нималарни англадингиз?


- Мен ўзим буткул ўзгардим. Ҳаётга қарашларим ўзгарди. Яъни, менда энди бир инсонни бахтли қилиш, уни қўллаб-қувватлаш, унга ҳам дўст, ҳам суюкли ёр бўлиш, суянчиқ бўлиш каби маъсулият борлигини англадим.

- Нега турмуш ўртоғингиз билан биргаликдаги суратларингизни ижтимоий саҳифаларингизда жойлаштирмайсиз?

- Агар тармоқдаги саҳифиларимни эътибор билан кузатсангиз, у ерда нафақат турмуш ўртоғим билан тушган суратларим, балки оила аъзоларим билан тушган расмларим ҳам йўқ. Саҳифаларимдаги дўстлар даврасида тушган суратлардаги инсонларнинг бари шоу-бизнес олами вакиллари. Шу сабабли ҳам улар билан биргаликдаги суратларни жойлаштираман. Менинг шахсий ҳаётим, бу менинг шахсий ҳаётим ва мен оила аъзоларимни шу орқали турли хил салбий нарсалардан асрайман.

- Шаҳзода Матчонова қандай инсон?

- Шаҳзода оддий, самимий қиз. У ўз турмуш ўртоғини, касбини, яқинларини, мухлисларини яхши кўрадиган оддий инсон. Мен доим ўзимда камтарлик, яхшилик, очиқ кўнгиллик, самимийлик, оддийлик ҳислатларини тарбиялашга ва шундай бўлишга ҳаракат қилганман ҳар ҳолда.

Maнба: kunutun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шаҳзода Матчонова нега турмуш ўртоғини оммага таништиришни истамаслигини айтди