06:30 / 12.12.2018
3 786

"Болалар Евровидениеси" Польшада ўтказилади

"Болалар Евровидениеси" Польшада ўтказилади
"Болалар Евровидениеси" Халқаро қўшиқлар танлови 2019 йили Польша давлатида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда 10 декабрь куни Польша давлат телевидениеси директори Яцек Курский хабар берган.

"Польша телевидениеси “Болалар Евровидениеси-2019” танловини ташкил этади”, деб ёзган у ўз "Twitter" саҳифасида.

Шунингдек, Курский польшаликлар бу танловнинг ўтказилишига ташкилий жиҳатдан тайёрлигини билдирган. У “Болалар Евровидениеси-2019” кўпчиликнинг ёдида қолишини қайд этиб, польшалик 13 ёшли хонанда Роксана Венгелнинг 2018 йил Минскда ўтказилган ушбу танлов ғолиби бўлганини эслатди.

Танлов қоидасига кўра, қайси мамлакат хонандаси юқори ўринни эгалласа, “Болалар Евровидениеси”нинг навбатдагиси ўз-ўзидан ўша давлатда ўтказилади.

”Болалар Евровидение”си – ҳар йили ташкил этиладиган халқаро қўшиқлар танлови бўлиб, унда асосан Европа давлатлари вакиллари қатнашади. "Евровидение”нинг аналоги сифатида ташкил этилган мазкур танловда 15 ёшгача бўлган болалар иштирок этади. Қўшиқчилик бўйича бу беллашувлар телевидение, радио орқали бутун Европа ҳудудларида намойиш қилинади. Шунингдек, иштирокчиларнинг чиқишлари интернет орқали ҳам бериб борилади.

Танловнинг асосий шартига кўра, ижро этиладиган қўшиқлар янги ва илгари ҳеч жойда эълон қилинмаган бўлиши керак. 2 дақиқаю 30 сониядан то 3 дақиқагача вақтда ижро этиладиган қўшиқ жонли ижрода куйланиши, фонограмма умуман ишлатилмаслиги талаб қилинади. Асосийси, қўшиқ ижрочи яшайдиган давлат тилида ёзилган бўлиши керак.

Бу танлов биринчи марта 2003 йили Скандинавияда ўтказиладиган "MGP Nordic" танлови доирасида ташкил этилган бўлиб, 2006 йилдан у беллашувда қайси мамлакат вакили ғолибликни қўлга киритса, ўша давлатда ўтказиладиган бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » "Болалар Евровидениеси" Польшада ўтказилади