18:34 / 19.12.2018
9 830

Шерали Жўраев: “Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси менинг илтимосимга кўра ёзилган”

Шерали Жўраев: “Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси менинг илтимосимга кўра ёзилган”
18 декабрь куни Эркин Воҳидов хотирасига бағишлаб Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган “Боғинг ватан деган ном олсин” номли хотира кечасида Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев “Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси менинг илтимосимга кўра ёзилган” деб айтди.

“Санъатга энди кириб келган вақтим Эркин аканинг “Ўзбегим” қасидасини куйга солиб ижро қилганман ва қўшиқ мухлислар эътиборини қозонган. Лекин у пайтларда бу қўшиқнинг ортидан турли танқидга учраганман. Шунда турфа феъл инсонларни кўриб, Эркин акага “Менга инсон ҳақида шеър ёзиб беринг” деганман. Кейинчалик ўша машҳур “Инсон” қасидасини ёзди ва мен куй басталаб ижро қилдим”, – деди Шерали Жўраев.

Санъаткор шеъриятни англашида Эркин Воҳидовнинг ҳиссаси борлиги ҳақида тўхталди: "Мактабда ўқиб юрган йилларимда отам менга кўк рангли, қаттиқ муқовали “Хамса” совға қилди. Китобнинг бир бетида достон матни, нариги бетида байтларнинг насрий баёни берилганди. Отам ошналари билан ошни еб бўлгач, мени чақириб “Хамса” ўқитарди. Сўзларни дона-дона қилиб, радиодаги сухандон акаларимизга ўхшатиб ўқиганим отамга ёқарди, шекилли, ҳар замонда “Шу ўғлим худо хоҳласа олим бўлади” деб қўярди. Шундан кейин ҳазрат Навоийга муҳаббат бир умрлик ҳамроҳимга айланиб қолди. Шу муҳаббат менинг Эркин ака билан яқин бўлишимга сабаб бўлди. Эркин ака эса шеъриятни яхшироқ ҳис қилишимга, Навоийни англашимга сабабчи бўлган".

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” рисоласи, Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби классик шоирлар меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шерали Жўраев: “Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси менинг илтимосимга кўра ёзилган”