20:30 / 01.04.2019
7 048

Клара Жалилова: «Тамарахоним мени ёмон кўрган!»

Клара Жалилова: «Тамарахоним мени ёмон кўрган!»
Ойнаи жаҳон орқали намойиш этилган «Ёнимиздаги афсоналар» кўрсатувининг бу галги сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Клара Жалилованинг меҳмон бўлгани жуда яхши бўлибди. Бутун суҳбатни ўқиб чиқиш давомида онги-шуурим, бутун вужудим яйради. Анчадан буён бундай самимий, дангалчи одамнинг суҳбатидан баҳраманд бўлмагандим. Кларахонимнинг ўша ёшлик давридаги куй-қўшиқларни ёниб, ўйноқи оҳангда ижро этиши, саволларга узоқ ўйлаб ўтирмасдан, чиройли зарқоғозга ўрамасдан жавоб беришлари ҳар бир инсонга майин шабада эпкинидек хуш ёқади.

Бу АЁЛ ўзини театрда ишламагани-ю, уни янаям машҳур қилиб юборадиган бир ролдан турмушга чиққани учун осонгина воз кечганини ҳам «Худди эр қуриб қоладигандек, эрга тегиб олганман-да, болам» деб енгил ҳазил аралаш изоҳлаб қўя қолади. Унинг беқиёс истеъдодидан фойдаланмаётган, уни кино ва кўрсатувларга чақирмаётганлардан хафа ҳам бўлмайди.

Фақат ўзи эришган ютуқлари, санъатга чанқоқлигини бот-бот таъкидлайди. Кларахонимга жуда кўп машҳур инсонлар мафтун бўлганини ҳам яшириб ўтирмайди. Шахсан мен учун уларни бир вақтлар «Иккинчи Тамара хоним» деб аташгани янгилик бўлиб туюлди. Яна Тамарахоним Клара Жалиловани ёқтирмагани ҳам. Қизиқ, шундай беғубор қизни ёқтирмай бўладими?!

Бунинг сабабини актрисанинг ўзи осонгина айтиб беради. Тамарахоним бу дунёда ўзи битта эканлигини, иккинчи Тамарахоним бўлмаслигини бот-бот таъкидлаган экан.

Суҳбатни кўргач, айрим инсонлар ҳеч қачон қаримаслигига амин бўлдим. Улардаги болаларча беғуборлик умрининг охирига қадар сақланиб қолиши мумкин экан.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Клара Жалилова: «Тамарахоним мени ёмон кўрган!»