18:27 / 12.10.2019
4 960

Озодбек Назарбеков шов-шув бўлиши кутилаётган «Жалолиддин Мангуберди» тарихий сериали ҳақида гапирди

Озодбек Назарбеков шов-шув бўлиши кутилаётган «Жалолиддин Мангуберди» тарихий сериали ҳақида гапирди
Фото: «Дарё»
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков «Дарё» интернет-нашри учун интервью берди.
Озодбек Назарбеков суҳбат давомида катта шов-шувларга сабаб бўлиши кутилаётган «Жалолиддин Мангуберди» тарихий сериали ҳақида гапириб берди.

‘Жалолиддин Мангуберди’ сериали билан боғлиқ ишларнинг бошланганига ҳам қарийб бир йил бўлди. Бу масалада ҳам охирги гапни айтишимизга саноқли кунлар қолди. Ушбу фильм турк киночилари томонидан суратга олиняпти. Сериал ‘Бўздағ фильм’ билан ҳамкорликда олинмоқда.

Фильм ўзбек киноси тарихида қанақадир ўзгаришларга сабаб бўлиши керак. Худо хоҳласа, драматург, актёр ва режиссёрларимизнинг ҳаммасига импульс берадиган фильм қилиш ниятимиз бор. Биз хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, ўтган давр ичида кинода ҳам ёпиқлик кузатилган. Киночиларимиз ва чет эл киночилари ўртасида деярли ҳамкорлик бўлмади. Бир клипнинг пулига кино ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам бошимиздан ўтказдик.

Бугун талаб даражасида турган, ўзининг иши билан ўзини салоҳиятини кўрсата олган киночилар билан ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, умидимиз жуда катта.

Биз улар билан қай даражада ҳамкормиз, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистон буюртмачи, демак, улар бизга хизмат кўрсатади. Актёр танлашда, сценарий танлашда, фильмни қабул қилишда ҳам охирги гапни биз айтамиз. Биз уларнинг ижодий жамоасининг меҳнатидан фойдаланамиз, лекин фильм ғоясининг жилови бизда туради.

‘Жалолиддин Мангуберди’ фильми учун ажратилган майдон қаерда бўлишидан қатъи назар, бу майдон ўзбек киночилари учун тажриба майдонига айланади. Улардан нечта ишчи гуруҳ иштирок этса, биздан ҳам шунча ишчи гуруҳ иштирок этади.

Бу фильм ҳомийлар ёрдамида суратга олинмоқда. Бу ҳомийларни чин маънода ватанпарвар дея оламан. Ҳаттоки ҳомийларга ‘бизда, Ўзбекистонда фильм сотиш тажрибаси бўлмагани учун, пулини қайтара олмаслигимиз мумкин’, деганимизда ҳам улар фикридан қайтмасдан, бизни қўллаб-қувватлашда давом этишмоқда.

Фильмга 5 миллион доллар атрофида маблағ кетади. Тахминимча, ҳали кутилмаган харажатлар чиқиш эҳтимоли ҳам бор. Асосий қисмга маблағ топилгани учун кўнгил тўқ.

Фильм 2020 йил баҳор ойларида экран юзини кўради. Бу вақтда премьера қилишимиз учун биз суратга олиш ишларини 2019 йил октябрь ойида бошлашимиз керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков шов-шув бўлиши кутилаётган «Жалолиддин Мангуберди» тарихий сериали ҳақида гапирди