«Қайси ўзбек актрисаси қишлоқ қизи ролига мос?» (видео)

  • 18 январь 2020, 00:30
  • 2 657
  • Маданият
  • «Қайси ўзбек актрисаси қишлоқ қизи ролига мос?» (видео)
    Чингиз Айтматовнинг «Сарвқомат дилбарим» асари асосида ўзбекистонлик режиссёр Сарвар Каримов томонидан суратга олинган шу номли фильмда аёлларнинг ролларини қирғизистонликлар, эркакларникини эса ўзбекистонликлар ўйнаши олдиндан режалаштирилмаган эди. Бу ҳақда режиссёрнинг ўзи Лазизбек Ҳамидовнинг «Улар» дастурига берган интервьюсида айтиб ўтди.

    — Нима учун «Сарвқомат дилбарим» фильмида асосий эркак актёрлар — ўзбекистонлик, асосий аёл актёрлар — қирғизистонлик?
    — Бу нарса олдиндан режалаштирилмаган. Бу фильмни суратга олиш ғояси Қирғизистон томонидан таклиф қилинган. Қирғизистонда «Дан» деган продюсерлик маркази бор, ўша ерда ишлайдиган Паризод Чакибекова бир лойиҳа билан «Ўзбеккино»га мурожаат қилган. Чингиз Айтматов номидаги халқаро фонд бор, унга адибнинг кенжа ўғли Элдор Айтматов раҳбарлик қилади.

    Агар сиз Айтматов асари асосида фильм оладиган бўлсангиз, фонддан рухсат олишингиз керак. Чакибекова Ўзбекистонга келиб, айнан «Сарвқомат дилбарим» асари асосида фильм қилиш учун рухсат олганини, фильмни Ўзбекистон билан ҳамкорликда суратга олиш таклифини айтди. Шундан кейин мени чақиришди.

    — Нимага асосланиб айнан сизни чақиришган?
    — Билмайман. Бадиий асарни фильм қилиш — бу экранизация санъати-ку, бу нарса, афсуски, Ўзбекистонда яхши ривожланмаган, саноқли одамлар бу иш билан шуғулланади. Бизда ҳамма буюк, ҳамма ақлли, ҳамма ўзи сценарий ёзади-ку, «бирор бир асар асосида сценарий ёзсамчи», деб ўйлаб ҳам кўрмайди. Мен бунгача олган иккита фильм ҳам бадиий асар асосида олинган — «Сеҳрли қалпоқча» фильми «Сариқ девни миниб» романи асосида олинган. Балки, шунгамикан, билмадим.

    Хуллас, чақиришди. Хўп, майли, деб кейин сценарийни ёздик. Фильм учун актёрларни танлаш жараёнида, айтганимдек, актрисалар улардан, эркак актёрлар биздан, деган масала йўқ эди. Асал образи учун актёрни уёқдан ҳам, буёқдан ҳам қидирдик. Илёс борасида ҳам худди шундай. Ўзингиз ҳам виждонан бир ўйлаб кўринг — Ўзбекистонда Асални ким ўйнаши мумкин эди? Биласиз-у, актрисаларни танийсиз-ку. Очиқ айтадиган бўлсак, йўқ-да.

    Чунки Асални ўйнагандан кейин, қишлоқ қизи деб турибди, у ташқи кўриниши, оддий элементар қош-кўзлари нуқтаи назаридан ҳам қишлоқ қизига ўхшаши керак. Бизнинг барча актрисаларимиз эса 30 га кирмай, қошини тердириб, лабини ботокслар қилиб чиқиб келганидан кейин, қанақа қилиб мен уни қишлоқ қизи қилиб оламан?

    » » «Қайси ўзбек актрисаси қишлоқ қизи ролига мос?» (видео)