07:20 / 16 февраля 2020
1 684

BBC «Бобурий маликалар изидан» номли уч қисмли ҳужжатли-драматик фильм суратга олди (видео)

BBC «Бобурий маликалар изидан» номли уч қисмли ҳужжатли-драматик фильм суратга олди (видео)
Ёзувчи Ира Мухоти билан - Деҳли, Ҳиндистон
BBC News Ўзбек хизмати «Бобурий маликалар изидан» номли уч қисмдан иборат ҳужжатли-драматик фильм суратга олди. Унда бобурийлар салтанатида яшаб ўтган уч малика - Эсондавлат бегим, Хонзода ва Гулбадан бегимлар ҳақида ҳикоя қилинади.

«Куч-қудрат, мардлик ва қаҳрамонлик кўпда эркакларга хос кўрилади. Аёллар томонидан қилинган фидокорлик эса, хоҳ ўтмишда бўлсин, хоҳ бугун, ўзгачароқ талқин топади ва осонликча эътироф этилмайди.

Мақсад ана шундай парда ортида қолган, кўпда номлари тарих дарсликларидан тушиб қоладиган жафокаш аёлларнинг бугунги авлод учун ибратли бўлган ҳаётига назар ташлашдир
», дейилади BBC News Ўзбек хизмати хабарида.

Фильмнинг дастлабки қисми Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бувиси Эсондавлат бегимга бағишланган. Унда Бобуршоҳ оиласидаги аёллар ҳаётининг очилмаган қирраларига эътибор қаратилган.

Яна бир эътиборли жиҳати — Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда суратга олинган ушбу фильмда иштирок этган мутахассислар ҳамда суҳбатдошлар хотин-қизлардир.

Эсон Давлат Бегим, рассом Исомиддин Эшонқулов
Фильмда шоҳ ва шоир, Ғарбда Ҳиндистондаги Мўғуллар салтанати асосчиси деб танилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур оиласидаги аёллар ҳаётининг очилмаган қирраларига эътибор қаратилади.

Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда суратга олинган ушбу фильм қаҳрамонлари каби унда иштирок қилган мутахассислар ҳамда суҳбатдошлар хотин-қизлардир.

Унда Бобурнинг "Бобурнома" асари ҳамда унинг қизи Гулбадан Бегимнинг - "Ҳумоюннома"сидан парчалар жонлантиради. Либослар ҳам айнан ўша давр руҳини бериш учун танланган.

Фильм муаллифи, BBC News Ўзбек журналисти Гулсевар Замон Бобур Шоҳ оиласи уч авлоди вакиллари бўлган аёллар тарихини ўрганди.

Булар Бобурнинг она томондан бувиси Эсон Давлат бегим, опаси Хонзода бегим ва қизи Гулбадан бегимлардир. Гулсевар ўз изланишлари давомида Ўзбекистонда адабиётшунос олималар Буробия Ражабова, Каромат Муллахўжаева, Ҳиндистонда эса, ёзувчи Ира Мухоти билан суҳбатлашади. Ира Мухоти "Қуёш қизлари: Мўғуллар империясининг қироличалари, маликалари ва бегимлари" китоби муаллифидир. Гулсевар суҳбатдошларидан бир замонлар ўта қудратли бўлган сулола маликалари нима учун тарих китобларидан лойиқ ўрин эгалламагани ҳақида сўрайди.

Айни лойиҳа раҳбари BBC News Ўзбек муҳаррири Дилором Иброҳимова: " Бобурий маликалар изидан" ҳужжатли фильмида биз тарих саҳифаларидан ўчиб кетган аёлларни қайта тиклашга ҳаракат қилдик. 500 йил аввал улар обрўли ва таниқли лидерлар ўлароқ қудратли сулоланинг марказида туришган, биз уларнинг тарихини ҳикоя қилар эканмиз, ўз замонасида бу кучли аёллар эркаклар томонидан қанчалар ҳурмат ва эъзозга лойиқ бўлишганидан ҳайратга тушдик. Бу қудратли аёлларнинг тарихини бугунги ёш авлодга етказиб бермоқчи бўлдик. Биз тарихимиздаги шижоатли аёллар меросини бугун Марказий Осиёдаги хотин-қизларнинг интилишлари, орзу ва умидлари билан боғлашга ҳаракат қилдик", дейди.

"Бобурий маликалар изидан" фильмида Ўзбекистон театрлари санъаткорлари рол ўйнашган: Дилором Абдуалимова (Гулбадан Бегим), Расулхон Қодирхонов (Бобур) ва Дилёра Рузметова (Хонзода Бегим). Суратларни ўзбекистонлик ёш рассом Исомиддин Эшонқулов чизган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)