16:10 / 20 февраля 2020
2 591

Озодбек Назарбеков: Нега улар Баҳоуддин Нақшбанд ва Имом ал-Бухорий зиёратига келишмайди?

Озодбек Назарбеков: Нега улар Баҳоуддин Нақшбанд ва Имом ал-Бухорий зиёратига келишмайди?
Бугун Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Бухоро – 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти» тадбирларига тайёргарлик кўриш мақсадида АЙСЕСКО делегацияси таркиби – Рихиати Салих Нажиб (АЙСЕСКО Бош директори ўринбосари, Маданият йўналиши бошлиғи), Бенарафа Абдел Иллах (директор маслаҳатчиси), Чебби Билал (Маданият дастури мутахассиси)лар билан учрашди.

Вазирлик томонидан илиқ қарши олинган меҳмонлар дастлаб Бухоро ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
«Бухорода бўлиб ўтадиган тадбирларда АЙСЕСКО билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, – дейди ўз ўрнида Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам. – Бу ислом цивилизациясига ҳисса қўшган макон сифатида тўғри танлов деб ўйлайман. Фахрланиб айтаманки, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида ислом тараққиётига хизмати сингган аждодларимиз бор. Бу каби тадбирлар кейинги Халқаро анжуманларга йўл очади».

Шунингдек, вазир мавжуд муаммоларга тўхталишни ҳам жоиз билди.
«Маданият вазири сифатида баъзи масалалар мени қониқтирмайди, – дейди у куюниб. – Масалан, бутун дунё бўйича бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмонлар бор. Бироқ уларнинг бир фоизи ҳам Баҳоуддин Нақшбанд ва Имом ал-Бухорий зиёратига келмайди.

Менимча, бу бизнинг айбимиз. Чунки медиа материалларнинг тайёрланиши жуда суст ёки сифатсиз. Мисол учун, Ислом тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломаларимизнинг болаликлари ҳақида мультфильмлар яратилмаган. Яна ёш авлод вакиллари учун ҳеч қандай кинофильмларнинг йўқлиги ҳам мени ташвишга солади. Бу каби масалалар нафақат Ўзбекистон, балки Ислом ташкилотларининг ҳам зиммасидаги масъулият деб ўйлайман
».

Бу таклифлардан таъсирланган меҳмонлар ҳам фикрлари бир жойдан чиққанидан хурсанд эканликларини билдиришди.
«Сизнинг таклифингиз ва келажакни кўра олишингиз, масалага ёндошувингиз ташкилотимиз бош директори билан жуда ўхшаш экан» – деди АЙСЕСКО Бош директори ўринбосари Рихиати Салих Нажиб. – Директоримиз ташкилот номини Ислом олами маркази деб эълон қилгани ортидан бугунги кунда исломий бўлмаган давлатлар ҳам ташкилотимизга аъзо. У орқали кўплаб мусулмонларнинг Бухорога ташриф буюришига замин ярата оламиз ва бу албатта ўз натижасини беради».

Учрашувда ҳар икки томон таклифлари тингланди. Маданият вазирлиги ҳамда АЙСЕСКО Халқаро ташкилоти ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш келишиб олинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)