19:00 / 07.01.2021
12 319

Бақироқ қайнона — Гулнора Толипова 50 минг сўм учун Лоланинг уйини тозалаганини айтди

Бақироқ қайнона — Гулнора Толипова 50 минг сўм учун Лоланинг уйини тозалаганини айтди
Фото: Instagram / @guli_888888888
Гулнора Толипова «Журналист», «Севги» ва «Шукрона» каби сериаллардаги бақироқ, инжиқ қайнона образи билан томошабинлар эътиборини қозонди. Актриса журналист Наргиза Муродова билан суҳбатда мураккаб ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берди.

«Пулимиз йўқ, санъаткор бўла олмайсан»
— Тошкентдаги беш болали хизматчи оиласида дунёга келганман. Отам оддий қурувчи, онам эса заводда ишчи эди. Болалигимдан санъатга қизиққаним боис, 4 ёшимдан Шермат Ёрматов раҳбарлигидаги «Булбулча» болалар хорига қатнашганман. Тўққиз ёшимда тушимга Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева кириб, мени дуо қилганди. Афсуски, мактабни тамомлаганимдан кейин орзуларим сароб эканини англадим. Оиламиздаги моддий қийинчиликлар сабаб, онам ўқишни давом эттиролмаслигимни тушунтирди ва болалар боғчасига ишга жойлашдим.

«Ўзимни ўлдиришга уринганман»
— 16 ёшимда холамнинг қистови билан Сирдарёга турмушга чиқдим. Бола бўлганим учун ҳам катта ҳаётга мослашиб кетишим осон кечмади. Турмуш ўртоғимнинг яқинлари билан тил топишиб кетдим, аммо у билан келишолмадик. Беш йил ичида бир аёл қанча хўрланиши мумкин бўлса, шунча азобни бошимдан ўтказдим. Унинг асоссиз рашки сабаб кўп маротаба калтакландим, ҳақоратландим. Аммо бир куни унинг рус аёл билан дон олишишидан хабар топиб, ўз жонимга қасд қилдим. Томиримни кесгач, шифокорлар кўмагида оёққа турдим. Шундан сўнг ўғлимни олиб Тошкентга қайтишга қарор қилдим. Аммо бу ерда қийинчиликлар ундан оз эмасди.

Фото: Instagram / @guli_888888888
«Милициячилар тоғорадаги овқатимни ерга тўкиб ташлаганини унута олмайман»
— Ўғлим Шоҳруҳни боқиш ва уй олиш учун қилмаган ишим қолмади. Бозорда овқат сотган, бекатда писта-қурт билан савдо қилган кунларим ҳам бўлди. Ҳатто, бир неча йиллар аввал 50 минг сўм эвазига хонанда Лола Йўлдошеванинг уйини тозалаш учун борганимни эслайман. Бозордаги ноқонуний савдо учун милиция ходимларидан қочганим, ҳатто бир марта жазолаш учун тоғоралардаги овқатни ерга тўкиб юборишганини ҳам унутолмайман. Хуллас, шу каби қийинчиликлар ювош Гулноранинг феъл-атворини бутунлай ўзгартирди.

Фото: Instagram / @guli_888888888
«Бақироқ аёллар ролидан чарчадим»
— Яқин йиллардан бошлаб иккинчи даражадаги ролларга таклиф бўлмоқда. Ундан аввал фақат эпизод ролларни ижро этардим. Тан оламан, актрисалик бўйича ҳеч қаерда таҳсил олмаганман, аммо санъатга меҳрим бўлакча. Фақат уришқоқ аёл ролларини эмас, мард, танти ва сабрли ўзбек аёллари сиймосини экранда гавдалантиришни истайман. Ростини айтсам, бақироқ аёллар ролини ижро этишдан чарчаганман. Режиссёрлар мени қайтадан кашф этишларини орзу қиламан.

Муваффақиятсиз турмушимдан сўнг оила қурмадим. Ҳаётимни ўғлимга бағишладим. Уй ва машина олиб, уни уйлантирдим. Шукрки, келиним ва икки нафар набирам бор.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Толипова илк ролини режиссёр Бурҳон Шароповнинг «Муғомбир куёв» фильмида ижро этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Бақироқ қайнона — Гулнора Толипова 50 минг сўм учун Лоланинг уйини тозалаганини айтди