00:23 / 17.02.2021
1 287

«Ўзбек киносида маиший мавзулар устувор бўлиб қолганди» — Расул Кушербаев

«Ўзбек киносида маиший мавзулар устувор бўлиб қолганди» — Расул Кушербаев
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Мендирман Жалолиддин» сериалининг илк қисмидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Сўнгги йилларда ўзбек филмлари ва сериалларида маиший мавзулар атрофидаги сюжетлар устувордек бўлиб қолганди. Албатта, бундай мавзулар билан катта аудиторияни қамраб олиш қийин. Камига улар экспортга ҳам ярамайди.

Куни кеча «Мендирман Жалолиддин» номли сериалнинг бир қисмини томоша қилдик... Таассуротлар кўп. Лекин асосий айтмоқчи бўлганим – биринчи марта тарихий шахслар ҳақида тарихда қоладиган юқори даражадаги ўзбек филмини кўра олдим.

Сериал экспортга ҳам ярайди. Ўзбек ва турк актёрлари иштирокидаги филм ажойиб ҳамкорлик ва маҳоратни юзага чиқарган. Сценарий, тасвир, жой, ижро маҳорати, овоз... менимча ҳаммаси нисбатан юқори даражада.

Кўз тегмасин ва бундай ишлар давомли бўлсин. Филмни яратишда билвосита ва бевосита иштирок этган, қўллаб-қувватлаб турган барчани табриклайман, сизларнинг ҳаракатингиз ўзини оқлабди!
» – дея ёзди Кушербаев Telegram'даги каналида.

Эслатиб ўтамиз, «Мендирман Жалолиддин» премьераси 14 феврал, якшанба кунидан «Миллий» телеканалида бошланди. Сериалнинг илк фасли 13 қисмдан иборат.

Тарихий филм Чингизхон бошчилигидаги мўғул босқинчиларига қарши курашган шаҳзода Жалолиддин Мангубердига бағишланган. Сериални Ўзбекистондаги хусусий ҳомийлар буюртмаси асосида, Туркиянинг «Bozdag film» компанияси суратга олган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)