18:48 / 28.02.2021
1 055

Болалигидан юлдуз бўлишга улгурган Эмма Уотсон карьерасини якунламоқда

Болалигидан юлдуз бўлишга улгурган Эмма Уотсон карьерасини якунламоқда
Фото: Getty Images
«Гарри Поттер» юлдузи Эмма Уотсон санъатни тарк этиб, кўпроқ вақтини шахсий муносабатларга ажратмоқчи. Бу ҳақда Woman хабар беради.

Ўқувчилик йиллари мактаб спектаклида роль ижро қилиб юрадиган Эмма экранда илк бор 9 ёшида кўриниш берган. Британиялик оддий қиз «Гарри Поттер»да Гермиона Грейнжер қаҳрамонини гавдалантиргандан кейин машҳурликка эришган. Турли лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилинган актриса ижоди ортидан миллионлаб долларларга эга бўла бошлаган.

Фото: Woman
«Гарри Поттер» ҳақидаги сўнгги фильм бундан 10 йил аввал суратга олинган бўлиб, бош қаҳрамонлар ичида айнан Эмма карьера борасида омади чопган ва бошқа ижролари билан ҳам мухлислар қалбидан жой олган. Актриса турли жанрларда бир-биридан фарқли қаҳрамонлар ролини ижро қилишдан чўчимаган. Мэрилин Монро ҳақидаги биографик фильмдан тортиб, «Соҳибжамол ва махлуқ» фильмида Disney маликаси ижролари эса бунга яққол исбот бўла олади.

Фото: Woman
У сўнгги марта 2019 йилда «Кичик аёллар» драмасида бош қаҳрамон ролини ўйнаган ва шундан кейин бошқа лойиҳаларда иштирок этмаган. Актрисанинг киноагенти журналистлар билан бўлган суҳбатда мухлисларнинг Эммани қайта экранда кўриш эҳтимоли кам эканлигини маълум қилган.

Фото: Woman
Маълум қилинишича, кўпроқ вақтини қайлиғи Лео Робинтонга сарфлаш истагида бўлган 30 ёшли Уотсоннинг бошқа кинода суратга тушиш нияти йўқ. Икки йилга яқин вақтдан буён учрашиб юрган жуфтлик муносабатларини кўз-кўз қилишни истамайди. Шаҳардан узоқда бирга вақт ўтказадиган севишганлар яқин орада турмуш қуришни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

Фото: Woman
Шунингдек, миш-мишларга қараганда актриса учун «Кичик аёллар»нинг суратга олиш жараёни осон кечмаган. Бу вақтда унинг ҳаётида қандай воқеа юз бергани аниқ эмас, аммо суратга олиш ишлари якунига етганидан кейин Уотсон ҳамкасблари билан пресс-турга чиқишдан бош тортган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » Болалигидан юлдуз бўлишга улгурган Эмма Уотсон карьерасини якунламоқда