09:44 / 18.04.2021
1 242

Урганчда Гиннеснинг рекордлар китобига кириши айтилаётган дунёдаги энг йирик бронза от ҳайкали ўрнатилади (видео)

Урганчда Гиннеснинг рекордлар китобига кириши айтилаётган дунёдаги энг йирик бронза от ҳайкали ўрнатилади (видео)

Урганчда дунёдаги энг йирик бронза от ҳайкали ўрнатилади. У Гиннеснинг рекордлар китобига киради, деб хабар берди «Podrobno.uz»га таяниб «Дарё».

Қайд этилишича, Россиянинг Жуковский шаҳридаги ҳайкалтарошлар дунёдаги энг йирик от ҳайкалини бронзадан қуйиш ишларини тугатмоқда, фақат кичик деталлари қолган. Асос билан биргаликда ҳайкалнинг баландлиги 25 метрни ташкил қилади. У Ўзбекистон ҳукуматининг буюртмаси асосида тайёрланмоқда ва Урганч шаҳрида ўрнатилади.

Энг катта от Мўғулистонда Чингизхон ҳайкали билан бирга ўрнатилган. Унинг баландлиги 50 метрни ташкил қилади, аммо у бронзадан ясалган эмас. Урганчга ўрнатилаётган ёдгорлик Гиннеснинг рекордлар китобига бронзадан ясалган энг катта от сифатида киради.

«Аслида, буюртмачилар отни дунёдаги энг каттаси бўлишини истамаган. Йўқ, бундай эмас эди. Агар улар энг катта отни истаганда, 50 метрлик отга буюртма беришлари мумкин эди. Бу (25 метрлик от) шаҳарнинг майдони учун, айнан ўша меъморий муҳит учун мақбулдир», – дея таъкидлади лойиҳа муаллифи Виталий Казанский.

Ёдгорликда фақат отнинг ўзи бўлмайди. Унинг устида мўғулларга қарши курашган Ўзбекистон халқ қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди сиймоси бўлади.

«Ҳеч ким ҳеч қачон бундай миқёсдаги отларни ясамаган. Биз Туркия учун бироз кичикроқ от ясаган эдик. Буюртмачилар у отни кўришди ва биз бундан ҳам кўпроқ қилишимиз мумкин, деган қарорга келишди. Икки йилдан бери лойиҳа устида ишлаймиз. Муаллифлар ҳайкалнинг бир нечта вариантларини таклиф қилишди. Натижада якуний версияни Ўзбекистон Президенти шахсан тасдиқлади», – деди Lit Art компанияси бош директори Александр Устенко.

Эслатиб ўтамиз, Урганч марказида Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ва туннел қурилиши маълум қилинганди. Туннел аэропорт ва темир йўл вокзалини боғлаб турувчи Ал-Хоразмий кўчасидан ва Қирғизёп канали остидан ўтади. Туннел қурилиши муносабати билан шаҳарнинг бир қатор кўчалари ва чорраҳаларида транспорт ҳаракатини ташкил этиш қайта кўриб чиқилади. Лойиҳани қачонга якунлаш режалаштирилгани ва унинг қиймати қанчалиги ҳақида маълумот берилмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » Урганчда Гиннеснинг рекордлар китобига кириши айтилаётган дунёдаги энг йирик бронза от ҳайкали ўрнатилади (видео)