18:00 / 17.08.2021
3 411

Умид Шаҳобов шоу-бизнесдан зериккани ва номаълум касалликдан қийналгани ҳақида гапириб берди (видео)

Умид Шаҳобов шоу-бизнесдан зериккани ва номаълум касалликдан қийналгани ҳақида гапириб берди (видео)
«Фариштам энди йўқ», «Фарёд», «Олиб кетаман» каби хит қўшиқлари билан машҳурликка эришган, сўнгги йилларда шоу-бизнес оламида кўринмай қолган хонанда Умид Шаҳобов «Дарё» интернет-нашрига интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Умид Шаҳобов суҳбат давомида ижодидаги танаффус, шоу-бизнесдан зериккани ва номаълум касалликдан қийналгани ҳақида гапириб берди.

- "Бир иш билан кўп шуғулланиб юборсам, зерикиб қоламан. Очиғини айтаман, алдаб нима қиламан, санъатдан сал зерикдим. Бир хил одамлар «санъатдан ҳам зерикадими одам, демак ичингдаги ўзинг хоҳлаган касбинг бошқа эканда», дейишади. Билмадим. Бу соҳага қизиқишим тўққиз ёшимда бошланган. Жуда қизиққанман. Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга ҳам кирганман. Мустақил ижодим 1999 йилда бошланган. «Балки 9 ёшимдан буён санъатда бўлганим учун зериккандирман.

Халқимизда ҳам санъатга нисбатан аввалгидек қизиқиш йўқ. Бўлар-бўлмас қўшиқлар ҳам кўпайди. Ватанга, оилага муҳаббат ҳақида, жиддий мавзуларда ижодлар камайиб кетди. Тарбиявий қўшиқлар камайиб кетди. Саёзлашиб кетди. Балки шундан сўнг ҳафсалам пир бўлиб, ижод қилгим келмай қолгандир.

Бундан ташқари оилавий муаммолар ҳам бўлди. Ҳар битта оилада ўзига яраша муаммолар бўлади. Бу дунё машаққатдан иборат бўлгани учун, ҳеч бир нарса текис кетмайди. Депрессияга тушган вақтларим ҳам бўлди.

Соғлиғимда муаммолар бўлди. 3-4 йил юрагим бўғзимга тиқилиб юргандек, нафасим тиқилиб, юрак нотекис ураётгандек бўлиб юрди. Буни айтмоқчи эмасдим, лекин шунақа ҳолатлар бўлди. Бу ҳолат 2015 йилларга тўғри келади.

Тўйларга борганимда овоз кучайтиргичнинг овозидан юрагим тескари ураётганга ўхшаб, нафасим тиқилиб қоларди. Қўшиқларнинг авжида бошларим айланиб кетиб, йиқилмаслик учун, мусиқа асбобларини ушлаб олардим. Ўзимча бу ҳолатни ўтиш даврида бўладиган вазият деб ўйладим. Ёши улуғ инсонлар ҳам «ўттизнинг охири, қирқ ёшнинг бошларида инсонда ўтиш даври бўлади», дейишарди.

Шифокорларга қон босимимни ўлчатиб, юрагимни текширтираман, уларнинг ҳаммаси «яхшисан», дейишарди. «Ҳозир ўлиб қоламан», деган ваҳималар ҳам бўлган. Буни тиббиёт тилида фобия деб аташар экан. Ибодатда бўлдим, ҳеч қандай дори-дармонсиз бу даврни ўтказиб олдим. Ҳозир Аллоҳга шукр, соғлигим жойида", - дейди Умид Шаҳобов.

Маълумот учун, Умид Шаҳобов 1976 йил, 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Ўзбекистон давлат консерваториясининг «Анъанавий хонандалик ва ижрочилик» йўналишини тугатган. «Шуҳрат» медали соҳиби. 300 ортиқ муаллифлик қўшиқлари бор. Оилали, уч фарзанднинг отаси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Умид Шаҳобов шоу-бизнесдан зериккани ва номаълум касалликдан қийналгани ҳақида гапириб берди (видео)