12:30 / 21.01.2022
1 086

Озодбек Назарбеков: «Эртанги кунимиз бадиий савияси саёз бўлган телесериаллар муҳокамаси билан банд бўлмасин»

Озодбек Назарбеков: «Эртанги кунимиз бадиий савияси саёз бўлган телесериаллар муҳокамаси билан банд бўлмасин»
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқларда хусусий телеканалларда намойиш этилаётган телесериаллар савияси борасида юзага келган баҳс-мунозарага муносабат билдирди.

- "Ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама этилган, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган телесериалларга нисбатан кескин норозилик кайфияти кучайди. Таъкидлаш жоизки, бундан икки йилча аввал ҳам сериаллар билан боғлиқ муаммолар юзага келганди. Айни пайтда ҳам бу ҳолат такрорланди. Бундан кўриниб турибдики, соҳа вакиллари келгусида яна шундай кайфиятдаги томошабин билан юзлашмаслик учун бу борада аниқ ва тўғри ёндашувни топиши керак. Йўқса, уларнинг юрт тақдирига дахлдор шахс сифатида биринчи ва иккинчи «Уйғониш даври» янгиланишларини яратган аждодларимизнинг маънавий орзулари давомчилари бўлган учинчи Ренессанс вакилларини муносиб тарбиялаш учун нима қилдик, деган саволга арзирли жавоблари бўлмаслиги мумкин.

Аслида бу борада мушоҳада юритиш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир. Айниқса, телевидение ходимларининг олдида «Ойнайи жаҳон орқали эфирга узатаётган ҳар бир телемаҳсулот ёшлар тарбиясига қандай таъсир қилади, бу билан жамиятга қандай нафимиз тегяпти?» деган савол кўндаланг туриши керак.

Айниқса, ёшлар жамият учун парда ортидаги воқелик, кўп ҳам оммавий муҳокама қилинмайдиган муносабатлар сирли, сеҳрли туюлади, уларни кўришга интилиш кучли бўлади. Чунки мурғак онг-у қалб оқ ва қора моҳиятини тўла англамайди. Мана шундай ожизликдан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ўтказишга ҳаракат қилиш маънавиятсизлик, маданиятсизликка олиб келмайдими? Бу миллатга, халққа, давлатга хиёнатнинг бир кўриниши эмасми?

Бугун зўровонлик, зинокорлик, ёвузлик «вируси»ни тарқатаётган манбалар жамиятни маънавий мажруҳ қилишга уринаётганини соғлом онг, теран тафаккур эгаси қабул қила олмайди. Бу каби эътиборсизлик, лоқайдликлар сабаб жамиятда инсонлар қадрсизланиб, уларнинг фикри, маънавий эҳтиёжлари иккинчи даражага тушиб қолиши биз танлаган Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Тараққиёт стратегиясига қай даражада ҳамоҳанг бўла олади?

Зотан, бугун тобора янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган учинчи Ренессанс авлодларини тарбиялашда миллий қадриятларимизга таянмоғимиз шарт. Президентимиз таъкидлаганидек, халқнинг теран маънавиятисиз, ғурурисиз, юксак маданиятисиз буюк давлат қуриб бўлмайди.

Азиз мутасаддилар!

Катта тарғибот майдони бўлган ОАВлари орқали халқимиз талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган маҳсулотларни беринг. Токи, эртанги кунимиз бадиий савияси саёз бўлган телесериаллар муҳокамаси билан эмас, ўзбек фарзандларининг оламшумул муваффақиятларини муҳокама қилиш, истиқболимиз учун маънавий сармоя бўладиган лойиҳалар тарғиботи билан банд бўлсин", - деди Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Севимли» телеканалида эфирга узатилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсиз саҳна акс этган кадр тарқалгани, АОКА ҳолат назоратга олиниб, текширув ишлари бошланганини маълум қилганди. Кейинроқ Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов («Севимли» телеканали раҳбари Амира Рашидованинг отаси) хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган миллий сериаллар бўйича изоҳ берди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ушбу сериалини танқид қилиб, бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирди. Амира Рашидова эса каналда узатилган беҳаё саҳна юзасидан муносабат билдириб, сериал намойишидан аввал 16+ маркировкасини бергани, қолаверса, «ахлоқсиз» деган айбловни қўйишдан олдин кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли эканини билдирганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков: «Эртанги кунимиз бадиий савияси саёз бўлган телесериаллар муҳокамаси билан банд бўлмасин»