14:13 / 15.02.2022
3 486

Азиз Раметов уйланмоқда: Саида Раметова кенжа келинини қандай топгани ҳақида сўзлаб берди

Азиз Раметов уйланмоқда: Саида Раметова кенжа келинини қандай топгани ҳақида сўзлаб берди
Хонанда Имроннинг яккахон концерт дастурига ташриф буюрган актёр Азиз Раметов «Дарё» мухбирларининг никоҳ тўйи билан боғлиқ саволларига жавоб берди.

«Насиб қилса, тўй 3 март куни бўлиб ўтади. Бу йил иқтисодиёт бўйича таҳсил олишни режа қилдим. Шу боис, тўйимни ҳам ихчам ва камхарж ўтказишни истадим. Шунча йил ота-онамни қийнадим, ҳеч бўлмаса уларни тўй ташвишлари билан қийнамоқчи эмасман. Кўп эмас, 200 кишилик тўй қилмоқчимиз. Бу таклифим онамга ҳам маъқул келди», — дейди Азиз Раметов.

Саида Раметова эса келини санъат вакили бўлмаса-да, ижодкор эканини таъкидлайди.

«Катта келиним дизайнер-тикувчи. Катта келинимдан ҳамиша хурсандман. У оиламиз аъзоси бўлганига 19 йил бўлди, қўли гул чевар келиним бор. Қарангки, бўлажак кенжа келиним ҳам шунга яқин соҳада. Аллоҳга шукр, Азизжоннинг пешонаси ярқираркан. Охиригача улар бахтли бўлишини тилайман. Кенжа келиним ҳам дизайнер. Либослар яратишдан ташқари, бежирим шарфлар тикади. У «Настарин» номи остида либослар яратади. Кўпчилик санъаткорларга зебигардонлар ҳам ясаб берган. Мен ўзим ҳам зебигардонларни яхши кўрганим учун «Менга ҳам ясаб беринг, қизим» деб илтимос қилгандим. Аммо у пайтда у қизни келин қилиш ҳақида ўйлаб кўрмагандим.

Унинг иши шунчалик нафиски, ҳар бир тошини дид билан терган. Бу ҳам истеъдод, Аллоҳ унга шундай иқтидорни берганидан жуда қувонаман. Тақдир экан, ёшлар бир-бирига маъқул бўлиб, тўйни бошлаб юбордик. Пешонада нима ёзилган бўлса шу бўлади. Шу кунгача Азизни «Нега уйланмайсан, тўйни қачон қиламиз?» — деб қийнаб юборгандик. Тақдирда ёзилгани бўлади, дейишганидек, кутилмаганда Азизбек ўзига муносиб ёрни топди ва тўй кунини ҳам тезлаштириб юбордик. Ҳамманинг фарзанди бахтли бўлсин. Шу қатори Азизжонга ҳам бахт тилайман. Унинг фарзандларини кўриш ҳаммамизга насиб этсин
», — дейди актриса.

Саида Раметова оила мустаҳкамлиги учун муҳим бўлган қадриятлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Ҳар бир оилада лойқаланиб тинишлар бўлади. Оила арзимас сабаб билан бузилиб кетиши керак эмас. Сабр қилиш ва машаққатли йўлни ҳамжиҳатликда босиб ўтиш керак. Ҳеч бир бола тирик етим бўлиб қолмасин. Турмушга чиққанимга 40 йил бўлди, камчиликлар бизда ҳам бўлган. Аммо қариндош-уруғ ва маҳалла-кўй билан ҳамиша яхши бўлишга ҳаракат қилганман. Одамлар санъаткордан ибрат олади. Шу боис, санъаткор ҳаётидаги оилавий низолар ҳам мухлислар учун ўрнак бўлиб қолмаслиги керак», — дейди актриса.

Эслатиб ўтамиз, актёр, режиссёр ва хонанда Азиз Раметов 1988 йилнинг 10 июлида таваллуд топган. У шу кунгача «Шабнам», «Ўтов», «Йўл бўлсин» каби фильмларда ранг-баранг ролларни ижро этган. Режиссёрлигида суратга олинган «Арслон изи» фильми ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Азиз Раметов уйланмоқда: Саида Раметова кенжа келинини қандай топгани ҳақида сўзлаб берди