16:19 / 26.03.2022
1 604

«Биз хусусий телеканалларга таъсир қила олмаймиз» – Озодбек Назарбеков

«Биз хусусий телеканалларга таъсир қила олмаймиз» – Озодбек Назарбеков
Маданият вазири Озодбек Назарбеков санъат ва маданият вакилларининг ахлоқи, саҳна маданияти, этика қоидаларига риоя қилишига оид жуда кўплаб мурожаатлар келаётгани ва уларга қандай чора кўрилаётгани тўғрисида маълумот берди, деб ёзади ЎзА.

Маълум қилинишича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда санъат аҳлининг айрим вакиллари «рамка»га тўғри келмайдиган чиқишлари билан оммани ўзига қаратмоқда. Саҳна маданиятини, этика қоидаларини унутаётган, томошабинга нисбатан қўпол муносабатини очиқдан очиқ намойиш этаётган вакиллар ҳам йўқ эмас.

Озодбек Назарбеков Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган эшитувида бу борада вазирлик томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётганига тўхталиб ўтган.

- "Ҳақиқатан ҳам вазирлигимизга санъат ва маданият вакилларининг ахлоқи, саҳна маданияти, этика қоидаларига риоя қилишига оид жуда кўплаб мурожаатлар келади. Бу борада «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси қошидаги Бадиий кенгаш қарори билан ўша санъаткорларнинг саҳнага, телеканалларга чиқишига тақиқ қўйиш ёки лицензиясини олиб қўйиш билан жазо чоралари кўрилади.

Аммо ҳозир биламизки, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам бемалол ўз ижод намуналарини тарқатиш мумкин. Қолаверса, хусусий телеканаллар ҳам мустақил. Маданият вазирлиги билан фақат ЎзМТРК ҳисоблашиши мумкин. Яъни бизнинг тақиқларимизни МТРК таркибидаги телеканаллар инобатга олади, хусусий телеканалларга таъсир қила олмаймиз. Клипларни эфирдан олдириб ташлаш бизнинг ваколатимизда эмас.

Бу борада махсус бир жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифини билдирмоқчиман. У ким бўлишидан қатъи назар, миллат маънавиятига зид чиқишлар қиладими, албатта, ана шундай кенгашлар томонидан тартибга солинса, мақсадга мувофиқ бўлади
", - деди Озодбек Назарбеков.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Севимли» телеканалида эфирга узатилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсиз саҳна акс этгани айтилган кадр тарқалгани, АОКА ҳолат назоратга олиниб, текширув ишлари бошлангани маълум қилинганди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сериалдаги ахлоқсизлик саҳналари юзасидан экспертиза ўтказди. Экспертиза натижалари кўра, лавҳа сюжетидаги ўғрининг аёлга қилган хатти-ҳаракатлари куч ишлатиш йўли билан номусига тегишга уриниш саҳнаси сифатида баҳоланди.

Бундай телесериалларнинг намойиш этилиши ёшлар ўртасида хотин-қизларга нисбатан куч ишлатишга мойилликни оширишга хизмат қилади. «Сабрия» номли миллий телесериал бўйича тайёрланган экспертиза хулосаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага жўнатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Биз хусусий телеканалларга таъсир қила олмаймиз» – Озодбек Назарбеков