19:47 / 27.03.2022
1 953

«Маданият вазирлиги қониқарсиз ишламоқда» — Сенатда Озодбек Назарбеков раҳбарлик қилаётган вазирлик танқид қилинди

«Маданият вазирлиги қониқарсиз ишламоқда» — Сенатда Озодбек Назарбеков раҳбарлик қилаётган вазирлик танқид қилинди
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида 25 март куни Маданият вазирлиги фаолияти муҳокамасига доир мажлис бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, унда маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида олиб борилган ишлар юзасидан маданият вазирининг ахбороти эшитилган. Муҳокамалар жараёнида соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланган. Жумладан, вазирлик тизимида олий маълумотли малакали кадрлар тақчиллиги жойларда маданият соҳасида давлат сиёсатининг самарали олиб борилишига, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига салбий таъсир кўрсатган.

Собиқ маданият вазири, қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев маданият вазирлиги тизимини танқид қилган: «Тизим бўлмагандан кейин натижа кўринмайди. Икки йилдан бери кутамиз, янги вазир, ўзига келиб олсин, ўргатмайлик дедик ва ниҳоят чегарага етиб келдик».

Сенатор Сайфуллаев Маданият вазирлиги тизимида олий маълумотли кадрлар етишмаётганини танқид қилиб, билимсиз ходимларни четлаштириш таклифини билдирган.

«Вазирни уялтираётган, вазирнинг оёғидан тортаётган, вазирликни шарманда қилаётган мана шунақа ходимлар», — деган у.

Эътирозларга жавобан Назарбеков маълум муддат вазирлик тизимидаги ходимлар маоши кескин тушиб кетгани ортидан ходимларда ишчанлик қобилияти пасайганини, аммо ҳозирда вазият ижобий ҳал этилганини маълум қилган.

«Ўша пайтларда нафақат талаб қилсам, ҳатто, сал қовоқ солиб, қаттиқ гапирсам ҳам кетиб қолаётганди, ходимлар. Ўзи зўрға юришганди», — дейди вазир.

Унинг айтишича, ҳудудларда давлат-хусусий шерикчилик асосида маданият марказлари ва истироҳат боғлари ташкил этиш, уларга туман/шаҳар марказларидан жой ажратиш белгиланган. Аммо ишни амалга оширишда тўсиқлар мавжуд.

Қўмита раиси вазирлик Сенат билан бамаслаҳат иш олиб бормаганини, мавжуд муаммоларни бартараф этишда ёрдам сўрамаётганини, берилаётган имкониятлардан фойдаланолмаётганини таъкидлаган.

Йиғилиш сўнггида қўмита раиси томонидан мутасаддиларга бир кун муддат ичида муаммолар ечимига қаратилган таклифларни бериш талаби қўйилган.

«Ҳозир қатъий қарор қабул қила олмайман. Мен маданият вазирлиги ишини қониқарсиз деб топаман», — дея йиғилишга якун ясаган Сайфуллаев.

Маълумот учун, Озодбек Назарбеков 2020 йилнинг январидан буён Маданият вазири лавозимида ишлаб келмоқда. Ундан аввал вазирликка 2017 йилдан буён Бахтиёр Сайфуллаев раҳбарлик қилиб келган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Маданият вазирлиги қониқарсиз ишламоқда» — Сенатда Озодбек Назарбеков раҳбарлик қилаётган вазирлик танқид қилинди