
2016 йилнинг 13-14 май кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Қор маликаси” номли биринчи оилавий мюзиклнинг ижодкорлари томонидан яратилаётган янги “Менинг Тошкентим” мюзиклининг премьераси бўлиб ўтади.
Мюзикл сюжетига бир маҳалланинг ҳаёти, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи одамларнинг ички кечинмалари, муҳаббати, оилавий муносабатлари ва улар ҳаётининг бошқа ёрқин тарафлари асос қилиб олинган.
Саҳналаштирувчи режиссер сифатида 2012 йил «M&TVA-2012» маросимида “Йил кашфиёти” номинациясида ғолиб бўлган ва “Қор маликаси” оилавий мюзиклини саҳналаштиришда ўз ёрқин тарафларини номоён этган Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовлар иштирок этишмоқда. Шу билан бирга Ҳасан Солиҳов бошловчи ролини ҳам ижро этади. Мюзикл мусиқаси бастакор Адҳам Абдураимов томонидан яратилмоқда. “Аладдин” эстрада студиясининг асосчиси ва бадиий раҳбари Рустам Ҳамроқулов эса ушбу лойиҳанинг вокал буйича раҳбари сифатида иштирок этмоқда.
Бош ролларни ижро этиш учун таниқли эстрада хонандалари, кино ва театр актерлари таклиф этилган: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова, Мухаммадисо Абдулхаиров, Адиз Ражабов, Асал Шодиева, Шадиша ва бошқалар. Шунингдек саҳнада кастинг асосида танлаб олинган истеъдодли ёш ижрочилар ўз маҳоратларини намойиш этадилар.
Намойиш бир вақтнинг ўзида ўзбек ва рус тилларида тақдим этилиб, пойтахтимизнинг барча аҳолиси учун томошадан завқ олиш имкониятини яратади.
Саҳналаштирувчи режиссер Ҳусан Солиҳов ўз таасуротлари билан ўртоқлашди: “Мюзиклнинг барча иштирокчиларини ўз она шаҳрига ва асосийси ўз халқига нисбатан бўлган муҳаббат бирлаштирган. Биз ушбу тадбир орқали ҳар бир маҳалланинг чиройи, аҳолиси ва улар ҳаётини тасвирлаб бермоқчимиз. Замонавий усулда аранжировка қилинган ретро қўшиқларнинг жонли ижроси, беқиёс хореография, ёрқин сценография ва бетакрор костюмлар бизнинг шаҳримизнинг рангбаранглиги ва жозибадорлигини очиб бера олади, деб умид қиламиз”.
Тадбирга билетларни “Истиқлол” санъат саройи кассаларидан, ҳамда UZCARD ва Click электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда сотиб олиш мумкин.
“Менинг Тошкентим” - бу янги турдаги саҳна кўриниши бўлиб, жонли ижро имкониятларини, ёрқин декорациялар, актерлик маҳорати ва муллифлик ёндошувини тарғиб этишга қаратилган.
Ташкилотчилар “Менинг Тошкентим” шаҳримизнинг “ташриф қоғози” бўлиб қолишига ва кўп йилларга муҳлислар қалбида ўрин эгаллашига умид қилишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар