21:48 / 09.04.2022
11 350

Қариндош эканини кўпчилик билмайдиган ўзбек санъаткорлари (фото)

Қариндош эканини кўпчилик билмайдиган ўзбек санъаткорлари (фото)
Ҳар бир соҳада бўлгани каби санъат оламида ҳам бир қозонда қайнаётган қариндошларнинг борлиги табиий. Уларнинг айримлари қондошлик ришталарини оммага овоза қилса, баъзилари бу ҳақда гапиришни истамайди. «Дарё» қариндош эканини кўпчилик билмайдиган санъаткорларни бир саҳифага жамлади.

Дилором Каримова ва Малика Иброҳимова

Коллаж: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артистлари Дилором Каримова ҳамда Малика Иброҳимованинг опа-сингил эканлигини кўпчилик билмаса керак. Дилором Каримова 1948 йилнинг февраль ойида, Малика Иброҳимова эса 1949 йилнинг октябрида таваллуд топган. Бу икки устоз санъаткорлар мактабда бир вақтда таҳсил олган.

Зиёда ва Отабек Мадраҳимовлар

Коллаж: «Дарё»
90 йилларнинг машҳур хонандаси Отабек Мадраҳимов таниқли балетмейстер, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Мадраҳимованинг ўғли ҳисобланади. У тўққиз йилдирки, оиласи билан АҚШнинг Филаделфия шаҳрида истиқомат қилади. Хонанда океан ортида логистика компаниясини ташкил қилган. Компания жуда катта бўлиб, унинг Тошкентда ҳам филиали бор.

Рихси Иброҳимова ва Насиба Ибрагимова

Коллаж: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова ҳамда олий тоифали диктор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Насиба Ибрагимова опа-сингил ҳисобланади. Лекин улар интервьюларида негадир бу ҳақда жуда кам сўз юритади.

Дилноза ва Темур Кубаевлар

Фото: Instagram / @thetimurkubayev
Кино ва театр актрисаси Дилноза Кубаева оилада ягона қиз бўлиб, икки акаси ва бир нафар укаси бор. Укаси Темур Кубаев опасининг касбини танлаган. У бугунги кунда телебошловчи ва актёр сифатида ўз мухлисларини топиш йўлида фаол ижод қилмоқда. Темур «Дайди қизнинг дафтари» сериалидаги Акмал образи билан томошабинлар эътиборини қозонган.

Севара Назархон ва Қундузхон Абдуллаева

Коллаж: «Дарё»
Теле ва радиобошловчи Қундузхон Абдуллаева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон билан холавачча бўлади. Қундузхон Фарғонада, Севара эса Андижонда туғилиб, вояга етган.

Муҳаббат ва Нозим Тўлахўжаевлар

Коллаж: «Дарё»
Биргина «Мафтунингман» фильмидаги қизалоқ Муҳаббат роли билан танилган Муҳаббат Тўлахўжаева Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўланинг фарзанди. Кинони эмас, санъатшуносликни танлаган Муҳаббат Тўлахўжаева кўп йилдан бери Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талабаларга сабоқ бериб келмоқда. У машҳур актёр Нозим Тўлахўжаевнинг опаси ҳисобланади.

Дилфуза Раҳимова ва Шаҳло Рустамова

Коллаж: «Дарё»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова ҳамкасби билан овсин бўлган. У ва хонанда Шаҳло Рустамова фарғоналик ака-укаларга турмушга чиққан.

Жавоҳир Зокиров ва Оҳиста Жамшид

Коллаж: «Дарё»
Зокировлар сулоласининг Оҳиста Жамшид тахаллусида ижод қилувчи вакили борлигини кўпчилик билмайди. Таниқли актёр Жавоҳир Зокировнинг синглиси бўлган Оҳиста Жамшид қўшиқчи сифатида ўз аудиториясига эга. Жонли ижрода қўшиқлар айтадиган хонанда турли давра ва саҳналарда сулола вакили эканлигини айтишни истамайди.

Опа-ука Бекжоновлар

Коллаж: «Дарё»
«Аристократлар» жамоасининг 27 ёшли аъзоси ва телебошловчи Диёрбек Бекжонов таниқли дубляж актрисаси Дилдора Бекжонованинг укасидир. Улар устоз санъаткорлар – Меҳри ва Александр Бекжоновларнинг фарзандлари бўлади.

Муаллиф: Миролим Исажонов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қариндош эканини кўпчилик билмайдиган ўзбек санъаткорлари (фото)