Ўзбекистонда ўртача пенсия 2 миллион сўмдан ошиши кутилмоқда

Ўзбекистонда келгуси йилларда ўртача пенсия миқдори босқичма-босқич ошиб, 2029 йилга келиб 2 миллион сўмлик маррадан ўтиши мумкин. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия ҳужжатида маълум қилинган.
Ҳужжатда келтирилган прогнозларга кўра, ҳозирда ўртача 1,7 миллион сўмни ташкил этаётган пенсия миқдори 2027 йилда 1,8 миллион сўмга, 2028 йилда 1,9 миллион сўмга, 2029 йилга бориб эса 2,1 миллион сўмга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, пенсия олувчилар сони ҳам йил сайин ортиши прогноз қилинган. Жумладан, 2026 йилда 4 миллион 427 минг нафар бўлган кўрсаткич 2027 йилда 4 миллион 592 минг нафарга, 2028 йилда 4 миллион 760 минг нафарга ва 2029 йилда қарийб 4 миллион 940 минг нафарга етиши тахмин қилинмоқда.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳолат Пенсия жамғармаси харажатларининг ҳам сезиларли ошишига олиб келади. Хусусан, жамғарма харажатлари 2027 йилда 95,7 триллион сўмни ташкил этиши мумкин. Бу 2026 йилга нисбатан 11 фоизга кўпдир. 2028 йилда ушбу кўрсаткич 106,9 триллион сўмга, 2029 йилда эса 119,4 триллион сўмгача етиши прогноз қилинмоқда.
Жамғарма даромадлари ҳам ўсиши кутилмоқда. Унга кўра, 2027 йилда 73,8 триллион сўм, 2028 йилда 83,3 триллион сўм ва 2029 йилда 96,1 триллион сўм тушум бўлиши тахмин қилинган. Даромадларнинг асосий қисми ижтимоий солиқ ҳисобига шаклланади.
Бироқ жамғарма харажатлари даромадлардан юқори бўлиб қолаётгани сабабли, давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар ҳам босқичма-босқич кўпайтирилиши режалаштирилган. Хусусан, 2027 йилда бу мақсад учун 23 триллион сўм, 2028 йилда 25 триллион сўм ва 2029 йилда 27 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Фискал стратегияда таъкидланишича, пенсия тизимидаги харажатларнинг доимий ўсиши ва даромад базасининг чекланганлиги давлат бюджетига тушаётган юкламани оширмоқда. Шу боис тизимни янада такомиллаштириш мақсадида норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий солиқ бўйича имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиш, ўзини ўзи банд қилган шахсларни пенсия тизимига кенгроқ жалб этиш ҳамда тўланган ижтимоий солиқ билан тайинланадиган пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш таклиф этилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ўзгаришлар амалга оширилса, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан ўртача 8 фоизга ошиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…