Ўзбекистонни яна кучли жазирама кутмоқда

Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати ошиб, айрим ҳудудларда 42 даражагача етади. 8–9 август кунлари мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ҳарорат 37–40 даража, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 41–42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Асосий ҳудудларда ёғингарчилик бўлмайди, тоғли жойларда эса қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати янада ошиши кутилмоқда. Ўзгидромет маълумотига кўра, республика ҳудудида иссиқлик аста-секин кучайиб, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 42 даражагача етади.
Синоптикларнинг билдиришича, бугун кундузи мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ҳаво 34–37 даража атрофида бўлади. 8–9 август кунлари эса ҳарорат 37–40 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса айрим жойларда 41–42 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Кутилишича, дам олиш кунлари республика бўйича ҳаво қисман булутли ва айрим ҳудудларда ўзгарувчан бўлади. Асосий ҳудудларда ёғингарчилик кузатилмайди. Фақат тоғли жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Мутахассислар Тошкент вилояти ҳамда Фарғона водийсининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел ва сув тошқини юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу боис мазкур ҳудудларга дам олиш учун йўл оладиган фуқаролар эҳтиёткор бўлиши тавсия этилган.
Шунингдек, 8–9 август кунлари республика шимоли ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда эса чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Пойтахтда ҳам ҳаво қуруқ бўлади. Тошкент шаҳрида бугун кундузи ҳарорат 36 даража атрофида сақланса, дам олиш кунлари 37–39 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Кечалари эса ҳаво ҳарорати 21–24 даража атрофида бўлади. Шамол шарқ томондан 3–8 метр/сония тезликда эсади.
Синоптиклар аҳолига куннинг энг иссиқ вақтларида узоқ вақт очиқ ҳавода юрмаслик, кўпроқ сув истеъмол қилиш ва қуёш нурларидан эҳтиёт бўлишни тавсия қилмоқда.






























Изоҳлар 0
…