19:50 / 21.07.2018
4 985

Депутат: "Арзон уй-жойлар ростдан ҳам арзонми?"

Депутат: "Арзон уй-жойлар ростдан ҳам арзонми?"
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва «Ўзшаҳар қурилиш инвест» директори З.Нарзуллаевга арзон уй-жойлар бўйича депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда депутатнинг ўзи Facebook’даги саҳифасида хабар берди.

- Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига бўлаётган мурожаатлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида қурилаётган уй-жойларнинг нархи катта муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги кўринмоқда.

Хусусан, Сергели туманида бунёд этилаётган арзон уй-жойларга талабгор фуқаролар ўз мурожаатларида, бадал пулини тўлаган вақтда уйларнинг бир кв. метр нархи 2 841 170 сўм бўлганлиги, орадан 5 ой ўтгач эса нарх 3 981 697 минг сўмга ёки (40,1 фоизга) ошириб юборилганлигини билдиришган.

Ўз ўрнида Тошкент шаҳрида арзон бўлмаган уй-жойлар қуриш ва сотиш билан шуғулланаётган бошқа ташкилотларда эса OLX.UZ интернет тармоғида берилган эълонларга кўра уй-жойнинг бир кв. метр учун нархи 3 300 000 ва 3 500 000 атрофида эканлигини кўриш мумкин. Масалан, «ELITE COMPLEX» ташкилоти аҳоли уй-жойларини қуришни калити билан кв. метри учун 3 500 000 сўм нархда таклиф этмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, Президент қарори доирасида, солиқ ва бошқа тўловлардан бир қатор имтиёзларга эга бўлган ташкилотлар томонидан уй-жойга муҳтож, етим есир ёки кам таъминланган аҳоли вакиллари учун қурилаётган уй-жойлар худди шундай сифат ва кафолатга эга бошқа уй-жойлардан кўра қимматроққа тушмоқда. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари аҳолини уй-жой билан таъминлашда асосий эътибор оилада бир оила аъзоси ишлаганда ҳам унинг ойлик даромади кредитга олинаётган уйни қоплашга етиши лозимлигини таъкидлаб ўтган эдилар. Айни вақтда эса Сергели туманида қурилаётган 43,57 кв метр уй-жойга бошланғич бадал тўланганидан сўнг имтиёзли даврда бир ой учун кредит фоизи тўловининг ўзиёқ 800 минг сўм атрофида бўлса, имтиёзли даврдан сўнг 1 464 000 сўмга айланмоқда. Худди шундай 79,6 кв метрли уй-жой эса бадал тўланганидан сўнг кредитни қоплашга имтиёзли даврда ҳар ойда 1 720 000 минг сўм, имтиёзли даврдан кейин эса 3 160 000 минг сўмга айланмоқда. Бундай уй жойларни олишга талабгор кам таъминланган оилаларда эса аксарият ҳолларда ойлик даромади ҳар бир оила аъзоси жон бошига ҳисоблаганда энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан ортиқча бўлмайди.

Ҳурматли Жаҳонгир Абидович!

Шу муносабат билан Сиздан, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан, 10 кунлик муддатда Президентнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аҳоли учун қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи, шу жумладан бошқа ташкилотлар қураётган уй-жойларга нисбатан қимматлиги юзасидан асослантирилган тушунтириш беришингизни ва мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот тақдим этишингиз сўралади.
Депутат Р.Кушербаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Депутат: "Арзон уй-жойлар ростдан ҳам арзонми?"