18:15 / 29.04.2022
984

«Бунёдкор» президенти Хорватия элчиси билан учрашди ва ўзаро келишувга эришди

«Бунёдкор» президенти Хорватия элчиси билан учрашди ва ўзаро келишувга эришди
Фото: Бунёдкор
«Бунёдкор» футбол клуби президенти Меҳриддин Абдуллаев Хорватиянинг Ўзбекистондаги элчиси Рефик Шабанович билан учрашди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 4 декабрь куни эълон қилинган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5887-сон фармонида таъкидланганидек, «футболи ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда, ёшларни профессионал футболчи сифатида тайёрлаш орқали футбол клубларининг бизнес тузилма сифатида шаклланганлигини кўришимиз мумкин.

Мисол учун, футбол ривожланиш истиқболлари жиҳатидан Ўзбекистонга яқин бўлган Хорватия сўнгги ўн йилликда футбол соҳасида шиддатли ўзгаришларни амалга ошириб, Англия, Франция, Италия, Испания, Германия каби футболи йўлга қўйилган мамлакатлар билан рақобатлашиш даражасига чиқди.

Хорватия футбол академияларида тарбияланган маҳоратли спортчилар айнан юқорида номлари келтирилган футболи ривожланган мамлакатларнинг футбол клублари сафини тўлдирди. Бу эса Хорватия томонидан футбол академияларини тубдан ривожлантириш орқали маҳоратли футболчиларни тарбиялаб, мамлакат даромадларини оширишга ҳамда футболчилар ва уларнинг оила аъзолари манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади».

Фото: Бунёдкор
Дарҳақиқат, сўнгги жаҳон чемпионатида финалгача етиб борган Хорватияда миллионлар ўйини юқори даражага чиқди. Хорватия футболининг тараққиёт йўли намуна сифатида қаралмоқда.

Ҳамиша ўз олдига иқтидорли ёшларни тарбиялаб, уларни турли тоифадаги Ўзбекистон миллий жамоаларига етказиб бериш вазифасини устувор санаб келувчи «Бунёдкор» футбол клуби ўз ривожланишида навбатдаги, янги лойиҳага қўл урди.

Фото: Бунёдкор
27 апрель куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти офисида жамият бошқарув раиси, «Бунёдкор» футбол клуби президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия қўмитаси аъзоси Меҳриддин Абдуллаев мазкур масалада Хорватиянинг юртимиздаги элчиси Рефик Шабановични қабул қилди. Учрашув давомида «Бунёдкор» футбол клубининг Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги дўстлик, маданият, спорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги иштироки ва ҳиссаси тўғрисида сўз борди.

«Мен самимий инсонлар юрти Хорватияда бўлганман. Уларнинг футболи қай даражада эканини бутун дунё билади. Қайси машҳур клубни олиб қараманг, таркибида албатта хорват футболчиси бор. Хорватия маҳоратли футболчилар ишлаб чиқарувчи машинага ўхшайди. Шунинг учун ҳам биз Хорватия билан ҳамкорлик қилишни танладик. Фикримча, имзоланадиган ривожланиш бўйича меморандум ҳам узоқ йиллик даврга тузилгани маъқул. Танлов асосида саралаб олинган «Бунёдкор» академиясидаги энг иқтидорли ёш йигитларни Хорватия футбол академияларига юборамиз. Аминманки, улар у ерда янада тобланишади. Чунки футболнинг эртанги куни бу – академия.

Бундан ташқари, «Бунёдкор» академиясидаги мураббийларни ҳам тажриба алмашиш, малака ошириш учун Хорватияга стажировкага юборишимиз мумкин. Хорват жамоаларини эса мусобақаларга юртимизга таклиф қиламиз. Шу орқали Ўзбекистон футболига янги босқичга чиқиб боришига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Бугунги суҳбатимиз учун жудаям хурсандман ва ташрифингизни юқори баҳолайман
», деди Меҳриддин Абдуллаев.

Фото: Бунёдкор
Ўз навбатида, жаноб Рефик Шабанович ҳам ўзининг илиқ фикрларини билдирди: «Элчи сифатида мен мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашни истайман. Илк бор «Бунёдкор» футбол клубига 2021 йилнинг декабрь ойида ташриф буюргандим. Клубнинг гўзал стадиони, замонавий шарт-шароитларга эга академияси билан танишгандим. Эндиликда ўша алоқаларни бундан-да олға суриш ниятидаман.

Ишонаманки, ҳамжиҳатликда биз ўзбекистонлик болалар учун яхши замин ва қулай шароитлар ярата оламиз. Ўзбекистонлик ёш футболчи йигитлар келажакда Европа майдонларида ҳақиқий профессионаллар сингари ўйнаб кетишларига Хорватия футболи кўмаклашиши учун мен қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрман. Агар бу йўналишда мақсадларимизга эришсак, мен ўзимни бахтиёр ҳисоблардим
», деди жаноб элчи.

Фото: Бунёдкор
Учрашув мобайнида ҳамкорликнинг биринчи босқичидаги тадбирлар доирасидаги аниқ режалар бўйича келишиб олинди. Хорватия элчиси «Бунёдкор» академияси жамоаларини Сплит шаҳрида ўтказиладиган йирик халқаро мусобақа – Dalmatinko Cup-2022 турнирига таклиф этди. 1-7 июнь кунлари ташкиллаштириладиган ушбу мусобақада дунёнинг 40дан зиёд мамлакатларидан ёш футболчилар иштирок этади. Улар қаторида бу йилги беллашувларда «Бунёдкор»нинг 2008, 2009 ҳамда 2011 йилларда таваллуд топган футболчилардан иборат уч жамоаси тўп суриши ҳам тасдиқланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Бунёдкор» президенти Хорватия элчиси билан учрашди ва ўзаро келишувга эришди