14:37 / 01.05.2022
1 139

"Насаф" сардори Умар Эшмуродовнинг ОЧЛда кўрган-кечирганлари

"Насаф" сардори Умар Эшмуродовнинг ОЧЛда кўрган-кечирганлари
“Насаф” клуби Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашиб илк бор гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш вазифасини уддалай олди ва бу борада барчамизни қувонтирди. Шу боис қаршиликларни ҳар қанча табрикласак бўлаверади.

Жамоанинг ҳар бир аъзоси бунинг учун муносиб кураш олиб борди. “Насаф” сардори Умар Эшмуродов ўзига билдирилган вазифани аъло даражада бажарди. Айни чоғда Суперлига доирасида “Қўқон-1912” жамоасига қарши ўйин учун тайёрланаётган Эшмуродов ОЧЛдаги кўрган-кечирганлари хусусида гапирди.

“Барчаси жиддий рақиблар эди”
- Ўйлайманки, гуруҳда яхши ўйинларни ўтказа олдик. Кўрганингиздек, барчаси кучли ва жиддий рақиблар эди. Биз ҳам пухта тайёрлангандик, чунки осон учрашувлар бўлмаслигини яхши тушуниб тургандик. Худога шукр, гуруҳдан эсон-омон ўтиб олдик. Кейинги босқич учрашувлари келаси йилнинг февраль ойида ўтказилади. Энди бу ёғига ўзимизни чемпионат ва Кубок ўйинларига эътиборимизни қаратамиз. Дастлабки вазифамиз гуруҳдан чиқиш эди, бу ниятимизга эришдик.

“Ал-Садд”га қарши баҳс оғир бўлди”
- Гуруҳдаги барча беллашувлар қийин бўлди. Нега деганда, ўртада фақат 2-3 кун вақт бўлди холос. Ўйинлар мана шундай тиғиз график асосида ўтказилди. Менинг фикримча, учрашувлар орасида энг қийини “Ал-Садд”га қарши баҳс бўлди. Айниқса, 3:1 ҳисобида ютган бўлишимизга қарамай, мазкур беллашув анча оғир кечди. Чунки ютишимиз учун жуда кўп югурдик. Буни ўзимда ҳам сездим. Бошқа ўйинларга қараганда, шу куни анча югурганимиз билинди. Бу учрашувда ютқазсак ёки дуранг ўйнасак имкониятимиз пасайиб кетарди. “Ал-Садд”ни мағлуб этганимиздан кейин шуни сездимки, ўзимда ҳам, бошқаларда ҳам чарчоқ аломатлари кўпроқ эди.

“Бутун жамоа билан ҳамжиҳатликда ўйнадик”
- Гуруҳдан чиқишимиз учун 100 фоиз дея олмасам-да, барибир ишончимиз бор эди. Лекин мусобақадан олдин ўзимга-ўзим ҳам аниқ чиқамиз деб айтмаганман. Шунга қарамай, охиригача мақсадимиз йўлида жиддий курашишимизни билардим. Гуруҳдан чиқсак бўлади, дея жамоадошларимга ҳам айтганман. Шунинг учун бутун жамоа билан ҳамжиҳатликда ўйнадик.

“Бизни қониқтирмаётган натижа бўлганида ўйинимизга қўшардик”
- “Ал-Садд”ни мағлубиятга учратганимиздан кейин гуруҳдан чиқишимизга тўлиқ ишона бошладик. Гуруҳдаги сўнгги турда охирги қадамни қўйиш керак эди. Дуранг қайд этган бўлсак ҳам охирги қадамни қўя олдик. Агарда ўшанда ютишимиз шарт бўлганида ўйинимизга яна қўшардик. Руҳий тарафдан вазият шунақа бўлиб қолди. Биз йирик ҳисобда ютқазмасак кейинги босқичга чиқишимизни билиб тургандик. Шу боис бу ҳолат табиийки, руҳий томондан таъсир қилиши мумкин эди. Мабодо, бизни қониқтирмаётган натижа қайд этилаётганида чарчаган бўлишимизга қарамасдан ўйинимизни янада кучайтирган бўлардик.

“Қаергача боришимиз тақдирдан”
- Ҳеч қачон ўйиндан олдин бу рақибни ютамиз, деб катта гапирмаганмиз. Бу ёғига ҳам 100 фоиз кучимизни бериб ҳаракат қиламиз. Қаергача боришимиз тақдирдан. Аммо шуни аниқ айта оламанки, жамоамиз билан охиригача курашамиз ва боримизни берамиз.

“Ал-Шабаб” ҳам “Ал-Садд” савиясидаги жамоа”
- Тўғриси, ҳали “Ал-Шабаб”нинг ўйинини кўрганим йўқ. Чунки бу баҳс февралда бўлиб ўтади. Ҳали вақтимиз кўп. Унгача трансфер ойнасида уларнинг таркиби ҳам ўзгариши мумкин. Молиявий томондан жамоаси яхши ҳолатда. Шу боис ҳозир кўрган нарсамиз кейинчалик ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. “Ал-Шабаб”ни ҳам яхши жамоа деб эшитдим, савияли легионерлари бор экан. Гуруҳда ҳам улар яхши қатнашишди. Ўйлашимча, “Ал-Садд” савиясидаги жамоа бўлса керак.

“Таркибни кучайтиравериш керак”
- Таркибимизни барибир кучайтиравериш керак. ОЧЛда жиддий рақиблар бор. Клубимиз қўлдан келганича ҳаракат қилади. Ўзимиздан ҳам иқтидорли ёшлар етишиб чиқяпти. Агар таркибни кучайтириш имкони бўлса, бизникилар қараб туришмайди. Лекин 5-6 нафар футболчи олиш керак демайман, нари борса, 1-2 та тажрибали ўйинчиларни қўшиб олса етади ва барчаси тайёргарликка яраша бўлади.

“Энди Суперлигага жиддий қараймиз”
- Суперлига ўйинларига худди Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларига кўрган тайёргарлигимиз каби тайёрланяпмиз. Сафардан қайтгач, бир кун дам олдик. Олдимизда энди чемпионат билан Кубок ўйинлари бор ва жиддий ҳозирлик кўраверамиз. Ҳозирги ҳолатда ҳам жисмоний томондан жуда толиқиб кетдик дея олмайман, барчаси жойида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Насаф" сардори Умар Эшмуродовнинг ОЧЛда кўрган-кечирганлари