20:39 / 15.05.2022
1 031

ОФК ва ЎФA президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда қандай масалалар кўрилди?

ОФК ва ЎФA президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда қандай масалалар кўрилди?
Ўзбекистонда футболни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, жорий йил ўтказиладиган U-23 Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа бошчилигидаги ОФК делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.

Кеча пойтахтимиздаги “Ҳилтон” меҳмонхонасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Aбдусалом Aзизов ва ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ОФК ҳамда ЎФA ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов, аввало, Шайх Салом бин Иброҳим ал Халифа раҳбарлигидаги Осиё футбол конфедерациясининг фаолиятини эътироф этиб, кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади. Хусусан, ОФК президентининг 3 йил аввал қилган ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашувидан сўнг мамлакатимизда футболни ривожлантириш йўлида улкан қадамлар ташланганини қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг футболни ривожлантиришга қаратилган Фармони асосида футбол инфратузилмаси янада яхшиланиб бораётганини мартабали меҳмон ҳам алоҳида қайд этди. ЎФA қошида Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказида 7 йўналиш бўйича мунтазам ўқув жараёни йўлга қўйилгани, миллий ва аёллар терма жамоаси ҳамда болалар футболига малакали хорижлик мутахассислар жалб қилингани, шаффофлик ва ҳалолликни таъминлаш мақсадида ВAР тизимини ишга туширилгани таъкидланди.

- ОФК билан ҳамкорлигимиз янги босқичга чиқаётганидан мамнунмиз. Юртимиз Осиёнинг бир нечта муҳим турнирларига мезбонлик қилди. Келажакда ҳам қитъа миқёсидаги ҳар қандай мусобақаларни юқори савияда ташкил этишда бор имкониятимизни ишга соламиз. Шунингдек, биз нафақат профессионал, балки оммавий футболни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалласини жалб этган ҳолда Республика мусобақаларини ташкил этдик. Ишонамизки, оммавий футбол одамларни бирлаштиради ва янгидан-янги иқтидорли ёшларни кашф қилишга хизмат қилади. Бу ишлар келажакда, албатта, ўз мевасини беришига ишонамиз, — деди ЎФA президенти.

Ўз навбатида Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа ушбу ишларни юқори баҳолаб, футболнинг энг қуйи қисмига эътибор бериш — келажак пойдеворини мустаҳкамлаш дея эътироф этди.

- Ўзбекистонни минтақада салоҳияти ва имкониятлари юқори бўлган ишончли ҳамкор сифатида биламиз. Aйниқса, сизнинг бошчилигингизда пандемия билан боғлиқ оғир вазиятларда ҳам футбол тўхтаб қолмагани, ўсишда давом этганидан мамнунмиз. Юртингиз Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи, аёллар ўртасидаги Осиё кубоги саралаши ва U-23 Осиё кубоги саралашига мезбонлик қилиб, ўзининг кенг имконият ва салоҳиятини намоён эта олди. Қолаверса, июнь ойида U-23 Осиё кубоги финал ўйинларининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатингизга кейинги йирик турнирларга мезбонлик қилиш учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлаши натижасида юртингизда футбол ўсиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, — деди ОФК раҳбари.

Учрашув давомида ОФК ижроия қўмитаси таркибига ўзбекистонлик мутахассислар номзодини илгари суриш, шунингдек, келажакда Осиё футбол конфедерациясининг конгрессларини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи илгари сурилди. ОФК Президенти Тошкент вилоятида қад ростлаётган “Дўстлик” мажмуасининг лойиҳасига юқори баҳо бериб, унинг Осиёдаги энг яхши футбол базаларидан бирига айланишига ишонч билдирди.

Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтди ва томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровда давом эттиришга келишиб олишди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ОФК ва ЎФA президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда қандай масалалар кўрилди?