23:52 / 24.05.2022
1 157

"Бунёдкор"га қарши ўйиндаги супер камбэкдан сўнг "Насаф" устози нималар деди?

"Бунёдкор"га қарши ўйиндаги супер камбэкдан сўнг "Насаф" устози нималар деди?
Суперлига 10-туридан жой эгаллаган "Бунёдкор" – "Насаф" баҳсидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фикрларини билдириб ўтди.

- Ўйин ҳақида
- Учрашув ажойиб муҳитда ўтди. Жуда кўп мухлисларимиз келишди, бундан хурсандмиз. Ғалабани уларга бағишлаймиз.

Ўйинга келсак, хато билан бошладик. Ўйиндан ташқари ҳолат яратишда хатога йўл қўйиб, гол ўтказиб юбордик. Ундан кейин асабийлашмадик. Ўйлайманки, жамоамиз бунга тайёр эди, шу боис охиригача ҳаракат қилдик. Иккинчи голдан кейин ташаббус биз тарафга ўтди. Бугун ҳар тарафлама рақибдан устунлик қилдик.

- Футболчиларингиз 1 ҳафтадан бери Тимур Кападзе қўл остидаги терма йиғинида эди. Нега хоҳлаган пайтда уларни қўйиб юбориб, истаганингизда чақириб олдингиз?

- Кападзе таркибидан фақат бир ўйинчини олдик. Бу – Ҳусайн Норчаев. Бу келишилган ҳолда шундай қарорга келдик. Кападзе, ПФЛ ва ассоциация билан келишиб, уни жалб қилдик.

- "Бунёдкор" суст қаршилик кўрсатишини кутганмидингиз?

- Биз кўпроқ ўз ўйинимизга эътибор қаратдик. Йигитларга ўйиндан олдин берган кўрсатмаларимизда ҳам ҳаммаси ўзимизга боғлиқлигини тушунтиргандик. "Бунёдкор"га имкон берсангиз яхши ўйнайди. "Бунёдкор"ни кучсиз деб бўлмайди. Фақат бир текисда ўйнолмаяпти, бу бугун ҳам кўринди. Улар баъзида жуда кучли ўйин кўрсатяпти, баъзида эса барқарорлик етишмаяпти.

- "Насаф" жуда яхши формага кириб олган пайтда 11-тур ўйини қолдирилди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Бизда охирги ўйинларда Неъматов, Давронов ва Норчаев барқарор ўйин кўрсатиб, асосий таркибда ўйнаётганди. Биз уларни йўқотиб, муаммога учрамаслик учун бу ўйинни қолдиришга қарор қилдик. Чунки ҳужум чизиғимизда Норчаевнинг ўрни бўлакча. Шунингдек, дарвозабонимиз Неъматов ҳам гувоҳи бўлганингиздек, Чемпионлар Лигасида ўзини яхши тарафдан намоён этди.

- "Насаф" ушбу мавсумда жамоа ўзагини сақлаб қолди. Мухлислар ҳар йилгидан кўра чемпионликка яқин эканлигини айтишмоқда. Мураббий сифатида сизнинг фикрингиз қанақа?

- Тўғрисини айтишимиз керак, чемпионлик ҳақида ўйлаётганимиз йўқ. Лекин йигитлар билан олдимизга ҳар бир ўйинда максимал даражада ғалаба қозонишни режа қилганмиз. Чемпионлик мавсум охирида ҳал бўлади. Ўзингиз кўриб турибсиз, жорий мавсумда 6-7 та жамоа чемпионлик учун курашмоқда. Албатта, бу осон бўлмайди.

Ҳар йили ўйинчиларимизни йўқотиб, муаммога учрар эдик. Бир йили жамоани яхши шакллантириб, 2-ўринни олганимизда ҳам футболчиларимизни қўйиб юбориб, қийин вазиятда қолгандик. Ҳозирги кунда йигитларимиз билан шартномани узоқ йиллик муддатга мўлжаллаганмиз. Шу боис жамоа ўзагини сақлаб қолдик ва айрим футболчиларни таклиф қилдик. Бироқ таклиф этилганлар биз кутгандек ҳаракат қилишмаяпти. Шунинг учун биринчи даврадан кейин ўзгаришлар бўлиши мумкин.

- Абубакрризо Турдиалиев Саудия Арабистони ва Қатар жамоаларидан қизиқиш бўлмоқда. Унинг айтишича, Осиё чемпионатидан кейин трансфер амалга ошиши мумкин экан. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

- У бизга тегишли ўйинчи. Лекин бу ҳақда сиздан эшитяпман. Сизга ўзи шундай дедими? У бу мавзуда "Насаф" билан маслаҳатлашиши керак, ҳозирги ҳолатда унга буни таклиф қилмаган бўлардим. Чунки у бу йил "Олимпик"да кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун ижарага берилди. Энди 15 та ўйин ўйнаб, қаергадир кетишни ўйлаб қолиши яхши эмас. Араб жамоаларига тайёр ҳолатда борсангиз бўлади. Шу боис ўсишни истаса, кўпроқ ўйин амалиёти бериладиган жамоага бориши лозим.

- Қайси футболчингиз ўйинидан қониқмадингиз?

- Бошида айтганимдек, ўйиндан ташқари ҳолат юзага келтиришда хатога йўл қўйдик. Кейинроқ видеода кўриб чиқамиз. Эҳтимол, Умид Эргашев вазиятга яқинроқ келиб, чиқиб келиши мумкин эди.

Кейин иккинчи таймда марказий ҳимоячиларимиз хато қилишди, Умид Эргашев ўша вазиятда бирга-бир ҳолатда яхши ҳаракат қилди. Ўша жойларда йигитларга эътироз билдирдим. Футболчиларимиз бир хил даражада ўйнаши учун кўпроқ руҳий тарафдан тавсиялар беряпмиз. Чунки жамоа руҳан қанчалик тайёр бўлса, ҳар бир ўйинда барқарорликка эга бўлиш мумкин. Йигитларга кўп айтаман, биз бошқа жамоадан тезроқ ва кўпроқ югуришимиз керак бўлади.

- Кеча "Пахтакор" бош мураббийи терма жамоа йиғини туфайли қисқа муддат ичида кўп ўйинлар ўтказилаётганидан нолиганди. "Насаф"да ҳам "Пахтакор" билан бир ҳил ҳолат. 11-тур ўйини қолдирилгани туфайли ўйинчиларга дам берасизми?

- Биз йигитларга 30 майгача дам бердик. Лекин биласизлар, Олимпия ва ёшлар терма жамоалари йиғилади. Шу боис мен машғулот ўтказишимга ҳам ўйинчи қолмас экан. Ҳисоблаб кўрсам, 8 киши қоларкан.

- Сиз терма жамоага ва "Пахтакор"га анча ўйинчи етказиб бердингиз. Шунча меҳнат қиласиз, лекин тайёр футболчини олиб кетишади. Мана Абдихолиқов Беларусда зўр ўйнамоқда. Мисол учун, Гадоев қандай истеъдодли футболчи эди. Жамоадан жамоага ўтиб, йўқ бўлиб кетди. Сизда қилган меҳнатингизга ачиниш бўладими?

- Албатта, бу футболчилар билан катта ютуқларга эришишни хоҳлайсиз. Агар ўйинчиларимизни сақлаб қолсак, биз мақсадларимизни юқори қўйсак бўлади. Баъзида ачинишга сабаблар топилади, лекин бу – ҳаёт, бу – футбол. Буни яхши томонлари ҳам бор. Масалан, агар Абдихолиқов кетмаганда, Ҳусайн Норчаев бу даражага чиқмасди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бунёдкор"га қарши ўйиндаги супер камбэкдан сўнг "Насаф" устози нималар деди?