Элдор Шомуродов “Рома”га келгунга қадар учта мамлакат юқори дивизионида “Машъал”, “Бунёдкор”, “Ростов” ва “Женоа” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Бироқ, мамлакатимизнинг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси илк совринини Рим клубида қўлга киритди.
Айни пайтда Элдор Шомуродов УЕФА Конференциялар лигасидаги ғалабасини нишонламоқда ва узоқ яқиндан табрикларни қабул қилиб олмоқда.
Конференциялар лигаси – УЕФА таснифидаги янги мусобақа. Бу турнир “кўҳна қитъа”даги мамлакатларнинг Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида кам ўйнаётган жамоалари учун халқаро майдонга йўл очиш мақсадида ташкил этилган.
Энг муҳим жиҳати, мавсум давомида бу мусобақада Европа лигасининг гуруҳ босқичидан ўтолмаган, лекин ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган жамоалар қўшилиб боради. Бу омил турнирнинг нуфузини кескин оширади.
Конференциялар лигасида ғолиб чиққан жамоага бош соврин билан бирга келаси йили УЕФАнинг иккинчи катта турнири – Европа лигасида қатнашиш ҳуқуқи берилади.
Демак, Конференциялар лигаси финалида Нидерландиянинг “Фейеноорд” жамоасини мағлубиятга учратган “Рома” ва унинг ҳозирги футболчилари, хусусан, Элдор Шомуродовнинг номи мусобақанинг илк ғолиблари сифатида футбол тарихида абадий қоладиган бўлди.
Элдор Шомуродов финал учрашувида ҳам бир неча дақиқа бўлса-да, ўйнади ва еврокубокларнинг ҳал қилувчи баҳсида майдонда ҳаракат қилган биринчи ўзбек футболчисига айланди.
Умуман олганда, Конференциялар лигасида жами 11 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини бир бор ишғол қилди ва жамоадошларига иккита голли пас узатди. Бу билан ўзбек ҳужумчиси жамоасининг совринига ўзини тўлиқ дахлдор ҳис қилишга муносиб.
Элдор Шомуродов мавсум давомида ўзи иштирок этган барча турнирларда номига гол ёздириб қўйгани жуда аҳамиятлидир. Легионеримиз Конференциялар лигасидан ташқари, А Серияда учта гол ва тўртта ассист билан “Рома”нинг мусобақа жадвалида кучли олтиликка киришига ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, Элдор Италия кубогида ҳам тўп киритиб, бу мусобақада гол урган биринчи ўзбек футболчиси бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг Европадаги илк соврини билан “Ростов”да ҳамюртимизга устозлик қилган Валерий Карпин ҳам табриклади. Ҳозир “Ростов”га қўшиб, Россия миллий терма жамоасини ҳам бошқараётган тажрибали мутахассис Элдор Шомуродовнинг ўйин услубини Европа футболчига мослаштирган мураббий ҳисобланади. Унинг қўл остида Шомуродов 2019-2020 йилги мавсумда Россия чемпионатининг энг кучли футболчилари рўйхатидан ўрин олган. Бундан ташқари, Элдорнинг А Серияга йўл олишида Карпиннинг хизматлари катта бўлганини ҳам таъкидлаш керак.
- Элдорни Конференциялар лигасидаги ғалаба билан табриклайман. Балли, Элдор! Европа турнирида ғолиб чиқди.
Шомуродов бу ғалабага узоқ ва сабр билан эришди. “Ростов”да ҳам сабр қилган эди. Бошида ўйнагани йўқ. Кейин майдонга туша бошлади. У ўз вақтини ва имконини кутди. Ҳаммасига эришди. Яна бир бор балли Элдор!, - деди Валерий Карпин.
Элдор Шомуродов Валерий Карпин устозлик қилган ва Еврокубокларда ғолиб чиққан иккинчи футболчи ҳисобланади. Карпиннинг Европа майдонларда муваффақият қозонган биринчи шогирди “Реал” юлдузларидан Марко Асенсио ҳисобланади.
Маълумки, Валерий Карпин футболчилик фаолиятининг катта қисмини Испаниянинг “Реал Сосьедад”, “Валенсия” ва “Сельта” клубларида ўтказган. Мураббийлик даврида 2014-2015 йилларда ушбу мамлакатнинг “Мальорка” жамоасини бошқарган.
Марко Асенсио ушбу клуб тарбияланувчиси сифатида Карпин бошқарган жамоада тўп тепган ва 2015 йили “Реал” футболчисига айланган.
Асенсио мадридликлар сафида икки мартадан Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубоги, уч маротаба клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққан. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади