13:33 / 01.06.2022
1 151

U-23 Осиё Кубогидаги рақибларимиз ҳақида энг қизиқарли фактлар

U-23 Осиё Кубогидаги рақибларимиз ҳақида энг қизиқарли фактлар
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси рақибларини таҳлил қиламиз. Бугундан бошлаб Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ёшлар (23 ёшгача) Осиё кубоги старт олади. Мусобақа Темур Кападзе шогирдлари гуруҳ баҳсларида Қатар, Эрон ва Туркманистонга қарши майдонга тушади.

“Championat.asia” таҳририяти рақиблар таркибини ўрганиб чиқди. Қуйида улар ҳақида энг қизиқарли фактларни эътиборингизга тақдим этамиз.

Қатар
2020 йилда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида Қатар терма жамоаси Япония сингари гуруҳда қолиб кетади. Мазкур гуруҳни эса Саудия Арабистони ва Сурия терма жамоалари муваффақиятли якунлаб, плей-оффга йўл олади.

Қатар U-23нинг барча футболчилари ўз ватанларида тўп тепади. Айни пайтда жамоа таркибида Европада футбол таълимини олган бир қатор ижрочилар бор. Гап Юсуф Айман, Абдул-Рашид Иброҳим ва “Салоҳ” лақабли – Салоҳ Закария ҳақида кетмоқда. Уларнинг барчаси Бельгиянинг “Эупен” клубида бир йилга яқин вақт давомида бирга бўлишган, кейинчалик фаолиятини қолган қисмини Қатарда давом эттиришмоқда. Яна бир футболчи Али Мал Аллоҳ Испаниянинг “Културал Леонес” клуби академиясида таҳсил олган.

Қатар терма жамоасида нафақат ўзининг Салоҳи, балки Яқин Шарқ учун ноодатий "Андрей" исмли футболчи ҳам бор. Андрей Сяхпутра индонезиялик бўлиб, Қатарнинг "Ал-Гарафа" клубида тўп тепади.

Tranfermarkt маълумотларига кўра, Аҳмад Ал Ганеҳи Қатар ёшлар терма жамоасидаги энг қиммат футболчи (450 000 евро) ҳисобланади. У худди Андрей Сяхпутра каби "Ал-Гараф" шарафини ҳимоя қилади. Жорий мавсумда ҳужумчи Ал Ганехи клуб сафида барча турнирларда 33 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди. Қатар терма жамоасининг умумий қиймати 3,5 миллион еврони ташкил қилади.

Айни вақтда терма жамоа бош мураббийи чилилик Николас Кордова ҳисобланади. Футболчи сифатида Чили терма жамоаси сафида 5 та ўйин ўтказиб, битта гол урган. Кордова фаолиятининг кўп қисмини Италияда ўтказган. У ерда “Бари”, “Брешия”, “Асколи”, “Парма” ва “Ливорно” клубларида тўп тепган. Статистик маълумотларга қарасак, Кордова А ва Б серияларда 250 дан ортиқ ўйин ўтказган (42 гол ва 12 голли узатма).

Николас Қатар U-23 терма жамоасини 2020 йилдан бери бошқариб келмоқда. Аввалроқ у Чилининг 20 ёшгача бўлган футболчилари, шунингдек, Чили ва Перу клубларида ҳам фаолият юритган. Айни дамда Кордоба “Ал Райян” жамоасини ҳам бош мураббий вазифасида ҳам фаолият кўрсатади.

Қизиғи шундаки, "Кордоба"га қадар Қатар ёшлар терма жамоасини Ален Перрин (“Лион”, “Сошо”, “Портсмут”, “Сент-Эьтен”, Хитой терма жамоаси) ва Ко Адриансе (“Аякс”, АЗ Алкмаар, “Порту”, “РБ Зальцбург”, “Твенте”) каби мутахассислар бошқарган.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қатарлик тенгдошларига қарши тўрт марта ўйнаб, иккита ғалабага эришган. Улардан энг йирик ҳисоби 2018 йилги Осиё ўйинларида (6:0) қайд этилган. Ўшанда терма жамоамиз сафида Жалолиддин Машарипов, Бобур Абдухолиқов, Достонбек Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов ва Икромжон Алибоев каби футболчилар гол уришган. Мазкур терма жамоалар ўртасидаги бир учрашувда томонлар муроса кўчасини танлашган бўлса, яна бир баҳсда қатарликлар зафар қучишган, - 0:1.

Эрон
Диққат қилинг, 2020 йилги Осиё кубогида Эрон терма жамоаси Ўзбекистонга қарши ўйнаган. Учрашув дуранг (1:1) билан якунланди. Терма жамоамиз сафидаги ягона гол Ислом Қобилов томонидан киритилган. Мазкур турнирда Ўзбекистон ва Жанубий Корея гуруҳда етакчи бўлишган ҳолда кейинги босқичга йўлланма олган бўлса, Эрон ва Хитой эса муддатидан олдин турнирни тарк этган. Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинларнинг умумий статистикаси тахминан Қатар билан бир хил: 4та учрашув, 2тасида Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган, 1тасида Эрон ва яна бир учрашув дуранг билан якунланган.

Эрон ёшлар терма жамоасининг энг қиммат футболчиси – Ясин Салмоний (650 минг евро) бўлиб, у ўз ватанида “Сепахон” сафида тўп тепади. Апрель ойида Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида “Пахтакор”га қарши учрашувда майдонга тушган. Шунингдек, Салмони Эрон миллий терма жамоасига ҳам чақирилган.

Шунингдек, Али Калмарзи, Ëдгор Рустами каби футболчиларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Калмарзи Нидерландияда туғилган ва “Рода" ёшлар жамоасида бир муддат ўйнаган. Рустами 2022 йилнинг январь ойидан бери Полшанинг “Погонь” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келади.

Эрон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи борасида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки жамоани Эрон футболи афсонаси – Меҳди Меҳдавикиа бошқармоқда. Ўн йилдан кўпроқ вақт давомида у Бундеслигада "Айнтрахт", "Боҳум" ва "Гамбург” каби клубларида ўйнаган. Шунингдек, у Эрон терма жамоасида 111 та ўйин ўтказган. Меҳди ўтган йилдан бери Эрон ёшлар терма жамоасини бошқариб келмоқда. Илгарироқ у "Гамбург" клуби тизимида, аниқроғи ёшлар жамоаларига маъсул бўлиб тажриба тўплади.

Меҳдавикиянинг ёрдамчиси голландиялик Ён Ламмерс. Ушбу қаҳрамонимиз ҳам “Экcелсиор”, “Виттес” ва “Эиденҳовен” каби клубларда ишлаган. Қизиғи шундаки, Жон "Айнтрахт"да тўп сурадиган Сем Ламмерснинг амакисидир .(унинг ҳуқуқи "Аталанта"га тегишли).

Меҳдавикияга қадар Златко Кранчар Эрон ёшлар терма жамоасини бошқарган. Собиқ мураббий фаолиятига эътибор қаратсак, Загребнинг “Динамо”, “Сепахон”, шунингдек, Хорватия ва Черногория терма жамоаларидаги фаолияти билан танилган. У шунингдек, "Портсмут", "Тоттенхем", "КПР" ва Киевнинг "Динамо" клубларида ўйнаган Нико Кранчарнинг отаси ҳисобланади.

Эрон ёшлар терма жамоасининг умумий қиймати 4,8 миллион еврони ташкил қилади. Ўзбекистон терма жамоаси таркиби эса улардан бироз қимматроқ (4,9 миллион евро).

Туркманистон
Туркманистон ёшлар терма жамоаси ҳақида гапирганда, аввало, жамоа бош мураббийи - Аҳмед Агамуродовни алоҳида таъкидлаш лозим. Унинг отаси Тачмурод Агамуродов ўзбек клубларига бегона эмас. У узоқ вақт давомида Ўзбекистон клубларига устозлик қилган. Энг яхши кўрсаткичларни эса Тошкентнинг “Пахтакор” клуби билан эришган: тўртта чемпионлик, уч марта мамлакат кубоги ва икки марта ОЧЛ ярим финалига чиққан. Кичик Агамуродов 25 ёшида футболчилик фаолиятини якунлаб, отаси каби мураббийлик соҳасига қадам қўйди.

Тransfermarkt маълумотларига кўра, Туркманистон ёшлар терма жамоасининг барча футболчилари фаолиятларини ўзларининг юртида давом эттиради. Футболчиларнинг умумий нархи 220 минг еврони ташкил қилмоқда. Энг қиммат футболчи Расул Чариев (75 минг евро) бўлиб, у бугунги кунда “Аҳал” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У аллақачон бир қанча ёш футболчилар қатори Туркманистон миллий терма жамоасига ҳам чақирув олган.

Қизиғи шундаки, яқинда “Аҳал” Туркманистон ёшлар терма жамоасининг бир қатор футболчилари билан Қатарнинг “Ал-Гарафа” клубини мағлуб этди (4:2). Бу Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидан ўрин олган ўйинда юз берди. Мазкур баҳсда Қатар ёшлар терма жамоаси вакиллари - Андрей Сяхпутра ва Аҳмад Ал Ганехи ҳам майдонга тушган эди.

Мазкур мусобақа Туркманистон ёшлар терма жамоаси учун дебют ҳисобланади. Бунга қадар улар 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубогида иштирок этмаган. 2000 йилги Олимпия ўйинлари саралашида Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари иккита ўйин ўтказган. Мазкур қарама-қаршиликнинг дастлабкисида Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида ғалаба қозонган (3:0), меҳмонда дуранг (1:1) ўйнаган.

Николай Егоричев тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » U-23 Осиё Кубогидаги рақибларимиз ҳақида энг қизиқарли фактлар