07:30 / 05.06.2022
1 201

Рўзиқул Бердиев: "Жамоамизда ўзгаришлар бўлади, фақат кучайтириш мақсадида"

Рўзиқул Бердиев: "Жамоамизда ўзгаришлар бўлади, фақат кучайтириш мақсадида"
“Насаф” клуби миллий, олимпия ва ёшлар терма жамоаларимизга муносиб кадрларни етказиб бермоқда. Айни чоғда ушбу терма жамоалар сафида мазкур клуб тарбияланувчилари бисёр. Бунда эса доимгидек бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ҳиссаси улкан.

Чемпионатда ҳам унинг жамоаси ҳали ютқазгани йўқ. Лекин қаршиликлар сафида футболчилар кам қолди. Бош мураббий чемпионатдаги танаффусдан қандай фойдаланяпти? Шу ва бошқа масалалар бўйича Sports.uz мухбири Бердиев билан суҳбатлашди.

- Рўзиқул Саъдуллаевич, ҳозирда кўплаб ўйинчиларингиз миллий, олимпия ва ёшлар терма жамоаларига жалб қилинган. Бу албатта яхши. Бироқ “Насаф”да шуғулланиш учун ўйинчиларингиз камлигини ҳисобга олсак, бу вазиятдан қандай чиқиб кетмоқдасиз?
- Биласизлар, 6 футболчи миллий терма жамоага таклиф қилинди. 3 таси эса олимпия термасига. Бундан ташқари, Равшан ака Ҳайдаров бошчилик қилаётган U-20 терма жамоамизга яна 3 нафар футболчимиз ҳам чақирилган. Ҳисобласак 12 та ўйинчимиз терма жамоалар ихтиёрига кетган. Ҳозир бизда дарвозабонлар билан бирга 10 нафар ўйинчи қолган. Ўринбосарлар жамоасидан 8-9 нафар ёшларни машғулотга жалб қилганмиз. Ўшалар билан биргаликда таркибда 20 кишилик футболчиларни ҳосил қилиб, машғулотларни олиб боряпмиз. Ушбу вақтдан фойдаланиб ёш йигитларимизнинг ҳам имкониятларини чамалаб оламан. Бу ҳам қайсидир маънода ўзим учун иш жараёнида текшириб олишга қулай фурсат.

Режамиз бўйича 5 июнь куни Қаршида Самарқанднинг “Динамо” клуби билан назорат учрашувини ўтказамиз. Кейинги ўртоқлик учрашувини 14-санага режалаштиряпмиз. Ҳозирча рақиб номаълум, балки бу ўйин Тошкентда бўлиши ҳам мумкин. Биз машғулотларимизни 30 май кунидан бошлаганмиз.

- Олдинги ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларидан бирида легионерлар ҳақида тўхталиб, у қадар ишончни оқлашмаётгани хусусида тўхталгандингиз. Бу борада режангиз қандай ёки янги легионер олмоқчимисиз?
- Легионер таклиф қилишдан олдин жамоамизга ёрдам беришини жуда ҳам истаймиз. Бунинг учун имкониятлар ҳам яратиб беряпмиз. Лекин қайсидир маънода легионерлар ишончимизни оқламаётганлиги учун, балки ўзгаришлар бўлар, деган маънода иккита тур олдин шу ҳақида гапиргандим. Ҳозир изланишда давом этяпмиз. Агар маъқул келадиган вариантлар бўлса, кўриб чиқамиз. Бу ўзгариш танаффус пайтида бўлади. Албатта, жамоада бир-иккита ўзгаришга қўл урамиз.

- Катта эҳтимол билан Смайлагичнинг хизматидан воз кечасизми?
- Ҳозир аниқ бир фамилия билан гапирмай турайлик. Лекин ўзгаришлар бўлиши мумкин. Агар алоҳида шахсни кўрсатиб гапирсак нотўғри бўлади. Жамоамизда ўзгаришлар фақат кучайтириш мақсадида амалга оширилади.

- “Насаф”да осиёлик легионер лимити учун жой бор. Айни пайтда Қарши шаҳрида U-23 Осиё чемпионатининг “В” гуруҳидан жой олган Австралия, Қувайт, Иордания ва Ироқ термалари ўз ўйинларини ўтказмоқдалар. Шундай экан, ушбу баҳсларни кузатиб, ўзингизга маъқул келадиган бирор-бир футболчини ён дафтарчангизга ёзиб қўйяпсизми?
- Ироқ билан Иорданиянинг ўйинини кузатишга ҳаракат қилдим. Албатта, яхши, истеъдодли ўйинчилар бор экан-у, аммо бизни Суперлигамиз даражасида ва жамоамизга ёрдам бера оладиган футболчилар мен учун кўринмади. Лекин бошқа учрашувларни ҳам кўрамиз. Бунга имкониятимиз бор ва ҳар бир баҳсни кузатишга ҳаракат қиламиз. Австралия термасининг баъзи футболчиларини кўрдим, сезилиб турибдики, уларнинг ўйинчиларидаги даража ҳам, мавқеи ҳам юқори. Айримларини ўрганганимизда кўпчилиги Европа клубларида фаолият олиб боришини билдик. Лекин Қаршида тўртта терма орасида Австралиянинг кўрсатган ўйини кучли ҳамда салоҳияти баландлиги сезилиб турибди.

- “Насаф” ҳозирча учта кам ўйин ўтказган ва мағлубиятсиз сериясини давом эттиряпти. Айтинг-чи, ўтган йилги Суперлига билан солиштирганда бу йил анча оғир кечяптими ёки...
- Бу йил қийинчиликка учраяпмиз. Охирги ўйинларимизни ҳисобга олмаган тақдиримизда ҳам ундан аввалга баҳсларда ютган бўлсак-да, қийинчиликларга учраганмиз. Ҳар бир ўйин жидддий руҳда ўтяпти. Кўряпсизлар, юқори ўринлар учун курашадиган клублар кўпайган. Бундан ташқари, кутилмаган натижалар ҳам тез-тез учраб турибди. Бўлажак учрашувларга жиддий қараяпмиз ва эътиборимизни оширяпмиз.

- Ойбек Бозоров ёки бошқа шогирдларингизга четдан расмий таклиф бўлдими ва ёзги трансфер вақтида қайси позицияни кучайтирмоқчисиз?
- Жамоамиз ўйинчилари юзасидан менга ҳеч ким таклиф билдиргани йўқ. Балки клубга алоқага чиқишгандир, хабарим йўқ. Таркибимизда рақобатни кучайтирадиган жойлари – қанот ярим ҳимоячилари билан ҳужум чизиғи.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Жамоамизда ўзгаришлар бўлади, фақат кучайтириш мақсадида"