12:51 / 05.06.2022
1 990

"Аждарлар"ни енгишга нега ҳеч кимни кучи етмаяпти?

"Аждарлар"ни енгишга нега ҳеч кимни кучи етмаяпти?
Ўзбекистондаги энг ёқимли ва деярли барчанинг яхши кўрган жамоаси – бу “Насаф”! Ҳатто рақиб жамоа мухлислари ҳам “Насаф”га бошқача ҳурмат билан қарашади. Клубда қандай йўналиш бўйича кетаётганини ҳамма билади ва танлаган йўли ҳар доим ўзини оқлаб келяпти. Бунинг яна бир исботи шуки, доим “Насаф”дан янги иқтидорлар кашф қилинади ва бу орқали барча терма жамоаларимизга етказиб берилади. Буларнинг режиссиёри ким? Албатта, сиз яхши билган Рўзиқул Бердиев.

Бевосита жамоанинг чемпионатдаги иштирокига тўхталсак, интригани ошириб келяпти. Ҳар йили етакчилар сафида. Яқинда Саудия Арабистони майдонларида ўтказилган Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич учрашувларини муваффақиятли ўтказиб, юришини давом эттиряпти. Шунинг ҳисобига қаршиликлар Суперлигада ҳамма иштирокчилардан энг оз – 8 та ўйин ўтказди. Ҳозирча иккита жамоа мағлубиятсиз серияни давом эттираётган бўлса, улардан бири “Насаф”. “Аждарлар”ни енгишга ҳозирча ҳеч кимни кучи етмаяпти. Бердиев жамоасида 8 та учрашувда 5 та ғалаба ва 3 та дуранг бор.

Ёдингизда бўлса, бу чемпионатни кетма-кет иккита дуранг билан бошлаганди. Аввалига Наманганда “Навбаҳор” билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Иккинчи турда Бекободнинг “Металлург” жамоасини қабул қилди. 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганида охирги дақиқаларда жавоб голини ўтказиб 1:1 натижа қайд этилганди. 3-турда АГМКга қарши учрашуви қолдирилди. Илк ғалабасини 2 апрель куни “Локомотив”га қарши баҳсда қўлга киритди. Ўшанда меҳмонда 0:1 ҳисобида устун келдилар.

Дарвоқе, қаршиликлар 9- ва 10-турларда йирик ғалабаларга эришди. Қаршида “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз бешта гол урди. Кейин Тошкентда “Бунёдкор”га қарши худди ўз уйида ўйнагандек ҳаракат қилган “Насаф” натижани ҳам шунга мослаштириб қўйди – 1:4. Юқорида жамоанинг АГМКга қарши ўйини қолдирилгани ҳақида айтдик. Бундан ташқари, “Сурхон” ва “Динамо” билан баҳслари ҳам бошқа муддатларга кўчирилган.

Турнир жадвалида дастлабки тўртта ўринни 20 тадан очко жамғарган – АГМК, “Сўғдиёна”, “Навбаҳор” ва “Қизилқум” клублари банд қилган. Улардан сўнг 8 та ўйин ўтказиб 18 очко тўплаган “Насаф” боряпти. Юқоридаги клублардан АГМК, “Сўғдиёна” ҳамда “Навбаҳор”да биттадан захира ўйини мавжуд. “Насаф”да эса 3 та захира ўйини кутяпти. Шундан хулоса қилиш мумкинки, “Аждарлар”нинг ҳозирги имконияти жуда яхши. Агар қолдирилган учрашувларини ютадиган бўлса, пешқадамга айланиб олиши табиий.

Клубнинг тўплар нисбати ҳам жуда яхши кўринишда. 8 та баҳсда 14 та гол уришди ва ўз дарвозасидан фақатгина 3 марта тўп олиб чиқишди холос. “Металлург”, “Сўғдиёна” ва “Бунёдкор” “Насаф”га биттадан гол уришган. Кўриб турганингиздек, гол уриш самарадорлиги ҳам яхши ишлаяпти. Бошқа ҳеч қайси клуб ўз дарвозасидан бунчалик кам гол ўтказмаган. Демак, шу томонлама ҳам Ўзбекистоннинг совриндор жамоаси мақтанса арзийди.

Тўғри, ҳали мавсум давом этяпти, бироқ 8 та ўйиндаги хулосалар фақат ижобийликдан дарак беряпти ва бу аслида табиий ҳолат ҳам. Рўзиқул Бердиев куни кеча Sports.uz сайтига берган интервьюсида ёзги селекцияда таркибни янада кучайтириш ишлари олиб борилаётганини айтди. Шунингдек, чемпионатимиздаги ҳозирги танаффусда унинг жамоаси аллақачон машғулотларга киришганини ҳам таъкидлади.

“Насаф”нинг ҳар бир футболчиси омманинг эътиборида. Турли ёш тоифасидаги терма жамоалар мураббийлари ҳам бежизга Бердиев шогирдларини жиддий кузатишмайди. Айниқса, охирги турларда ўша сиз яхши билган Ойбек Бозоров янада “очилди”. Ранг-баранг ўйинлари-ю, бетакрор голлари билан яна барчанинг оғзига тушди. Уни тўхтатиб бўлмай қолди. 5 та голи билан жамоасининг тўпурари бўлиб турибди. Айни пайтда у ва бир қатор жамоадошлари билан миллий терма жамоада. Яна айримлари олимпия ҳамда ёшлар термаси сафида.

Хуллас, барчаси бўлиб клубнинг 12 нафар футболчиси терма жамоаларимиз ихтиёрида бўлиб туришибди. “Насаф” ҳамма вақт барча клублар учун намуна бўлиб келган. Клубдаги тизим тўғри йўлга қўйилгани боис доимий равишда фаворитлар қаторида. Шунинг учун ҳам “Насаф”ни ҳамма яхши кўради.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Аждарлар"ни енгишга нега ҳеч кимни кучи етмаяпти?