Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги-2023 саралаш босқичида иштирок этаётганидан хабарингиз бор. Вакилларимиз жой олган "C" гуруҳи ўйинларига Наманган шаҳри мезбонлик қилмоқда. Бугун бизникилар гуруҳ пешқадамини аниқлаб олиш учун Таиланд билан ўзаро беллашишади.
2-турда футболчиларимиз Мальдив оролларини 4:0 ҳисобида мағлуб этишган эди. Ана шу ўйин ҳақида бироз тўхталмоқчимиз.
Мальдив ороллари деганда исталган кишининг ҳаёлига дам олишмасканлари келади. Бутун дунёда уларни дам олиш учун энг топ жойлардан бири сифатида билишади. Мальдив ва футбол умуман бир-бирига жипслашмайдиган сўзлар бўлиб келган. Ўйиндан олдин биз уларни осонгина жуда катта ҳисобда ютишимизни кутганлар кўпчиликни ташкил этгандир. Тўғри, биз уларга жавобсиз 4та гол урдик. Аммо, Мальдив биз кутмаган ўйинни бизга таклиф қилди.
Ўйиндан сўнг Элдор Шомуродов жуда тўғри фикрларни айтиб ўтди. Биринчиси: Бугун Мальдив футболга хиёнат қилмади ва футбол ўйнади. Иккинчиси: Мальдив чарчаб қолгандан кейин биз кўпроқ гол урдик. Баракалла, Элдор. Навбатчи гаплар билан аравани қуруқ олиб қочмади ва бор нарсани гапирди. Элдор очиқ футбол намойиш этгани учун уларга ҳурматим ошди деб айтди, шундай. Бундай ўйин учун Мальдивга ҳурмати ошган ягона инсон эмассан.
Эътибор беринг, 1-бўлимда рақиб позицион ҳужумга ўтган эпизодларда биз уларни фақат майдон марказидагина кутиб олдик. Прессинг? Нима у? Биз Япония, Жанубий Корея ёки шунга ўхшаш Осиё грандлари билан эмас, қитъа аутсайдерларидан бири бўлган жамоа билан баҳсда уларни фақат марказда қарши олдик. Кучлилар билан ўйнасак жарима майдончамиздан чиқмаймизми? Шундай тасаввур пайдо бўляпти.
Биз яратган вазиятлар кўп бўлди. Лекин, Мальдивга қарши бошқача бўлиши мумкинмиди? Биз ўша кунги рақиб бизга қарши фақат ҳимояланиш билан вақт ўтказиши керак деб хато ўйлаган эканмиз. Улар тўпни назорат қилишди, ҳужумлар уюштиришди, марказдан бир неча бор жарима майдончамиз олдигача бора олишди ва иккита аниқ зарба ҳам беришди. Дарвозабонимиз Ўткир Юсупов Мальдив билан баҳснинг 1-бўлимида иккита яхши сейвни ижро этди.
Рақибга барча ҳурматни сақлаган ҳолда улар бизга бир бўлимда иккита аниқ зарба йўлламасликлари шарт эди. Бунга йўл қўйиш керак эмасди. Бахтимизга шу куни Элдор Шомуродов бор эди. Очиқ футбол ўйнайдиган рақибга қарши Шомуродов маза қилиб ўйнайди ва шундай бўлди ҳам. Биз эса аутсайдерлардан бирига қарши узун паслардан кўп фойдаландик, имкон бўлди дегунча Элдорга тўп тепиб юборилади. Уёғи Элдорнинг маҳорати.
Бир пайтлар Мануел Пеллегрини "Манчестер Сити"да ишлаганда Серхио Агуэродан худди шундай тарзда фойдаланарди. Бутун жамоа майдоннинг исталган еридан Агуэрога узун пас берарди, тўп Агуэронинг оёғига борса бас, икки ҳимоячини ортда қолдириш у учун чикора эди. Лекин, Пеллегринидан кейинги бирорта мураббий шу услубни давом эттирмади. Чунки, бу доимий фойдаланиладиган услуб эмас.
Терма жамоамиз иккита ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди, тасанно. Лекин, ўйинимиз мени ҳавотирга солмоқда. Терма жамоа ўйинида мураббий имзосини кўрмаяпман ёки айнан шу мураббий имзоси. Катанец умуман таваккалга бормайдиган мураббий. Шри-Ланка ва Мальдивга қарши биз бир хил таркибда ўйинни бошладик. Бу жамоаларга қарши бемалол турли ўйинчиларни синаб кўрса бўладиган жойи эди.
Ойбек Бозоров, Игорь Сергеев, Дилшод Саитов, Акмал Мозговой, Ҳусниддин Алиқулов, Сардор Собирхўжаев каби ўйинчиларни асосийда тушириш мумкин эмасми? Йўқ, мураббий вазифани бажармагунча ортиқча таваккалга қўл урмайди. Таваккал ҳам эмас бу. Тўғри, бугун таркибда камида 4та ўзгариш бўлади, чунки биз вазифани уддалаб бўлдик. Фаластин Филиппинни таслим қилди ва энди биз ҳам муддатидан олдин Осиё кубоги-2023га йўл олдик. Бугунги беллашув гуруҳ ғолибини аниқлаб беради холос.
Замонавий футболда мураббий асосий факторга айланиб бўлганига анча бўлди. Айнан мураббий жуда кўп нарсани белгилаб беради. 2021 йил бир қарашда инқироз кўчасига кириб қолаётгандек кўринган "Челси"га германиялик Томас Тухель келди ва мавсум якунида жамоани ЕЧЛ ғолиблиги сари етаклади. Мана мураббий фактори. Ёки бўлмаса, 2019 йилги мавсумни жуда ёмон бошлаган "Бавария" рулига Ханс-Дитер Флик келди ва мюнхенликлар ўша мавсум ҳамма совринни ўзлариники қилишди. Ёки бўлмаса, охирги йилларда Раньери, Конте, Гвардиола, Клопп, Анчелотти каби мураббийлар нималар қилишаётганини санаб чиқиш шарт эмас. Балки, сиз Европа бу Европа дерсиз. Ок, ўзимиздан ҳам мисол бор бунга.
2020 йилги мавсум ўртасида Дилшод Нуралиев Тошкентнинг "Локомотив" клубини қабул қилиб олган ва 3та ўйиннинг ҳаммасида ютқазган. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманларида Нуралиев мени қўлимда бўлганида бу футболчиларнинг ярмидан кўпини ҳайдаб юборардим деган жуда жиддий чиқишлар қилган.
Кейин унинг ўрнига "темирйўлчилар" бошқарувига Тимур Кападзе олиб келинди. Тўғри, ўшанда Кападзеда Про лицензияси бўлмагани ва қоғозда расман А.Микляев бош мураббий бўлган. Лекин, жамоани тўлиғича Кападзе бошқарган. Натижа: 13 ўйин, 6 ғалаба, 5 дуранг ва 2 мағлубият. Ўша футболчилар билан. Мураббий фактори қай даражада муҳим эканлигини кўряпсизми?
"Насаф"ни жуда кўпчилик ҳурмат қилади, чунки Рўзиқул Бердиев ўз имзоси ила жамоа ўйинини ажойиб даражага олиб чиққан. Шота Арвеладзе бошқарувидаги "Пахтакор" ҳам шундай эди. Уларнинг ўйинини шунчаки маза қилиб томоша қилши керак эди. Ҳозир "Сурхон"га қаранг, ўйинчиларининг барчасига ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, кўпчилиги бошқа жамоаларнинг захирасида ўтириб қолган футболчилар. Лекин, испаниялик Анхел Лопес жамоа ўйинига мазмун олиб кира олди. Тўғри, натижалар ҳали кутилгандек эмас. аммо, улар кўрсатаётган ўйин келажакка яхши умид билан боқишга ундайди.
Хуллас, мураббий фактори жуда муҳим даврларда яшаяпмиз. Аммо, биз МТЖга ҳеч ўзимизга мос мураббийни олиб кела олмаяпмиз. Ўзбекистон U-23 терма жамоасига қаранг, Тимур Кападзе "қўғирчоқдек" ажойиб жамоа шакллантириб қўйди. Шу сабаб бугун уларни ҳамма яхши кўряпти. U-23 терма жамоамизни ёқтирмайдиган мухлис деярли йўқ ҳозир. Улар бунга ниманинг эвазига эришишди? Албатта, ўз ўйинлари эвазига.
Миллий терма жамоага айнан шу "ўйин" етишмаяпти. Охирги пайтларда бир нарса мени хавотирга солмоқда: терма жамоанинг охирги мураббийлари ва улар термага татбиқ қилаётган футбол сабаб ишқибозлар МТЖни ва футболчиларни ёмон кўриб қолишмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва изоҳларда МТЖ мавзуси очилса, салбий фикрлар дарров ёғилиб келади. Бу ўйинчиларимиз бемалол U-23 терма жамоамиз ва улардан ҳам яхшироқ ўйин кўрсата олишади. Фақат, ўшандек ўйнатадиган мураббий етишмаяпти уларга. Тошкентда бир терма жамоамиз бир киши кам бўлиб Ироқни ўз жарима майдонига "қамаётган" пайтда, Наманганда бошқа бир терма жамоамиз Мальдивни майдон марказида кутиб оляпти.
Одатдагидек, ҳаммаси яхши бўлишига умид қилиб қоламиз. Зеро, бизда умид доим охиригача сақланиб келган.
Муаллиф: Tolibjon Qosimov
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)