12:10 / 17.06.2022
972

Суперлигада 12-тур олдидан кимнинг имконияти юқори баҳоланяпти?

Суперлигада 12-тур олдидан кимнинг имконияти юқори баҳоланяпти?
Суперлигамиз маълум танаффусдан кейин яна қайтяпти. Ўртада миллий терма жамоамиз Осиё Кубоги саралаш баҳсларини ўтказди.

Юртимизда ўтаётган U-23 Осиё Кубогида эса олимпия терма жамоамиз финалга йўл олди. Терма жамоалардан кейин яна чемпионат ўйинлари давом эттирилиши олдиндан режалаштирилганди.

ПФЛ 12-тур ўйинларини 5 кунга бўлди. 17 июнь куни бошланадиган тур 23 июнда якун топади. Собиқ футболчи ва ўзига яраша ном қозонган Абдумажид Тоиров Суперлиганинг ушбу тури олдидан клубларнинг имкониятларини баҳолади.

17 июнь (жума)

“Локомотив” – “Сўғдиёна”

- Чемпионатимизда танаффусда ким қанақа тайёргарлик кўрганини тўлиқ билмадим. Аммо “Сўғдиёна”нинг ўйинларини кўрдим. Масалан, “Бунёдкор”га қарши учрашувини ҳам кузатдим. Меҳнаткаш жамоа. “Сўғдиёна” сафарда қандай ўйнашни билади. Тактик томондан ҳам ақлли ўйин кўрсата олади. Ўйлашимча, бу учрашувда “Сўғдиёна” ютади. “Локомотив” ҳам яхши жамоа, лекин жиззахликлар кутишни билади, сафарда ҳам қандай тактикада ўйин кўрсатишни яхши ўзлаштиришган.

18 июнь (шанба)

“Динамо” – “Сурхон”

- “Динамо” ўз майдонида ўйнайди. Андрей Шипилов бош мураббий этиб тайинланганидан кейин клуб мазмунли ўйин кўрсатиш ҳаракатида. Лекин ҳали Шипилов кўп нарсани ўзгартиргани йўқ. Барибир янги мураббийни келгани жамоага яхши таъсир қилди. Ўйлашимча, самарқандликлар ушбу беллашувда ютади. “Сурхон” ўйин борасида “Динамо”дан қолишмайди. Шу маънода айтганда, мезбонларнинг рақиб устидан катта устунлиги бўлмайди. Назаримда, “Динамо” минимал ҳисобда бўлса ҳам ғалабага эришади. “Сурхон” жамоасида ўйин ташкилотчилиги бўйича бироз муаммолар бор. “Динамо”нинг ўз уйида тўп суриши ҳам ташаббус беради. Мухлислар ҳам соғинишган.

21 июнь (сешанба)

“Бунёдкор” – “Қўқон-1912”

- “Бунёдкор” ютишини хоҳлардим. Бу клубни тайёргарлиги ҳар томонлама яхши кетяпти. Мураббийлар штаби “Қўқон-1912”нинг ўйинларини ўрганиб чиқишяпти. Яхши ўйин бўлади.

“Навбаҳор” – “Металлург”
- Наманганда ҳар доим ўйнаш қийин бўлган. Бу йилги “Навбаҳор” умуман бошқа жамоа. Ўйлашимча, майдон эгалари катта устунлик билан ғалаба қозонади. “Металлург”да ҳам ўйин ташкилотчилиги бўйича муаммолар бор ва индивидуал маҳоратда ҳам.

22 июнь (чоршанба)

“Нефтчи” – “Насаф”

- Яхши афиша. Олдин биз ўйнаган пайтларда янада қизиқарлироқ ўтарди. Бу ерда “Насаф”ни фаворит деб ҳисоблайман ва уларни ютишини ўйлаяпман. “Насаф” жуда яхши жамоа, тактик жиҳатдан ҳам кучли. “Нефтчи”га нисбатан “Насаф” ёшроқ, тезроқ, ақллироқ ва техник жиҳатдан ҳам зўр. “Нефтчи”га жуда ҳам қийин бўлади. Ҳатто ўз уйида мухлислари ҳам ёрдам бера олмайди. Албатта, фарғоналикларнинг ғалабасини хоҳлардим. Лекин вазиятга реал қарайдиган бўлсак, “Насаф” кучлироқ.

“Олимпик” – АГМК
- “Олимпик”ни 70-80 фоиз футболчилари Осиё чемпионатида қатнашяпти. АГМК бир маромда тайёрланяпти. Олмалиқ клуби учрашувга ҳар жиҳатдан тўлиқ тайёр бўлиб келади. Шу боисдан меҳмонлар ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Барибир АГМК тажрибалироқ.

23 июнь (пайшанба)

“Қизилқум” – “Пахтакор”

- Таркиб бўйича иккала жамоа ҳам тенг. Бу вазиятда кўпроқ мураббийларнинг танлаган тактикаси, ўйиндаги имзоси кўринади. “Қизилқум” анчадан бери ўз майдонида ўйнамаганди. Менимча, бу уларнинг Навоийдаги иккинчи ўйини бўлади. Албатта, ишқибозлари кўз ўнгида ютишга ҳаракат қилишади. Лекин “Пахтакор” ҳам хавфли. Балки кичик устунлик меҳмонлар томонида бўлиши ҳам мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлигада 12-тур олдидан кимнинг имконияти юқори баҳоланяпти?