10:55 / 05.07.2022
1 442

Нега Роналду ва Моуриньо бир-бирини ёмон кўради? Улар “Рома”да яна бирга ишлаши мумкин, аммо...

Нега Роналду ва Моуриньо бир-бирини ёмон кўради? Улар “Рома”да яна бирга ишлаши мумкин, аммо...
Европа футболида трансфер ҳақидаги миш-мишлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Криштиану Роналду нафақат майдондаги, балки майдон ташқарисидаги ҳаракатлари билан ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сўнгги пайтларда ОАВ орқали КриРонинг "Манчестер Юнайтед"дан ҳафсаласи пир бўлганлиги ва бу ёзда клубни тарк этишни хоҳлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Португалияликка асосий даъвогарлардан бири Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Рома” ҳисобланади. Римликларнинг собиқ футболчиси Анжело Ди Ливио клубдаги манбаларига таяниб, келишув 7 июлдаёқ расман эълон қилиниши мумкинлигини айтди.

Азалдан биламизки, Жозе ва Криштиану ўртасидаги муносабатларнинг яхши эмас. Гарчи улар бир жамоада ишлаган бўлса-да, кўп ҳолларда икки португалиялик ўртасида низо келиб чиққанлиги айтилади. Келинг, бугун шу ҳақида батафсилроқ тўхталамиз.

"Реал"да бирга ишлашларидан олдин: тухматлар ва таҳдидлар
Роналду ва Моуриньо Мадридда бирга ишлашдан олдин ҳам бир-бирларини ёқтирмасдилар. Илк можаро 2007 йилда содир бўлганди. Мавсум охирида 22 ёшли Криштиану "Манчестер Юнайтед" билан бирга Премьер лига олтин медалини қўлга киритди. Жозе бошчилигидаги "Челси" эса улардан 6 очко ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Ўшанда мутахассис ўзига хос услубда, ҳакамлар "Манчестер Юнайтед"нинг рақибларига жуда кўп пенальти қўйганини айтиб, “қизил иблислар”ни танқид қилди. Криш бунга жавобан "Челси" устози мағлубиятни тан олишни билмаслигини айтди.

Бу “вулқоннинг отилиши”га сабаб бўлди: “Агар Роналду жамоаси фойдасига нотўғри пенальтилар белгиланганлигини билмаса, демак у ёлғончи. Агар у ҳақиқатни тан олишни истамаса, Роналду ҳеч қачон ўзи хоҳлаган нарсага эриша олмайди”, — деди Моуриньо

Жозе кейинги интервьюсида қўшимча қилди: “Бу болакай ҳали етуклик ва ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатишни билмайди. Эҳтимол, бу ёшлигида яхши таълим олмаганлиги натижасидир”.

“Реал”даги фаолият: ярашиш ва можаронинг жанжал билан якунланиши
2010 йилда Жозе ва Криштиану "Реал"да яна учрашишди. Моуриньонинг Мадриддаги илк мавсумини яхши деб бўлмайди. Унинг жамоаси ўша йили Гвардиола бошчилигидаги “Барселона”дан 0:5 ҳисобидаги йирик мағлубиятни қабул қилиб олди ва Ла Лигада каталонияликлардан 4 очко ортда қолди.

Жозе "Реал"да тарғиб қилган ҳимоявий ўйин услуб ҳеч кимга ёқмас эди. Улар орасида Роналду ҳам бор эди. Чемпионлар лигаси ярим финалида “Барселона”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг, Криштианудан жамоа ўйнаётган тактика сизга ёқадими, деб сўрашди: "Йўқ, менга бу ёқмайди, лекин мен бугунги кунда мураббийнинг схемасига мослашишим керак. Чунки, “Реал” “аниқ стратегия” бўйича ўйнамоқда", - дея жавоб қайтарди ҳужумчи.

Ўша ҳафтада Криштиану "Сарагоса" билан ўйин қайдномасига киритилмади ва "Реал" мазкур баҳсда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Футбол оламидаги энг таниқли агентлардан бири бўлган Хорхе Мендеш вазиятга аралашди. У ҳозирги кунгача Роналду ва Моуриньо билан бирга ишлаб келади. Хорхе ҳолатни тўғри таҳлил қилиб, 2011 йилда икки португалияликни яраштиришга ҳаракат қилиб кўрди. У мураббий ва футболчини тўлиқ яраштира олмади, лекин вазиятни бироз юмшатди. Миш-мишларга кўра, Жозе Криштиануга: "Мен сенга ғамхўрлик қилишим керак, чунки сен менинг акамнинг укасисан (Мендеш назарда тутилган - таҳр)", - деган.

Бу жамоага фойда келтирди. Кейинги мавсумда "Реал" Ла Лигада 100 очко тўплади ва "Барселона"ни 9 очкога ортда қолдириб, ишончли тарзда чемпионликни қўлга киритди. Роналду ҳам Мадридда ўзининг энг сермаҳсул мавсумини ўтказди — барча мусобақаларда 68 та гол.

Аммо 2013 йил январ ойида ҳамма нарса яна ёмон томонга ўзгарди. “Реал” Испания кубоги чорак финалининг биринчи ўйинида “Валенсия”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди, бироқ Моуриньо ўйин охирида Роналдунинг ҳимоядаги ҳаракатларидан норози бўлиб, бутун жамоа олдида уни танқид қилди. Кейинчалик нима содир бўлганлиги ҳақида бир нечта тахминлар мавжуд.

Испаниялик журналист Гильем Балаге ўзининг Роналду ҳақидаги биографик китобида шундай ёзган эди: “Криштиану ғазабини жиловлай олмай, заҳира ўриндиғидаги Жозега бақира бошлади: “Сиз учун қилган барча ишларимдан кейин мени танқид қилишга қандай журъат этдингиз?”.

Можаро кийиниш хонасида ҳам давом этган. Айтишларича, Моуриньо Роналдуга: “Биз нега ҳимоявий футбол ўйнашимизни биласанми? Сени деб! Чунки сен ҳимояда ҳаракат қилмайсан ва рақиб ҳужум қилаётган пайтда ортга қайтишни хаёлингга ҳам келтирмайсан”, — деган гапларни айтган.

Иш шу даражага етганки, “Реал” футболчилари деярли муштлашишгача борган икки португалияликни ажратишган.

Моуриньонинг муносабати мени ҳайратда қолдирди. Испания кубогида 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Роналду ўз вақтида тўпдан қутилмади ва рақибга олдириб қўйди. Бу ҳолат Жозенинг жаҳли чиқарди. Улар майдонда тортишиб қолдилар. Танаффус пайтида кийиниш хонасига қайтдик. Роналду йиғлаб юборгудек аҳволда эди. “Қўлимдан келганча ҳаракат қиламан, лекин у ҳалигача танқид қилади”, деди у. Моуриньо мураббийлар ўриндиғида ўтириб, Криштиануни ўйин давомида қилган ҳаракатлари учун танқид қила бошлади. Вазият шу қадар ўзгариб кетдики, ўйинчиларнинг аралашуви улар ўртасида жанжанли тўхтатиб қолди” - дейди Лука Модрич ўша вазиятни эслаб.

Орадан бир неча ой ўтиб Роналду "Реал" сафидаги 200-голини урди. Шундан сўнг у Моуриньога куракда турмайдиган сўзларни гапирди ва унга майдондаги ҳаракатлари билан жавоб қайтаришини айтди. Қисқа қиладиган бўлсак, бу иккови энди бирга ишлай олмаслиги аниқ эди. Бу вақтга келиб Жозе жамоанинг ярим аъзолари билан жанжаллашиб қолган ва шу боис, 2013 йилнинг ёзида “Реал”ни тарк этди.

Мен Моуриньо ҳақида гапиришни истамайман. Менимча, бу инсон муҳокама қилинишга лойиқ эмас. Шунинг учун мен бунга тўхталмоқчи эмасман”, — деди Роналду ўша йили.

“Реал”даги фаолиятдан кейин: улар ҳали ҳам бир-бирларидан нафратланишадими?
Кейинги йилларда Криштиану ва Жозе бир-бирлари ҳақида номақбул гапларни айтишни тўхтатди. 2016 йилда Моуриньо Португалия терма жамоасининг Европа чемпионатидаги ғалабасидан сўнг Роналдуни табриклади.

Криштиану билан фақат битта муаммом бор эди. Ўзгартириши керак бўлган ҳаракатларини айтиб, уни тактик нуқтаи назардан танқид қилдим. У ҳамма нарсани ўзим биламан деб ўйлаган бўлса керак. Аслида, мураббий уни янада ривожланишига ёрдам беришни истайди. Менга эгоист ўйинчилар ёқмайди, шахсий мақсадларини жамоадан устун қўядиганлар билан келиша олмайман. Бу эса мураббийнинг ишини мураккаблаштиради”, — деди Моуриньо кейинроқ бу воқеаларни эслаб.

Аммо сўнгги йилларда Моуриньо Роналду ҳақида фақат ижобий фикрларни гапирди. Мана унинг 2021 йилнинг ёзидаги гапи:
Ҳамма айтади, мен ҳам худди шундай дейман. Роналду энди 25 ёшда эмас. У аллқачон 36 ёшга тўлган. Ҳа, тўғри, Криш бир йилда 50 та гол урмаяпти, лекин шу ёшида ҳам 35 та гол муаллифига айланган. Статистикалар ақлбовар қилмайдиган кўринишда. Унинг қандай футболчи эканлигини рақамларнинг ўзи гапиради. Роналду — афсона, футбол тарихида абадий қоладиган буюк номлардан бири. У ҳамон рекордларни янгилашдан тўхташни истамаяпти. Менимча, танқид ҳам унга туртки беради. У ҳали ҳам нимадандир қўшимча мотивация олишни билади. Агар, унга рақиб бўлсангиз ҳам Криштиану ҳақида ёмон гапиришга ҳаққингиз йўқ, чунки у ҳақиқий афсона”.

Бу гаплардан кейин Роналдунинг ҳам Жозега нисбатан фикри ўзгаргани аниқ. Ундан Моуриньо билан яна ишлаш эҳтимоли ҳақида сўралганда, "Нега бўлмаслиги керак?", деб жавоб берди. 2015 йилда эса у Моуриньони дунёнинг энг яхши мураббийи деб атаган. Миш-мишларга кўра, футболчи Туринда ўйнаган пайтида мутахассисни "Ювентус"га мураббий қилиб тайинланишини талаб қилган.

Ҳа, ҳозир мураббий ва футболчи ўртасидаги жиддий можаро йўқ. Эҳтимол, ёзда биз яна Моуриньо ҳамда Роналду жуфтлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Португалиялик “Рома” билан шартнома имзолаши қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини билмаймиз, бироқ Римда бу икки футбол афсонасини яна бир бор кўриш, ҳеч бир мухлисни ранжитмаса керак, чамамизда.

Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нега Роналду ва Моуриньо бир-бирини ёмон кўради? Улар “Рома”да яна бирга ишлаши мумкин, аммо...