22:06 / 09.07.2022
2 442

Шомуродовни Англия, Португалия ва Франция жамоалари синовдан ўтказади!

Шомуродовни Англия, Португалия ва Франция жамоалари синовдан ўтказади!
“Рома” келаси мавсумда ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Жозе Моуриньо жамоаси Конференциялар лигасидаги ғалаба билан чекланиб қолмоқчи эмас. Аксинча, қитъа миқёсидаги муваффақиятдан руҳланган “бўрилар” энди Чемпионлар лигаси йўлланмаси, Италия кубоги ва Европа лигаси бош соврини учун курашади.

Табиийки, мавсумнинг қай даражада ўтиши ёзги ўқув-машғулот йиғинларига чамбарчарс боғлиқ. “Рома” янги чемпионатга тайёргарликнинг асосий босқичини бош мураббийнинг юрти – Португалияда ўтайди.

Биз учун аҳамиятлиси, Элдор Шомуродов фаолиятини катта эҳтимол билан Рим клубида давом эттиради. Яқинда легионеримиз римлик мухлисларга жамоада қолишини айтгани ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Биласиз, Туркия Суперлигасининг энг номдор жамоаларидан “Галатасарой” Шомуродовни олишга жиддий уриниб кўрди ва “Рома”га таклиф ҳам юборди.

Айни пайтда “Рома” футболчилари Италияда шуғулланмоқда. Моуриньо тез орада Тригориядаги машғулотларни Португалияга кўчиради. Клуб мутасаддилари бир неча клублар билан ўртоқлик учрашувлари борасида келишувга эришди.

Манбаларнинг таъкидлашича, футболчилар мавсумолди ўртоқлик учрашувларида Англия, Португалия ва Франция клублари билан куч синашади. Хусусан, “Рома” биринчи баҳсни Англиянинг “Сандерленд” клубига қарши ўтказади ва кўпчиликнинг эътиборидаги бу беллашув 13 июлга белгиланган.

Жозе Моуриньо шогирдлари уч кундан кейин Португалиянинг “Портимоненсе” клубига қарши саф тортади. 20 июль куни “бўрилар” жаҳон футболига Криштиану Роналдудек юлдузни тарбиялаб берган “Спортинг” билан беллашади.

Португалиядаги йиғин давомида ташкил этиладиган сўнгги ўртоқлик баҳси Франция чемпионатида кучли бешликдан жой олган “Ница”га қарши бўлади. Бу беллашув 23 июлга қўйилган.

“Рома” мутасаддилари футболчиларга ўқув-машғулот йиғинларини пухта ташкил этиш баробарида ёзги трансфер бозорида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ҳозирча, “Рома” ўз сафига учта янги ижрочини қўшиб олди. Сербиялик дарвозабон Миле Свилар “Бенфика”дан Рим клубига кўчиб ўтди. “Манчестер Юнайтед”даги фаолиятини якунлаган Неманья Матич учинчи маротаба Жозе Моуриньо қўл остида тўп тепиш учун “Рома”ни танлади. Тажрибали ярим ҳимоячи бунгча “Челси” ва “Манчестер Юнайтед”да айнан португалиялик мутахассис чорлови билан ўйнаганини ҳамма билади.

Яқинда клуб спорт директори Тьягу Пинто “Лилль” ва Туркия терма жамоаси ҳимоячиси Меҳмет Зеки Челикнинг трансферини ижобий якунлади. Туркиялик чарм тўп устаси келаси мавсум жамоа ютуқларига катта ҳисса қўшишга ваъда бермоқда.

“Рома” таркибни янада кучайтириш ҳаракатларини давом эттирмоқда ва трансферлар ойнаси ёпилгунга қадар яна бир неча футболчини ўз сафига қўшиб олишга уриниб кўради.

Италияда А Серия ўйинлари 13 августдан бошланади. “Рома” чемпионатдаги илк учрашувини 14 август куни ўтказади. Ушбу санада Жозе Моуриньо шогирдлари сафарда “Салернитана” жамоаси меҳмони бўлади.

“Рома” ўз уйидаги биринчи учрашувни 21 августда “Кремонезе” футболчиларига қарши ўтказиши белгиланган.

Янги мавсумда Элдор Шомуродовга омад тилаймиз ва ўз ўйини, голлари ҳамда ассистлари билан "Рома" ғалабасига муносиб ҳисса қўшишини кутиб қоламиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовни Англия, Португалия ва Франция жамоалари синовдан ўтказади!