19:48 / 31.07.2022
20 303

Уришиб қолган бош мураббий ва директор Шомуродов туфайли ярашиб олди

Уришиб қолган бош мураббий ва директор Шомуродов туфайли ярашиб олди
Яқинда Италия футболида ғалати ҳолат кузатилган эди. “Торино” жамоасининг Австрияда ташкил этилган мавсум олди йиғини доирасида бош мураббийи Иван Юрич ва клуб директори Давиде Ваньяти ўртасида зиддият чиқиб, улар ўзаро қўпол муносабатда бўлганди.

Кейинчалик бу можаронинг келиб чиқишига бош мураббийнинг клуб мутасаддисидан янги ўйинчилар трансферини талаб қилгани сабаб бўлгани айтилди.

Бир-бири билан келиша олмай қолган мутахассислар Элдор Шомуродовнинг эҳтимолий трансфери туфайли ўртадаги гина-кудратни унутишига тўғри келди.

“Торино” ёзда жамоани тарк этган асосий тўпурар – Андреа Белоттини ўрнига айнан Элдор Шомуродовни олишни режалаштиряпти.

Қизиғи шундаки, хорватиялик бош мураббий Иван Юрич ўзбекистонлик легионерни жамоанинг асосий ҳужумчиси қилмоқчи. У ўз танловини клуб мутасаддиларига билдирди.

Трансферларга масъул бўлган Вадие Ваньяти ҳам жамоага Шомуродовни олиб келмоқчи бўлиб юрган экан. Ҳар икки мутахассиснинг бу галги фикри бир жойдан чиқди.

“Торино” вакиллари “Рома” ҳужумчисига бўлган қизиқишни тасдиқлаган. Улар пойтахт клуби ва Шомуродовнинг агентлари билан музокара олиб бормоқда.

Туринликлар Элдорни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир муддат ижарага олмоқчи. Лекин бу осон бўлмайди. Чунки ҳамюртимизга “Болонья”, “Монца” ва “Сассуоло” каби А Серия клубларидан жиддий қизиқиш бўлмоқда.

Элдор Шомуродов 2020 йилдан бери Италия чемпионатида тўп тепмоқда. У дастлабки мавсумни “женоа” сафида ўтказган. Ўтган ёз эса “Рома”ни қабул қилиб олган Жозе Моуриньо пойтахт клуби раҳбариятидан Элдор Шомуродовни олиб келишни талаб қилди. Орадан бир йил ўтиб, португалиялик мутахассис ўзбек футболчиси билан хайрлашишни маъқул топди.

Кучли бешлик чемпионатларига қадар Ўзбекистон ва Россия лигаларида тўп тепган ҳамюртимизнинг Италиядаги статистикасига эътибор қаратамиз.

Элдор “Женоа” ва “рома” таркибида А Серияда жами 59 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 11 та тўп киритган ва жамоадошларини беш марта голли пас билан таъминлаган.

Италия кубоги мусобақасида легионеримиз ҳисобида иккита ўйин ва биттадан гол ҳамда ассист бор.

Конференциялар лигасида Шомуродов саралаш, гуруҳ, плей-офф ва финал босқичларида ҳаммаси бўлиб 11 маротаба майдонга тушди. Бу баҳсларда бир гол ва икки ассист муаллифи бўлди. Шомуродов Италиядаги фаолияти давомида ўзи иштирок этган барча мусобақаларда гол ва ассист қайд этгани аҳамиятли.

Умумий ҳисобда, Шомуродов клублар миқёсида 221 та беллашувда қатнашиб, ўз ҳисобига 45 та гол ва 23 та ассист ёздириб қўйган.

Элдорнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги статистикаси ҳам анча юқори.

Терма жамоамиз сардори 2015 йилдан бери 56 та халқаро учрашувда рақиблар дарвозасини 30 маротаба ишғол қилишга муваффақ бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Уришиб қолган бош мураббий ва директор Шомуродов туфайли ярашиб олди