“Андижон” клуби про лигада ўз кучини намойиш этиб келмоқда ва ҳозирда ҳақли тарзда пешқадамликни қўлига олди. Шунга яраша таркиб ҳам савияли ижрочилардан ташкил топган десак муболаға қилмаймиз. Турнир жадвалидаги вазият ҳаммасини айтиб турибди. “Турон”га қарши ўйин яна бир карра андижонликларнинг кучини кўрсатди. Кўпчилик ушбу тўқнашувда “Бургутлар”нинг “класс” бўйича ҳам устунлигини эътироф этдилар.
Бош мураббий Виктор Кумиков қўл остида бемалол Суперлигада ҳам бинойидек тўп сура оладиган футболчилар жамланган. Таркибни шакллантиришда сифатга алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун ёзги селекцияда ҳам сонга эмас, сифатга қаралди ва иккита керакли футболчи билан келишувга эришилди. Қолаверса, легионерлар хизматидан фойдаланиб келаётганини яхши биласиз. Жамоа сафида уч нафар хорижлик ўйинчилар тўп суришяпти. Булар – сербиялик ҳимоячи Владимир Бубанья ҳамда черногориялик ярим ҳимоячи Горон Милойко билан ҳужумчи Богдан Милич.
Мазкур легионерлар орасида айниқса, Милойко яққол ажралиб турибди. Ўзи чемпионатимизда савияли легионерлар кам бўлиб турган бир пайтда про лигага қандай легионер келарди, деган мазмундаги саволлар бўлиши аниқ. Рости, бошида ўша Горон борасида ҳам шундай гаплар бўлди. Ўзимизни футболчилардан устун жойи кўринмаётгани ҳақида эътирозлар билдирилди. Лекин вақт ўтиб жамоадаги легионерлар ва айниқса, Милойко барчаси асоссиз эканини кўрсата олди. Бугунги кунга келиб, черногориялик 28 ёшли футболчи ўзининг даражаси қандайлигини исботлаб келмоқда.
Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсак, Суперлигада ҳам у каби легионерни топиш қийин. Балки бу бошқалар учун бироз муболаға бўлиб эшитилиши мумкин. Қолаверса, бир қарашда унинг ўйини ярқ этиб кўзга ташланмаслиги ҳам бор гап. Бироқ Горон Милойко таянч “зонаси”да рақиб ҳужумини бузиб, жамоаси ҳужумини бошлашда шу қадар устаси фарангки, ҳатто, рақиблар ҳам унинг ўйинига қойил қолишяпти. Шубҳасиз, про лиганинг беназир ўйинчисига айланиб улгурди. Очиғи, унинг “Андижон”га келиши клуб учун худди ноёб топилмадек!
Чунки бошида бу даражадаги ўйинчилигини кўпчилик билмаганди. Унинг статистикаси ҳам кўп нарсани айтиб турибди. Ортда қолган 15 та учрашувда легионер барча ўйинларни деярли тўлиқ ўтказиб келмоқда. Фақатгина 3-турда “Хоразм”га қарши беллашувда 63-дақиқада захирадан майдонга тушган. Қолган ҳамма учрашувларда у бошидан охиригача тўп суриб келмоқда. Таъбир жоиз бўлса, қисқа фурсат ичида “Андижон”нинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланди-қолди! Шунингдек, Милойконинг ҳисобида про лигада 2 та гол ва 2 та сариқ карточка ҳам бор.
Куни кеча “Турон”га қарши ўйинда ҳам ушбу легионер катта ҳажмдаги ишни бажарди. Учрашувни бевосита стадионда шарҳлаб боришган Хайрулла Ҳамидов ҳамда Даврон Файзиев унинг ўйинига юқори таъриф беришганига ҳам гувоҳ бўлдик. Ҳозирги кунга келиб Милойко андижонлик мухлисларнинг севимли футболчиларидан бирига айланди. Ўша “Турон”га қарши баҳсда эса Горон учрашувнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилди ва бу унга тўла ҳақли эди. Бунга жавобан футболчи шундай деди: “Албатта, буни кутмагандим. Шунчаки, мен ҳар бир ўйинда ўз потенциалимни имкон қадар намойиш этишга ҳаракат қиламан. Мураббий мендан нимани талаб қилаётганини бажариш асосий мақсадимдир”.
Ўша ўйинда ғалаба учун қаттиқ тер тўкканлардан бири бўлган Милойконинг шубҳасиз уч очко қўлга киритилишида катта ҳиссаси бўлди. Меҳнаткаш ўйинчилиги билан ҳам ном қозониб келяпти. Айниқса, марказда жамоадоши Муҳаммадкарим Тоиров билан тандемдаги ҳаракатлари ҳам таҳсинга лойиқ. Улар биргаликда исталган рақибни зарарсизлантиришга эришишмоқда.
“Турон”дан кўра яхшироқ ўйин намойиш этдик. Айниқса, учрашувнинг биринчи бўлимини аъло даражада ўтказдик. Рақиб фақат иккинчи бўлим охирларига келибгина бизга хавф туғдира олди холос. Бутун ўйинни яхши ўтказдик, деб ҳисоблайман. Фақат сўнгги 15 дақиқада хатоларга йўл қўйдик. Яхшиямки, рақиб бундан унумли фойдаланиб қола олмади. Кубок доирасидаги беллашувда “Турон” вакилларига энди бундай имкониятни бермасликка уриниб кўрамиз. Энг асосийси, муҳим учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилдик. Шу руҳда давом этсак, клуб олдига қўйилган асосий вазифани бажариб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритамиз. Шундай бўлишига шубҳа қилмайман”, - дея яна қўшимча қилди, Горон.
Бу футболчи Черногория чемпионатида “Зета” ва “Искра Даниловград” жамоаларида тўп сурган. У илк бор легионерга айланганини ҳам унутмаслик керак. Селекцияда шундай бўлади: трансфер қилинган қайсидир ўйинчидан кўп нарса кутасизу, аммо кутилган натижани бермайди. Яна баъзида кимдандир кўп нарса кутмайсиз, аммо у энг зўри бўлиб чиқади. Шунинг учун ҳам трансфер бозорида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Горон шу қадар жамоага мослашиб кетдики, ўзини энди ўзбекдек ҳис қиляпти. Машғулотларда ҳам жамоадошлари билан ҳатто ўзбекча сўзлар ёрдамида ҳазил-ҳузул қилишига гувоҳ бўлганмиз. У янги менлатитетга жуда яхши мослашиб кетди. Бошида унинг нималарга қодирлигига ишонмаганлар энди яна бир бор унинг ўйинини кўрсинлар... “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»