Ёзги трансферлар мавсумининг охирига келиб, “Рома” ҳужум чизиғида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда ва бу вазият Элдор Шомуродовнинг келаси фаолиятига ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлаш лозим.
Жозе Моуриньо янги мавсумда ўзбекистонлик легионерга ишонч билдирмаслиги мумкинлиги эълон қилинганидан кейин Италия, Германия, Туркия, Англия ва Саудиф Арабистонидан бир неча клуб Элдорга оғиз сола бошлади.
Бу жамоаларнинг бирортаси “Рома” билан ўзбек ҳужумчиси трансфери борасида келиша олмади. Айрим вариантлар футболчимизнинг ўзини қониқтиргани йўқ.
Охиригача курашаётган “Болонья” ҳам римликларни кўндиришга қийналмоқда ва бош мураббий Синиша Михайлович асосий ҳужумчи Марко Арнаутовичга шерик сифатида Элдор Шомуродовни танлаган бўлса-да, клуб спорт директори Жованни Сартори бошқа номзодларга ҳам эътибор қарата бошлади.
Қолаверса, шу кунларда “Рома”нинг бошқа ҳужумчилари жамоани тарк этиши деярли ҳал бўлиб улгургани Элдор Шомуродовга Римда қолиш учун янги имконият берди.
Моуриньо ўйнатишни истамаган Жастин Клюйверт ўзига янги иш жойи сифатида “Фулхэм”ни танлади. Англияликлар нидерландиялик ҳужумкор футболчини бир йил муддатга ижарага олиб, келаси ёзда 12 миллион евро эвазига сотиб олиш ва қўшимчасига турли бонуслар тўлашга розилик берган.
Демак, 2020 йилдан бери бирор марта “Рома” сафида майдонга тушмаган ва аввалги ики мавсумни Германия ва Франция чемпионатларида ўтказган Клюйверт Англияга кетиши билан Моуриньо кутаётган ўйинчи – Андреа Белоттининг трансферига йўл очилади. Италиялик ҳужумчи Римга келиш илинжида ўзига турли мамлакатлар лигаларидан бўлаётган таклифларга ижобий жавоб бермай турибди.
“Рома”дан кетишга ҳозирланаётган олдинги чизиқнинг яна бир вакили – Феликс Афена-Гьяндир. Ганалик 19 ёшли ҳужумчи “Кремонезе”, “Монца” ва “Салернитана” билан музокара олиб бораётган эди. Ҳозиргача мутахассислар томонидан “Кремонезе”нинг имкониятлари юқори баҳоланаётганди.
Афена-Гьян учун курашга “Кальяри” қўшилгани вазиятни тубдан ўзгартирди. А Серияга қайтишни ўз олдига мақсад қилган “Кальяри” вакиллари ганалик ҳужумчини қўлга киритиш учун римликларнинг барча талабларини бажаришга рози.
Жозе Моуриньо кашф қилган футболчининг римликлар билан шартномаси 2026 йилгача узайтирган бўлса-да, клуб мутасаддилари бир неча жамоалар нишонида турган ўйинчини сотиб юборишга қарши эмас. Феликс ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш ва профессионал фаолиятининг бошланғич қисмида захирада қолиб кетмаслик учун ўзига кўпроқ имконият берадиган клубларга ўтишни истамоқда.
Италиянинг бир неча нашрлари, хусусан, https://footballnews24.it ҳамда https://www.pagineromaniste.com сайтлари экспертлари Феликс Афена-Гьян ва Жастин Клюйверт кетганидан кейин “Рома” раҳбарияти Элдор Шомуродов бўйича позициясини ўзгартириб, уни жамоада қолдиришини таъкидламоқда.
Қолаверса, Шомуродовга харидор бўлаётган “Болонья”нинг бошқа ҳужумчи қидира бошлагани ҳам бу тахминларни тасдиқламоқда. Болоньяликлар Элдорнинг ўрнига Туркияда юрган италиялик ҳужумчи Фабио Борини ёки “Женоа”дан ўйнаб, кейинчалик “Гронинген”га кўчиб ўтган Йорген Странд-Ларсенни олиб келиш ҳаракатларини бошлаб юборган.
Демак, Шомуродовнинг бозори совуб бораётгани уни “Рома”да қолишидан далолат бермоқда. Шундай бўлган тақдирда ҳам, ҳужумчимиз катта эҳтимол билан захира ўйинчиси бўлиб қолади.
Чунки таркибда Пауло Дибала, Николо Дзаньоло, Тэмми Абрахамдек ҳужумчилари бор ва Андреа Белоттини олаётган жамоа мураббийлар штаби захирада асосан Элдор Шомуродов ҳамда Стефан Эл-Шааравини олиб қолиши ҳақиқатга яқинроқ. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»