12:00 / 29.08.2022
892

Вадим Абрамов: "Бизда ҳали жамоавий ўйин шаклланмаган"

Вадим Абрамов: "Бизда ҳали жамоавий ўйин шаклланмаган"
Суперлига 17-тури доирасидаги «Динамо» - «Бунёдкор» (1:2) ўйинидан кейин дастлаб Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Нима ҳам дердим, ёмон ўйнаяпмиз, шу боис натижаларимиз ҳам яхши эмас. Биринчи бўлимни жуда ҳам ёмон ўтказдик, шунга қарамай гол киритиб, ҳисобда олдинга чиқдик. Иккинчи бўлимда эса йўқ жойдан гол ўтказаяпмиз. Агар яратилган вазиятларимиздан фойдалана олганимизда, эҳтимол ўйин бошқача кечарди. Ҳозирги вазиятда ўйин жиҳатдан ҳам ёмон кўринаяпмиз.

- Иккинчи бўлим кўрсатдики, «Динамо» жисмонан ёмон аҳволда. Бу фикрга қўшиласизми ёки бизга шундай кўриндими?

- Шубҳасиз, фикрингизга қўшиламан. Шу сабабли ҳам биз сўнгги ўриндамиз. Статистикани алдай олмайсан. Ҳаммадан кам гол киритиб, ҳаммадан кўп гол ўтказиб юборганмиз.

Жамоада учинчи ўйинимни ўтказяпман ва учинчи ўйиндирки дарвозамиз томон пенальти қўйилмоқда. Вазиятларда ўзимизга ишонмай, хатоларга йўл қўйиб, жарима майдони ичида ўйин қоидасини бузаяпмиз ва ўз дарвозамизга пенальти олиб келяпмиз.

- Жамоада иш бошлашдан аввал вазиятни таҳлил қилгансиз, қандай таваккалга қўл ураётганингизни билгансиз. Буёғига ҳозирги вазиятдан қандай чиқиб кетмоқчисиз?

- Буни вақт кўрсатади. Жамоани лигада олиб қолиш имконияти пайдо бўлиши учун камида 5та ўйинда ғалаба қозонишимиз керак. Аммо биз қўл остимдаги дастлабки уч ўйинда мағлуб бўлдик. Олдинда 9та ўйин қолди. Ҳозирча олдинда ёруғлик кўринмаяпти, кўрамиз.

- Бугун гол муаллифига айланган Шоҳрух Абдураҳмоновнинг ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Шоҳрух – умидли футболчи, аммо унутмаслик лозимки ҳар бир футболчи ҳам жамоавий ўйиндан келиб чиқиб, ўйнайди. Фақат бир киши майдонда жанг қила олмайди. Бизда ҳали жамоавий ўйин йўқ. Афсуски, йигитлар майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаришмоқда, аммо югуриш шарт бўлмаган, шунчаки ақл билан иш кўриш лозим бўлган жойда бундай қила олишмаяпти. Шунга ачинаман. Тўпни олгач ҳам, майдонда очилиб, бир-биримизга ёрдам бермаяпмиз. Футбол бундай ўйналмайди, ахир.

- «Динамо» қўл остингиздаги 3та ўйинда ҳам майдонда биринчи рақамли жамоа бўлиб ўйнашга интилди, ҳаттоки «Сўғдиёна»га қарши баҳсда ҳам. Одатий тактикангизга қарши бориб, ҳимоядан ўйнаш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Албатта, ҳимоядан ҳам ўйнаш мумкин, агар сизда ҳимоячилар етарлича бўлса. Аммо бизда кимлар ҳимояда ўйнаётганига қаранг. Мана бугун ҳам 1:0 ҳисобида олдинда бораётганда, олдинга югуринг деганимиз йўқ, аксинча ҳимоядан ўйнаб, қарши ҳужумда ўйнаш талаб этилганди. Мана, ҳимоядан ўйнашга қарор қилдик ва 5 дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юбордик. Бу нимадан далолат? Кўрамиз, олдинда нима бўлишини вақт кўрсатади.

Манба: "Динамо" ПФК матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: "Бизда ҳали жамоавий ўйин шаклланмаган"