19:50 / 02.09.2022
1 530

Остон Ўрунов премьер-лига клуби билан шартномага имзо чекди

Остон Ўрунов премьер-лига клуби билан шартномага имзо чекди
“Спартак” билан амалдаги шартномасини бекор қилган Остон Ўрунов шу куннинг ўзида Россия премьер-лигаси вакили “Урал” билан битимни имзолади.

Екатеринбург шаҳри клуби президенти Григорий Иванов “Спорт-Экспресс” порталига бу ҳақда маълумот берди.

- Ўрунов билан шартнома имзоладик. Батафсил маълумотни тез орада клуб расмий сайтидан билиб оласиз, - деди “Урал” президенти Григорий Иванов.

Манбаларнинг таъкидлашича, Остон Ўрунов “Спарта” билан 2025 йилнинг ярмигача тузилган шартномани ўзаро келишган ҳолда бекор қилган. Аввалига ўзбек футболчиси битимни бузиш учун келишувда кўрсатилган маошини тўлиқ тўланишини талаб қилгани айтилган эди.

Энди клубга яқин манбалар легионер ўз талабини пасайтиргани ва тўланиши керак бўлган сумма тенг ярмига қисқартирилганини таъкидламоқда.

Остон Ўруновни ўз сафига қўшиб олган “Урал” клуби 1930 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу жамоа 2013 йилдан бери Россия премьер-лигасида иштирок этиб келмоқда. Жорий чемпионатда екатеринбургликлар бир очко тўплаган ҳолда сўнгги поғонани эгаллаб турибди.

Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи “Урал” сафига бешинчи легионер сифатида қўшилади. Айни пайтда екатеринбургликлар таркибида хорижлик ўйинчилардан конголик Эмерсон, грузиялик Лука Цулукидзе, хорватиялик Даниэль Мишкич, руминиялик Эрик Бикфалви тўп тепмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Остон Ўрунов “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ, унга “шерлар”нинг асосий таркибидан ўрин берилмаган. Кейинчалик Наманганга йўл олди.

Шу боис, профессионал футболчи сифатида “Навбаҳор”да шаклланган. Кейинчалик Тошкентнинг “Локомотив” клубида тўп тепди ва айнан “темирйўлчилар” сафида Россия премьер-лигасига йўл олди. Легионер сифатида “Уфа” ва “Спартак” жамоаларида ўйнади.

Ўрунов клублар мақёсида жами 111 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига бешта гол ва бешта ассист расмийлаштирган. Бу футболчи майдон маркази, ҳар икки қанот ва ҳужумчи ортида ўйнай оладиган универсал ижрочи ҳисобланади.

Остон 2019 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасидан жой олиб келмоқда. Ҳозирча, 21 ёшли футболчимиз еттита учрашувда битта тўп киритган.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари истеъдодли футболчимизга янги жамоасида омад ва ўз маҳоратини намоён этишни тилаб қолади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Остон Ўрунов премьер-лига клуби билан шартномага имзо чекди