Фото: FIDE.com
Шахматда янги можаро авж олмоқда, мухлислар аллақачон уни тарихдаги энг йирикларидан бири деб атамоқда. Карлсеннинг рақиби ғирромлик қилган бўлиши мумкин.
Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен кутилмаганда Сент-Луисдаги Grand Chess Tour мусобақасини тарк этди – афтидан, норвегиялик шахматчи рақибларидан бирини ғирромликда гумон қилган.
Қандай воқеа юз берди?
Нуфузли Sinquefield Cup турнирининг 2-туридан сўнг, Карлсен америкалик Ҳанс Ниманн билан бирга биринчи ўринни эгаллаб турганди. Иккиси ҳам мусобақани яхши бошлади – Магнус россиялик Ян Непомняшчийни, Ҳанс эса озарбойжонлик Шаҳриёр Мамедяровни мағлуб этди.
Учинчи турда шахматчилар ўзаро тўқнаш келишди. Ва бунда кичик сенсация юз берди – Ниманн қоралар билан ўйнашига қарамай, Карлсендан кучлироқ бўлиб чиқди ва унинг 53 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясини тўхтатди.
Ниманн FIDE рейтингида атиги 49-ўринда бораётгани ва пешқадам Карлсендан 173 очко ортда экани ҳисобга олинса – бу ғалаба жуда ҳайратланарли.
Мағлубиятдан сўнг Карлсен кутилмаганда турнирни тарк этди, илгари ҳеч қачон бундай қилмаганди. Магнус ўз қарорини ижтимоий тармоқда шундай изоҳлади: «Турнирни тарк этдим. Мен Сент-Луисда ўйнашни доим ёқтирганман. Келажакда бу ерга қайтишдан умидворман».
Шунингдек, у футбол мураббийи Жозе Моуриньонинг интервьюсидан олинган видеопарчани илова қилди. Португалиялик мутахассис унда: «Агар гапирсам, катта муаммога дуч келаман», деган эди.
Яна бир америкалик шахматчи Ҳикару Накамура оловга ёғ сепиб, «Магнуснинг бу ўйинда ғалаба қозонишга умуман имконияти йўқ эди (чунки у ғирромликка дуч келди)», деди.
Магнус Карлсен. Фото: FOTO OLIMPIK/GETTY IMAGES
Карлсен рақибини ғирромликда гумон қилганми?
Айнан шунга ўхшаяпти. Норвегиялик мутахассис Тарье Свенсен шундай дейди: «Бу катта миқёсдаги драма ва можаро. Охирги 50 йил ичида биз бунга ўхшаш нарсани кўрмаганмиз, шунинг учун бу катта можаро эканига шубҳа йўқ.
Биз барча даврларнинг энг яхши шахматчиси ҳақида гапиряпмиз ва Магнус ўз қарорини тушунтирмади. Лекин ҳамма нарса унинг Ҳанс Ниманни ғирромликда айблашига ишора қилади. Албатта ҳеч қандай далил йўқ. Лекин Ниманн бундан олдин 2 марта онлайн турнирларда фирибгарлик устида ушланган. Бу унинг ғирромликка қодир эканини кўрсатади. Агар унинг алдагани аниқланса, карьераси ниҳоясига етади».
Карлсен нега Моуриньо сўзларидан фойдаланди? Эҳтиёт бўлиш учун. Чунки у рақибни айбласа, аммо бирор далилни келтирмаса, қийин аҳволга тушиб қолар эди».
Ҳанс Ниманн норвегиялик рақибининг қароридан ҳайратда эканини айтди: «Тўғрисини айтсам, лол қолдим. Бу жуда ғалати. Аввалига у жаҳон чемпионлиги учун баҳсдан воз кечди. Энди бундай қиляпти. Мен шошилинч хулоса чиқаришни хоҳламайман, лекин бу жуда ғалати. Яхшиям уни кетишидан олдин мағлуб этишга муваффақ бўлдим».
Ниманн ким? Уни ғирромлик устида ушлашгани ростми?
Ҳанс Ниманн 19 ёшда ва Американинг энг истиқболли шахматчилардан бири саналади. Ҳозир у FIDE ёшлар рейтингида олтинчи ўринда бормоқда.
Лекин шахмат дунёсида у бироз шубҳали обрўга эга. Ниманн энг машҳур Chess.com шахмат порталида читерлик қилгани учун икки марта блокланган. «Читерлик» (инг. «cheat» - фириб қилмоқ, алдамоқ) – компьютер оламига мансуб термин бўлиб, ўйинларда ташаббусга эга бўлиш учун ғирромлик билан ўзгача дастурий таъминот ёки аппаратдан фойдаланишни англатади.
«Мен буни айтмаслигим керак, лекин барибир айтаман. Ниманн олти ой давомида Chess.com сайтида ҳеч қандай онлайн турнирларда иштирок эта олмади. Читерлик туфайлими? Бу маълум факт, ҳатто баҳслашишга ҳожат йўқ», деди Ҳикару Накамура.
Аммо Ниманн қандай ғирромлик қилиши мумкин?
Онлайн читерлик бор нарса. Аммо анъанавий турнирларда ғирромлик қилиш ниҳоятда қийин. Масалан, 2015 йилда грузиялик шахматчи Гайоз Нигалидзе шахмат дастури ўрнатилган телефонни ҳожатхонага яшириб қўйган ва ўйин пайтида тез-тез ҳожатхонага чиқиб келган. Лекин бу тезда фош қилинди ва Нигалидзе турнирдан четлатилди.
Ниманн қандай қилиб алдаган бўлиши мумкин?
Карлсен устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Ҳанснинг сўзлари кўпчиликни қизиқтириб қолди. У ўйин куни эрталаб Карлсен танлаган дебютни тасодифан ўрганиб чиққани ва бу «ақл бовар қилмас тасодиф» бўлганини айтди. Аммо қизиғи шундаки, Карлсен илгари ҳеч қачон бундай ўйнамаган. Шу сабабли, Ҳанс ўйиндан олдин нега айнан шундай вариантни ўрганиб чиққани номаълум.
Ҳанс ўйиндан олдин қандайдир йўл билан Карлсеннинг шахмат компьютерига кириш имконига эга бўлган ва шу тариқа рақиби нимани режалаштираётганини билиб олган, деган шубҳа бор. Бундан ташқари, кимдир қандайдир йўл билан бу маълумотни Ниманнга ўйин пайтида етказган бўлиши мумкин.
Россиялик шахматчи Ян Непомняшчий воқеалар ривожига изоҳ берар экан, Карлсен турнирни нега тарк этганини билмаслигини айтди. Бироқ, Ниманнинг ўйинини «ақл бовар қилмас даражада ҳайратланарли» деди.
Непомняшчий икки йил олдин Ниманни онлайн ўйинларда ботлардан фойдаланган бўлиши мумкинлигини айтган эди. Унинг фикрига кўра, Ҳанснинг одам билан юзма-юз ўйинлари ва онлайн ўйинлари орасида катта фарқ бор. Онлайн ўйинларда унинг натижалари шубҳали тарзда юқори.
Накамуранинг фикрига кўра, Ҳанс Ниманн 2700 га яқин рейтинг очкосига эга гроссмейстерга ўхшамайди. Унинг шахмат ўйинларини таҳлил қилиши жуда саёз.
Канадалик шахматчи Эрик Ҳансен ҳам унинг фикрига қўшилади: «Ниманнинг таҳлилида мантиқий кетма-кетлик йўқ. Юқори даражадаги баҳсларда эса омад ёки тасодифга ўрин йўқ».
Накамуранинг фикрига кўра, Карлсен ғирромлик элементи борлигини сезган ва турнир ташкилотчилари бунинг олдини олмаганидан ранжиган.
«Магнус ҳеч қачон турнирни тарк этмаган бўларди. У – кучли шахматчи, жаҳон чемпиони. Агар Ҳанс ғирромлигига чин дилдан ишонмаса, ҳеч қачон турнирни тарк этмасди. Магнуснинг бунга ишончи комил», деди у.
Ҳозирча Sinquefield Cup турнири ташкилотчилари Магнус Карлсеннинг қарори бўйича ҳеч қандай изоҳ беришмади.
Шахматдаги ғирромлик
Спорт олами ҳар доим ғирром ўйинлар билан курашиб келган. Атлетик спорт турларида спортчилар асосан допинг билан ушланган бўлса, ақлий меҳнат талаб қиладиган турларда ғирромликнинг ўзига хос турлари бор. Жумладан, шахмат, киберспорт, покер ва го ўйинлари читерликдан азият чекиб келмоқда. Илгари инсон томонидан йўл-йўриқ ўргатиб юбориш ҳолатлари учраган бўлса, ҳозирда енгилмас компьютер хизматидан фойдаланилмоқда.
1998 йилда ҳаваскор шахматчи Клеменс Альверманн очиқ турнирда гроссмейстер Сергей Калиничевни компьютер дастури ёрдамида мағлуб этишга муваффақ бўлган. У ўйин пайтида хонани тез-тез тарк этиб турган. Унинг ўйини таҳлил қилинганида, юришлар компьютер дастури берган тавсиялар билан мос экани аниқланган.
2001 йилда Москвада ўтказилган турнирда франциялик шахматчи Оливье Тузан ва ҳеч кимга таниш бўлмаган россиялик Нугзар Зеляков кучли шахматчиларни мағлуб этиб, шов-шув кўтаришган. Шундан сўнг, FIDE ўйин ўтказиладиган залга киришда металл изловчи қурилма ўрнатган. Бу чора самара берган: Тузан ва Зеляков ўз ўйинларини ютқазиб, кейинчалик шахмат дунёсида унутилиб кетган.
2006 йилда ҳиндистонлик шахматчилар Шарма ва Сингҳ кетма-кет ғалабаларни қўлга киритиб, миллий жамоага даъвгарлик қила бошлаган. Бу эса мамлкатнинг етакчи шахматчилари норозилигига сабаб бўлган. Шундан сўнг, ҳар иккала шахматчи обдон текширилган. Шарманинг салласидан блютуз қурилмаси топилган ва у 10 йилга четлатилган. Сингҳдан ҳеч нарса топилмаган бўлса-да, кейинчалик унинг шахмат натижалари кескин пасайиб кетган.
2010 йилда Россияда ўтказилган шахмат Олимпиадасида Франция миллий жамоаси мураббийи Арно Ошар шахматчи Себастян Феллерга йўл-йўриқ ўргатиб турган. У ўйин залидан чиқиб, барга бориб, ёрдамчисидан SMS хабар олиб турган. Шундан сўнг, залга қайтиб, Феллерга олдиндан келишилган имо-ишоралар билан қайси юришни қилиш ҳақида хабар берган. Уларнинг навбатдагисида Феллер донани адаштириб юборган ва ўйинда мағлуб бўлган. Кейинчалик фириб миллий жамоанинг бошқа шахматчилари кўмагида ошкор бўлган. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди