01:25 / 08.09.2022
6 063

Рўзиқул Бердиев суҳбатда анча гапларни айтиб юборди

Рўзиқул Бердиев суҳбатда анча гапларни айтиб юборди
Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийларидан бири Рўзиқул Бердиев “Насаф”да қандай ишлаётганини ҳамма билади. У билан доим қизиқарли масалаларда суҳбатлашиш учун мавзу топилади.

Шунинг учун бу сафар ҳам Рўзиқул Саъдуллаевичдан интервью олишга қатор сабаблар тўпланиб қолганди. Натижада “Насаф” устози билан учрашув белгиладик ва келишувга кўра, клуб базасида кўришдик.

“Насаф"га жавобгар шахсман”

- Рўзиқул ака, дастлаб сиз билан юз берган охирги воқеаларга тўхталмоқчиман. Нечта ўйинга дисквалификация қилишди? Мураббий сифатида бу қарорни қандай қабул қилдингиз? Барчаси адолатлими ёки эътирозингиз борми?

- Биз ҳиссиётларга берилиб ўзимиз нотўғри йўл тутдик. Буни тан оламиз. Лекин бунгача бўлган барча вазиятлар бизни руҳий стресс бўлишига олиб келди. Мен “Насаф” клубини бош мураббийиман. Биринчи жавобгар шахсман. Жуда катта масъулият ва катта босим бор. Қанчалик қийинчиликларга қарамасдан олдимизга юқори мақсадларни қўйганмиз. Ўша ўйинда ВАР борлигини билиб, нега ВАРни кўрмаганлиги бўйича эътирозимизни билдирдик. Эътироз билдирган пайтимизда қаердадир қўполлик бўлгандир. Бош ҳакамдан нега ВАРни кўрмаяпсан деганимда у менга жавоб қайтармади. У тўп қўлига тегмагани ва пенальтига асос йўқлигини тушунтириб ҳам бермади.

Шундан кейин ушбу ҳолатлар келиб чиқди. Кейин менга футболчиларим айтишдики, қанот ҳакамининг гапига кўра, охирги вазиятларда ВАР ишламаган экан. Мен бу ҳақида ОАВ ходимларига гапирдим. Шу иш билан боғлиқ вазият бўйича қандай жазо берилиши 8-9 сентябрь кунларида кўриб чиқилади. Албатта, биз низоли вазиятда сабрсизлик қилдик ва яна қаердадир ҳиссиётларга берилдик. Аммо бошида айтдим, мен “Насаф”га жавобгар шахсман. Масъулият катта. Олдинги учрашувларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар такрорлангани учун ҳам қизишиб кетгандирмиз. “Локомотив” билан учрашувдан кейин вазиятларни ўрганиб чиқдик, таҳлил қилдик. ВАР ишламаган бўлса ҳам айтишларича, ҳакамлар планшетлар орқали ҳаммасини кўриб борган ва хулосага келишган. Бироқ ўша вазиятда бир хулосага келингани ҳақида ҳеч ким айтмаган. Албатта, ўзимиз ҳам афсусдамиз. Ўйлайманки, адолатли қарор бўлади.

- Нечта ўйинга дисквалификация бўлишингизни тахминан биласизми?
- Йўқ, тахминан билмайман. Ўзим ҳам бу вазиятни бориб тўлиқ тушунтириб беришни хоҳлайман. Чунки улар ҳам менинг ҳолатимни ва позициямни билишлари керак.

- Аслида бир жамоага қарши кетма-кет икки марта ўйнаш қийин...
- Яна бу мавзуга қайтмайлик. Бундан олдинги ўйинларимизда ҳам баҳсли вазиятлар кўп бўлди. АГМК ёки “Олимпик” билан учрашувларни айтиш мумкин. “Навбаҳор” билан баҳсда ҳам қайсидир вазиятда эътирозимиз бўлди. Албатта, ўзимни тутишим нотўғри, афсусдамизу, аммо ўша вазиятда бизнинг ҳам ҳолатимизни тушунишлари керак эди.

- Айтмоқчиманки, “Локомотив”га қарши Кубок учрашувида футболчилар ўртасида ҳам тортишувлар бўлди...
- Ўша вазиятда тўп учун кураш бўлди. Мозговой ва Сафаров ўртасида. Аслида вазият юмшагандек бўлиб турганди. Лекин “Локомотив”нинг бир-иккита ўйинчилари келиб, йигитларимизга кескин эътироз билдиришганидан кейин бизникилар ҳам жавоб қайтаришга мажбур бўлди. У ерда ўта қўполликлар бўлмаганди. “Локомотив”нинг иккита ўйинчиси югуриб келмаганида вазият юмшаб бўлганди. Бундай ҳолатларда ҳар доим ўйинчиларимизга ўзларини қандай тутиш кераклигини уқтириб келамиз. Бунга жамоам ҳар доим тайёр бўлиб келган. Аммо баъзида "провокация"га учраб турилади. Футбол – бу кураш, эҳтиросли ўйин ва барчаси бўлиб туради.

“Жепаров креатив ўйинчи бўлган, жамоасига ҳам шуни сингдирса керак, деб ўйлагандик”

- Ўша ўйинни четдан кузатдингиз ва сизга қандай кўринди? Доим захира ўриндиғидан кўрардингиз ва бақириб ҳумордан чиқардингиз...

- Албатта, бундай вазиятда тегишли кўрсатматларни йигитларга етказиб бериш муаммоли. Фақат буни ёрдамчи мураббий орқали етказиш мумкин. Лекин яна бир томони ҳам бўлдики, тепадан туриб тактик схемаларни яққол кўра оларкансиз. Майдонда бир-икки метр ҳам жуда муҳим роль ўйнайди. Футболчиларимнинг қандай жойлашгани юқоридан аниқ ва тўғри кўринаркан. Ўйинимизни таҳлил қилганимизда бу нарса менга жуда қўл келади (кулади). Ўша ўйинда футболчиларимнинг биринчи бўлимдаги ҳаракатлари маъқул эди. Майдондаги жойлашув, тўп назорати, тўпни қайтариб олиш ҳаммаси яхши эди. Иккинчи бўлимда “Локомотив” ўзгаришларни қилди ва ўйинни жонлантирди. Кубокда битта ўйинлиги учун натижа муҳим бўлади. Йигитлар кейин ҳимояга эътибор қаратиб, ҳисобни ушлашга ҳаракат қилишди.

- “Локомотив” билан боғлиқ воқеалар шов-шув уйғотганини биласиз. Бунгача икки марта уларга қарши ўйнадинглар. Қаршидаги учрашувларда “Локомотив”нинг ўйинини кўриб ниманидир сезганмидингиз?
- Йўқ, бу умуман хаёлимизга келмаган нарсалар бўлди. Бизни қизиқтирган нарса шу эдики, бошқа мураббий келди, у қанақа тактика танлайди, таркиб ёки схемасида қанақа ўзгариш бўлади, шуниси қизиқ эди. Сервер Жепаровга ўзининг ўйини билан баҳо берсак, бу ҳужумкор ва техникага таянган футбол эди. Лекин биз билан ўйинда унинг жамоаси фақат ҳимояда ва қарши ҳужумлар билан ўйнашга ҳаракат қилишди. Биринчи учрашувда бу нарса бизга янгилик ва кутилмаган ҳолат бўлди. Жепаров креатив ўйинчи бўлган, жамоасига ҳам шу нарсани сингдиради, деб ўйлагандик. Аммо қараши бошқача бўлиб чиқди. Балки бизга қарши шундай йўл тутгандир. Аслида жамоамизга қарши фақат “Локомотив” эмас, бошқа клублар ҳам кўп ҳимояланишади. Охирги юз берган воқеага келсак, бир-икки йилдирки, бу ҳеч кимнинг хаёлида йўқ эди. Биз учун ҳам, ҳамма учун кутилмаган ҳолат, албатта хунук иш.

“Ярим финалга чиққан 4 та жамоа ҳам ўз уйида ўйнашини ўйлаб ўтирибди”

- Сизни кузатишларимиз натижасида шунга амин бўляпманки, охирги 1-2 йил ичида ўйин давомидаги эътироз ва ҳиссиётларингиз жунбушга келяпти ва ҳакамлар билан тортишиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Бу нимадан далолат: асабларингиз дош бермаяптими ёки ҳакамлар савияси тушиб кетяптими?
- Бу менинг табиатим ва характеримга боғлиқ. Ўзим биламан шунақаман, баъзида адолатсизликни кўрсам, ҳиссиётларга берилишим мумкин. Табиатимга хос нарса, буни яширмайман. Ўйнаган пайтларимда ҳам бир йилда ҳеч бўлмаганда бир марта қизил олардим. Мураббийликда ҳам баъзида қаердадир нохолисликни кўрсам қизишиб жавоб беришим мумкин. Бу характерим билан боғлиқ. Ҳа, ҳакамлар кўп хатоликларга йўл қўйяпти. Лекин биров кимгадир атайин қиляпти, деган фикрдан йироқмиз. Аммо бундай хатоликлар кузатилиб турибди. Ҳар доим футболчиларимизга ҳалол ва адолатли ўйнашни таъкидлаганмиз ва ўзимиз ҳам шунақа бўлганмиз. Шунинг учун ҳам баъзида ҳиссиётларга берилиб ўзимизни жиловлай олмай қоламиз.

- Майли, муҳими “Насаф” ютди ва Кубокда ярим финалга чиқди. АГМК, “Сўғдиёна” ва “Навбаҳор”! Ярим финалда кимни кутяпсиз?
- Тўртта жамоанинг даражаси ҳам, савияси ҳам тенг деб ўйлайман. Реал қарайдиган бўлсак, таркиб ва ўйин жиҳатидан бу йил демайману, аммо олдинги йиллари “Пахтакор” баланд эди. Чунки “Пахтакор” таркибидаги ўйинчилар терма жамоанинг ҳам ўзаги ва тажрибали футболчилар эди. Аммо уларнинг ҳозирги таркиби ҳам бошқаларга қараганда маҳоратлироқ эди. Ярим финалга чиққан тўртта жамоа бир-бирига мос. Ярим финаллар ҳам финалдек ўтади. Ўйинлар битта баҳсдан иборат бўляпти. Балки қайсидир маънода бу тўғридир. Аммо фикримча, борди-келди ёки бетараф майдонда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозир ярим финалга чиққан 4 та жамоа ҳам ўз уйида ўйнашини ўйлаб ўтирибди.

“Қийинчиликларимиз бор, аммо жар солаётганимиз йўқ”

- Ҳаммада шундай фикр: Рўзиқул Бердиев ҳамма совринни ютди, фақат чемпионликдан ташқари! Охирги пайтларда энди шу нарса ҳам муҳокамаларга сабаб бўляпти. Нима учун чемпионликни талаб қилмаяпти ёки таркиб бунга мос эмасми, деган фикрлар бор. Билишимча, бу ҳам сизни қийнаётган савол бўлса керак. Жамоангиз ўзи чемпионликка тайёрми?
- Яқинда мендан кимдир шу ҳақида сўраганди. Футболдаги шахслар ҳар доим муҳокамада бўлади. Футболни бекорга миллионлар ўйини дейишмайди. Муҳокама ва танқид бўлади. Таклифлар билдирилади, баъзида ҳақоратлар ҳам учраб туради. Мен ўзи сайтларни кўп кузатмайман. Ўзим ҳам у ёқларда йўқман. Баъзида ўзимга ҳам бундай хабарлар қаерлардандир етиб келади. Чемпионлик руҳи етишмаётгани ҳақида гапиришади. Бизда Кубокларни ютиш ёки Кубок характери ҳам йўқ эди. Аммо аста-секин мақсадимизга эришяпмиз.

Жамоамизнинг Чемпионлар лигасида ҳам тажрибаси йўқ эди. Бу нарсага ҳам эришяпмиз. Қачонлардир бизнинг жамоамизга ўрин олишга кучи етмасди ёки бунга яқин ҳам келмасди. Мана, буни ҳам забт этяпмиз. Айтмоқчиманки, чемпионликни ҳам вақти соати бор. Жамоамизда молиявий ҳолат қанақа эканини барча билади. Лекин баъзилар буни тан олишга ҳаракат қилмайди. Ҳамма билади, биз катта молиявий барқарорликка эга эмасмиз. Очиқ айтаман, бу йилги сметамиз 25 млрд. Қайсидир жамоалар бюджетини 80 млрд. қилиб чемпионлик мақсадини қўйяпти. Бу баҳона эмас. Имкониятингиз қанча юқори бўлса, шунча савияли футболчиларни олиб келасиз.

Клубимизнинг охирги натижаларини оладиган бўлсак, масалан, 2020 йили қанча қийинчилик бўлмасин, етакчиларимиз кетиб қолишмасин чемпионатда 2-ўринни олдик. 2021 йили Ўзбекистон Кубогини ютдик ва ОФК Кубоги финалига чиқдик. Чемпионатда медаллар учун курашдик. Аммо 4-ўринни олдик. Охирги учрашувда “Локомотив”га ютқазиб қўйдик. Бу Кубок финали олди ўйини эди. Балки шу боис чемпионатга эътиборимизни камроқ қаратгандирмиз. Мана, 2022 йилда Осиё Чемпионлар лигасида плей-оффдан чиқдик. Бу осон эмасди. БААга бориб “Банияс”ни ютиб қайтдик. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига борганимизда тўғрисини айтсам, кейинги босқичга чиқишимизга 50 фоиз одам ишонмаганди. Бу ерда ҳам тажрибамиз ва “духи”миз йўқ эди. Аммо биз уддаладик.

Мана, Ўзбекистон Кубогида ярим финалчилар қаторидамиз. Чемпионлик учун курашда қатнашяпмиз. Аммо баъзиларни нимага негатив фикр билдиришини тушунмайман. Тажриба ва чемпионлик руҳи ўзи келаверади. Бу йиллаб орзу қилинади. Вақти келиб бунга эришамиз, албатта ишонамиз. Аммо ҳеч ким эсламаяптики, биз ҳар йили ўйинчиларни йўқотамиз. Олдин ҳам айтгандим, таркибимиздаги тажрибали футболчиларни сақлаб қолиш кераклиги ҳақида гапиргандим. Ҳар йили футболчиларимиз кетиб қолишади. Шунча қийинчиликлар ва кам имкониятга эга бўла туриб ҳам даражамизни ушлаб туриш бу катта ютуқ. Мен мураббий сифатида, футболчиларимиз ҳам ўйинчи сифатида чемпион бўлишни жуда истаймиз. Шунга курашяпмиз. Аммо олдиндан ҳеч қачон бировга ниманидир ваъда қилиш қийин.

Лекин чемпионлик учун курашамиз. Кўпчилик бу йил “Насаф” катта фарқ билан чемпион бўлиши керак, деб ўйлаганди. Бу жуда ҳам қийин нарса. Ҳар қандай жамоада ҳам паст-баландликлар бўлади. Биздан тажрибалироқ клублар ҳам очколар йўқотишяпти катта фарқни юзага келтира олмаяптилар. Ҳамма жамоалар бир-бирига яқин. Қийинчиликларимиз бор, аммо жар солаётганимиз йўқ. Курашишда давом этяпмиз. Доим мақсадимиз олий. “Насаф” охиригача курашади, ишончни ҳеч қачон йўқотмайди. Ишонтириб айтаманки, жамоам ўйин сифати бўйича бунга лойиқ. Бошқа жамоаларга нисбатан “Насаф”нинг ўйини табиий ва ҳаммага манзур келади. Мазмун ҳам, сифат ҳам бор.

- Молиявий томондан қўллаб-қувватлов ҳам муҳим. Сир бўлмаса, қарздорлик борми?
- Қарздорлик бор.

“Кержаковни интервьюсини ўқидим, унинг гапида жон бор”

- Яқинда россиялик таниқли футбол кишиси Александр Кержаковдан интервью олгандим. Унинг ўзи айтиб қолдики, Шерзод Насруллаевнинг ўйинини ёқтириб қолган...
- Ҳа, мен ҳам Кержаковнинг интервьюсини ўқидим. Унинг гапида жон бор. Насруллаев ўтган йили елкасидан жароҳат олгунига қадар даражасини жуда кўтарди. Ҳозир аста-секин яна ўз ҳолатига қайтяпти. Кержаков Насруллаевни олишга жуда яқин эди. Чунки улар Иброҳимхалил Йўлдошевни қайсидир Москва клубларидан бирига ўтказиши керак эди. Унинг ўрнига Александр Кержаковнинг биринчи номзоди Шерзод Насруллаев эди. Футболчимизнинг ўйинини у жуда узоқ кузатганди.

- Шунингдек, футболчиларингизга четдан таклифлар борлиги аниқ. Бу масалада ҳали ҳеч кимга айтмаган янгиликни айта оласизми?
- Футболчиларимизнинг агентлари бор. Яқинда бир агент айтди, Туркия Суперлигасидаги клуб Хусниддин Алиқуловга жуда қизиқиб қолган. Декабрь ойларида футболчимизни кўрикка чақириши кутиляпти. Сумма ҳақида келишилмагану, бироқ Туркия Суперлигасидаги аниқ бир жамоа Алиқуловни кузатяпти. Агент Хусниддинни кўрикка таклиф қилишини менга аниқ айтди. Бундан ташқари, Хусайн Норчаевга Шотландиянинг адашмасам “Килмарнок” клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида ҳам агент менга айтганди.

Жамоамиз ўйинчиларига таклифлар бўляпти. Акмал Мозговойга Россиянинг “Шинник” жамоаси қизиқиш билдирган. Фақат “Насаф”дан эмас, балки бошқа клубларимиздаги юқори даражали футболчилар ҳам бемалол Россия клубларида ўйнай оладилар. Бунга ишончим бор. Санкциялардан кейин Россияни кўпчилик футболчилар тарк этди ва маҳаллий ёшлар ўйнашяпти. Бизни йигитларни ҳам ўша ерга бориб ўйнашга қурби етади.

- Агар келишувга эришилса, клуб уларни сотадими? Қанча нарх белгиланган?
- Албатта. Шу мақсадда йигитлар билан келишиб шартномалар 2, 3 ва 5 йилгача тузилган. Ҳаммасини шартномаси бор. Барчасини клуб ҳал қилади. Жамоа ўзининг сиёсати ва мақсадига қараб амалга оширади. Шартномаларини ўзим кўрмаганману, аммо компенсация ёки қанақадир суммалар кўрсатилган. Ҳамма нарса жамоамиз президентининг назоратида. Сизлар орқали вилоят раҳбариятига, клубимиз президентига қийинчиликлар бўлишига қарамай, бизга яратиб берилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдираман. Қўлдан келганича биз учун ҳар доим ёрдамини аямаган.

“Легионерларимиз бошида келишганида ҳолатлари жуда ёмон эди”

- Сиз легионерларни чертиб-чертиб олардингиз. Аммо охирги пайтларда бу анъанангиздан четга чиқаётгандексиз. Ўтган йили Калудерович билан Смайлагич ўйнаб кетишди. Ҳозирги иккита легионер ҳам маҳаллий ўйинчилардан кучли эмас. Нима, уларни шошма-шошарлик билан олдингларми? Шахсан мен легионерларни “Насаф”га ёрдам бераётганини кўрмаяпман.
- Тўғрисини айтаман, Смайлагични шошиб олдик. Ёдингизда бўлса, трансфер ойнаси ёпиладиган куни бир соат олдин бунга улгуриб қолдик. Норчаев ҳужумда бир ўзи бўлмасин, унга рақобат бўлсин деган мақсадда уни олдик. Смалайгични ўрганиб чиққанимизда “Астана” клубида бўлганига ҳам эътибор қаратдик. Мен Самирни ёмонламаган бўлардиму, аммо бизни футболга киришиб кетиши анча қийин бўлди. Вазиятни тушунган ҳолда жамоа билан шартномани ўзи бекор қилди. Кам ўйнаяпман, жамоага ёрдамим кам тегяпти, деб кетди. Калудерович тажрибали эди. Ёддан чиқармайлик, унинг битта голи бизни финалга олиб чиқди, ОФК Кубогида.

Ўша биргина голи бизга молиявий тарафдан ҳам катта ёрдам берди. Уни биз учун омадсиз трансфер деб айтмаган бўлардим. Ўзбекистон Кубоги ярим финалида ҳам гол урди. Туркманистоннинг “Ахал” клубига қарши учрашувда ҳам гол урди. Хуллас, керакли ва муҳим паллаларда ўзини кўрсатди. Уни чақирганимизда бизга тўпурар бўлиши шарт эмас, бироқ керакли голларни урса бўлди, дегандик ва у вазифани бажарди. Калудеровични олиб қолмоқчи бўлдик. Ёши катталиги учун ва ўзи ҳам бу фаолиятидаги охирги легионер бўлганини айтди ва уйда, фарзандлари ёнида бўлишини хоҳлагани учун кетди.

Бу йилги легионерларни жамоамизда рақобатни кучайтириш учун таклиф қилдик. Ҳеч бирида сен ўйнашинг керак, деб жойни кафолатламаганмиз. Бошида келишганида иккаласининг ҳолати жуда ёмон эди. Машғулотларга қўшилгач, аста-секин яхшиланяпти. Уларнинг ўзлари ҳам бизни футбол қанчалик тезкорлигига амин бўлишяпти. Темпнинг юқорилиги легионерларга бироз қийинчилик туғдиряпти. Ўзи айтяпти, Хорватия, Сербия ва Исроилда ўйнаганимда футбол кучга ишониб, секинроқ ўйналарди, Ўзбекистонда эса футбол темпи юқори экан деяпти.

Шу сабабли бизнинг футболга мослашиш ҳар кимга ҳам эмас. Улар ҳозирча биз билан ва қаердадир ёрдами тегяпти. Олдин ҳам айтгандим, маҳаллий футболчилардан кучли бўлса майдонга тушади, бўлмаса захирада қолиши аниқ. Агар ўйини клубни қониқтирмаса шартнома бекор қилинади, бу шартномада ҳам кўрсатилган. Кимдир ўйнамаслиги мумкин, аммо бу жамоага фойда келтиради, рақобат туфайли. Соғлом рақобат яратишга ҳаракат қилганмиз.

- Қўшимча фикрингиз йўқми?
- Шуни айтишим керакки, футболимизда фақат Суперлига эмас, про лиганинг ҳам даражаси ўсяпти. Ҳамма ўйинлар кўрсатиляпти, ёритиляпти. Бу жуда муҳим. Мухлислар орасида ҳам қизиқиш кўп бўляпти. Суперлигада бугун аниқ кимдир ютади, деб айта олмайсиз. Олдинлари кимдир ютишини билардик. Ҳозир пастки ўриндаги клубларга қарши учрашувларда ҳам қийналасиз. Ҳар йилгига нисбатан бу йилги чемпионат қизияпти. Кутилмган ўйинлар ва кутилмаган натижаларга бой бўляпти. Совринли ўринлар учун ҳам кураш зўр кетяпти. Про лигани ҳам кузатяпман. Футболимиз даражаси ўсяпти.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев суҳбатда анча гапларни айтиб юборди