Фото: Getty Images
Поттер сўнгги йилларда АПЛдаги энг яхши мураббийлардан бири, шунчаки, ўртамиёналарни судраб юриши билан эмас, ўша чекланган имкониятда ҳам топ-клубларга яқин ўйин қура олиши диққатга сазовор. «Брайтон» фақат маълум бир аспектларда эмас, барча жиҳатларда (позицион ўйин, билд-ап, стандартлар, қарши ҳужум, тўп назорати, ҳимоя) ўсишга эришмоқда ва кичик клублар учун катта натижа.
Грэм Поттер аллақачон топ-клублар эътиборига тушган - «Тоттенҳэм» ва «МЮ»да жиддий қизиқишлар бўлганди, ҳатто Англия миллий жамоасида Саутгейтга муносиб ворис бўлиши айтилаётганди. Лекин... Бу хислатлар ҳам «Челси»да муваффақият учун етарли бўлмаслиги мумкин.
Биринчидан. «Брайтон»да ўз аскарларини хотиржам жамоага айлантириш бошқа, Лондонда юлдузлар билан тил топишиш умуман бошқа. Агар пичоққа илинадиган совринлар, ёрқин футболчилик фаолияти ёки айнан ўша клуб билан боғлиқлик бўлмаса, бу ишда ҳеч бўлмаса, етарли вақтга эга бўлиш учун ҳам улкан билим, салоҳият ва кўникмалар талаб қилинади. Поттер бошидан раҳбарият ишончини ва футболчилар хурматини қозониш учун дарҳол нимадир ижобий томонга ўзгариши керак.
Балким, қачондир, бирор топ-клубда, Поттер услубига яқин бўлган мураббий бўшаса-ю, тайёр қурилган тизимни давом эттириш учун у идеал номзод бўларди, лекин сочилиб ётган жамоани қайта бир бутунга айлантириш осон эмас. Табиийки, Поттер учун янгича синов.
Умуман Англияда қўйи жамоаларда муваффақият қозониб, топ-клублардаям ўша даражада ишлаб кетиш ҳолатлари жуда кам. Дарҳол, Давид Мойес ёдга келади.
Рожерс ва Почеттинонинг ишларини яхши баҳолаш мумкин, аммо масалан, Рожерсники бир йилдан узоққа чўзилмаган, Почеттино эса юлдузли жамоага келмаганди. Кейн, Сон каби футболчилар айнан Почеттино даврида юлдузга айланишди, шунинг учун аргентиналик мутахассисга улар билан ишлаш осон бўлган.
Иккинчидан. Биз «Брайтон», «Саутҳэмптон» ёки «Вулвз»даги мураббий ишларига доим эмас, маълум паллаларда, жамоалар юқори спорт формасида бўлганда ёки топ клубларга қарши муносиб ўйнаганда диққат қиламиз. Масалан, «Брайтон» ўтган йили ҳам 8-турдан кейин 4-ўринда турганди. Кейин, маълум муддат 15-ўринга тушиб кетган пайтлар бўлди. Ўнгланиб, 10ликка қайтди ва ҳоказо.
Айтмоқчиманки, кичик клублардаги жараёнлар, пасайишлар босимдан ҳоли кечади, 15-ўринга мос таркибга эга жамоани 12-ўринга олиб чиқдингизми, 8-ўрингами, унча фарқ қилмайди. Ҳар қандай 5 ўйиндан, шартли 2тасини ютиш етарли бўлади.
«Челси»да ундай эмас. Ўша 5 ўйиннинг ҳаммасини ютиш талаб қилинади, ютуқлар эмас, мағлубиятлар таҳлил қилинади, ҳатто жароҳатлар каби объектив сабаблар ҳам инобатга олинмайди.
Учинчидан. Бошқарувда ҳам осон эмас. Муваффақиятсизликка учраб юрган шартли Уэлбекни сотиб оласиз, ўхшаса – ютуқ, ўхшамаса – ўзи Уэлбек бошқа жамоалардаям ўйнолмаётганди, айб футболчида. Бу «Брайтон»да.
«Челси»да эса пул бор, лекин кафолат ҳам керак. Сиз Уэлбекка қарамайсиз, сизга 60 миллион бериб, аниқ ўйнаб кетадиган номзодни сўрашади. Жавобгар бўласиз.
Бунинг устига «Челси» раҳбарлари нафақат мураббийлик, менежерликни ҳам талаб қилишлари, мураббийдан қарор қабул қилиш жараёнларида фаолликни талаб қилишлари ойдинлашди. Масалан, Кунде масаласида «Барселона» билан рақобат пайтида Хави футболчи билан доимий алоқада бўлган, қўнғироқ қилиб, кўндирган. Тухел эса бундай қилмаган, Кундени сотиб олиш талабини қўйиш билангина чекланган. Айтишларича, Боулига мана шу ҳолат ҳам ёқмаган экан.
Тўртинчидан. Поттер мавсум ўртасида келяпти. Яъни, трансфер ойнаси ҳам ўтиб кетди, бошқа мураббий йиққан таркиб унга берилди. Катта эҳтимол, қишда кўп пул бўлмайди, ҳатто келаси ёзда ҳам. Чунки бу йил кўп пул сарфлаб юборилди. Қўл остидаги футболчилар билан натижани яхшилаш керак.
Тен Ҳаг Манчестерга шунга ўхшаш ҳолатда келган, тўғри, лекин муҳим фарқлар бор.
1) Унда АПЛ тажрибаси бўлмаса-да, «Аякс» ўз лигасида барча совринлар учун курашувчи куч. Яъни, 5 ўйинда 5 ғалаба режими нидерландиялик мураббий учун бегона эмас.
2) Манчестер клуби раҳбарияти узоқ вақт ўзини Тен Ҳаг учун тайёрлаган, мослаштирган, трансферлар амалга оширди. Поттер варианти «Челси» хўжайинлари учун бир кунда содир бўлди.
3) Тен Ҳаг анча пасайиб кетган клубга келди. Тухель эса оз ишлаган бўлса-да, ЕЧЛни ютди, кубокларда финалларга чиқди – ўша даража билан солиштирилади, матбуотда, мухлисларда.
Хуллас, синалган топ мураббийлар учун оғирлик қиладиган вазифани Грэм Поттер қабул қилиб олди. Балким, бундай имконият унда бошқа бўлмаслигини ҳис қилгани учун шошилгандир. Мана шу қатъияти учун ҳам унга омад тиласак арзийди.
Қаҳрамон Асланов
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди